Олий таълим ташкилотларининг таълим фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари қабул қилинади.
Вазирлар Маҳкамасининг муҳокама учун эълон қилинган қарори лойиҳасига кўра, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йилнинг 1 августидан бошлаб Вазирлар Маҳкамасининг бошқа давлатларнинг олий таълим муассасаларига Ўзбекистон ҳудудида таълим фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи рухсатномалар бериш ваколатини бекор қилиш ва олий таълим фаолиятини лицензия асосида амалга ошириш тартибини жорий этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилиши мумкин.
Белгиланишича:
а) қуйидагиларнинг таълим фаолияти мулкчилик ва ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан қатъи назар лицензияланади:
Ўзбекистон президенти ёки Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан ташкил этилган маҳаллий олий таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари;
Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари, жумладан давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро битимлар асосида Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида фаолият олиб бораётган Ўзбекистон Республикасининг олий таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари;
Ўзбекистон Республикаси билан ҳамкорликда ташкил этилган олий таълим ташкилотлари, хорижий олий таълим муассасалари ва уларнинг филиаллари;
маҳаллий ва хорижий олий таълим муассасаларининг ўзаро келишуви доирасида амалга оширилаётган қўшма таълим дастурлари ва факультетлар;
б) олий таълим фаолиятига лицензия маҳаллий ва хорижий олий таълим ташкилотлари, ҳамкорликда ташкил этилган олий таълим ташкилотлари, уларнинг филиаллари ва уларда ташкил этилган қўшма таълим дастурлари ва факультетлар томонидан тақдим этилган ҳужжатлар олий таълим фаолиятини амалга ошириш учун белгиланган лицензия талаблари ва шартларига тўла мувофиқ бўлганда, уларнинг ўқув режалари ва дастурлари юзасидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг ижобий хулосаси мавжуд бўлганда Давлат инспекцияси томонидан берилади;
в) олий таълим ташкилотлари ва қўшма факультетлар лицензия олган пайтдан бошлаб 5 йил муддатга, тиббиёт олий таълим ташкилотлари 6 йил муддатга давлат аккредитациясидан ўтган ҳисобланади;
г) таълим фаолияти Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан экспертизадан ўтказилган таълим дастурлари асосида ташкил этилган олий таълим ташкилотлари ва қўшма факультетларнинг битирувчиларига Ўзбекистон Республикасининг давлат намунасидаги олий маълумот тўғрисидаги ҳужжати берилади;
д) қуйидагилар:
рўйхати Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Давлат инспекциясининг қўшма қарори билан тасдиқланадиган халқаро эътироф этилган ташкилотларнинг рейтингида олий таълим муассасалари орасида биринчи 1 000 таликка охирги уч йилда камида бир марта кирган;
Олий таълимда сифатни кафолатлаш Европа ассоциациясининг (European Association for Quality Assurance in Нigher Education) тўлақонли аъзолари – ваколатли ташкилотлар томонидан аккредитация қилинган;
Америка Қўшма Штатлари, Австралия Иттифоқи, Исроил Давлати, Канада, Сингапур Республикаси, Корея Республикаси, Япония давлатларининг ушбу давлатлар ваколатли ташкилотлари томонидан аккредитация қилинган хорижий олий таълим ташкилотлари билан қўшма таълим дастурлари ва факультетлар ташкил этилади.
Манба: Kun.uz