Бек 1ТАРБИЯЛАНУВЧИЛАРГА ЯРАТИЛГАН ШАРОИТЛАР ЎРГАНИЛДИ

Бугунги кунда Давлатимиз раҳбари томонидан таълим-тарбия соҳасини тубдан ислоҳ этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Зеро, ҳар қандай давлатнинг равнақи унда етишиб чиққан кадрлар салоҳиятига бевосита боғлиқ экан, барча ислоҳотлар негизида аввало, таълим ва тарбия ётиши кераклигига алоҳида урғу берилмоқда.

Маълумки, ёш авлодни билимли, теран фикрли қилиб тарбиялашда мактабгача таълим тизимининг аҳамияти катта. Шунинг учун таълимнинг ушбу бўғинини малакали кадрлар билан таъминлаш, таълим-тарбия жараёнига замонавий таълим дастурлари ва технологияларни татбиқ этиш, болаларни ҳар томонлама жисмоний ва маънавий ривожлантирш учун шарт шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Халқ депутатлари Кармана тумани Кенгаши депутати, Ёшлар парламенти аъзоси Беҳзод Савуров Кармана тумани Янгиобод МФЙда жойлашган 18-мактабгача таълим ташкилотида бўлиб, у ерда болаларнинг замон талаблари асосида таълим-тарбия олишлари учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди.
Бугунги кунда таълим муассасасида 6 гуруҳда 140 нафар болажонлар тарбияланмоқда. Депутат муассасаси тарбиячи-педагоглари билан суҳбатлашиб, у ердаги мавжуд муаммоларни ўрганди. Шунингдек, ташкилотнинг куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати кўздан кечирилиб, камчиликларни бартараф этиш юзасидан кўрсатмалар берилди.
- Шуни тан олиб айтишимиз керакки, 2019 йилда бўлиб ўтган сайловлар нафақат халқимизнинг дунёқарашини ўзгартирди, балки депутатларимизнинг ҳам ташаббускорлиги ва фаоллиги ошириб, халқни қийнаб келаётган муаммо ва ташвишларга эътиборини орттирди. – дейди МТТ мудираси Назира Бозорова Бугун муассасамизга ташриф буюрган туманимизнинг ёш ва фаол депуталаридан бири Беҳзод Савуров ҳам ташкилотимиз фаолияти билан танишиб, бугунги кунгача ечилмай келаётган баъзи муаммоларимизни ўрганди ва уларни бартараф этиш бўйича мутасадди ташкилотларни жалб этиш борасида ишларни белгилаб олди. Албатта, биз бундан бағоят хурсандмиз. Негаки, юртимиз келажаги ана шундай билимли ва ғайратли ёшлар қўли экан, эртамиз бугунимизданда чиройли бўлишига шубҳа қилмасак ҳам бўлади.
Гуруҳларда бўлаётган машғулотларга иштирок этган Б.Савуров болаларнинг зукколиги ва билимдонлигини синовдан ўтказиш баробарида, уларга турли мавзулардаги қизиқарли китобларни совға қилди.

Туман ҳокимлиги Ахборот хизмати
18.11.2020 йил