Соғлом ҳаёт сари 5000 қадам
Кармана туманида “Соғлом ҳаёт сари 5000 қадам” шиори остида ўтказилган пиёда юриш марафони эрталабки бадантарбия машғулотлари билан бошланди.
Кармана туман ҳокимлиги, жисмоний тарбия ва спорт туман бўлими ҳамда ички ишлар туман бўлими ҳамкорликда ташкил этилган мазкур пиёда юриш акциясида “Янги авлод” истироҳат боғи олдидан “Ёшлик” стадионигача бўлган масофа босиб ўтилди. Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг жорий қилиш, айниқса, ёшларни спортга бўлган қизиқишларини янада ошириш мақсадида ўтказилган пиёда юриш акциясида ёшу кексалар фаол иштирок этишди.
-Биз ушбу акцияда қатнашиш ихтиёрий эканлигини билсак-да, нафақадаги дўстлар билан бамаслаҳат марафонда қатнашишга аҳд қилдик, - дейди меҳнат фахрийси С.Мамарахимов. – Марафон иштирокчилари орасида биз каби меҳнат фахрийлари, кексалар ва нуронийларнинг кўплигини кўриб соғлом турмуш тарзи ёш танламаслигини англаб етдик. Аслида жисмоний фаоллик, жумладан, пиёда юриш турли хил касалликларга иммунитет ҳосил қилишда кони фойда эканлигини ҳар бир инсон яхши англаши лозим. Пиёда юриш ҳар қандай доридан фойдали эканлигини иштирокчиларга, айниқса, ёшларга намуна қилиб кўрсатганимиздан хурсандмиз. Аслида пиёда юриш ўз соғлигини ўйлаган ҳар қандай ёшдаги инсоннинг кундалик одатига айланиши керак. Ўйлайманки, бугунги оммавий марафон ёшу кексаларга саломатлиги ўз қўлида эканлигини яна бир бор эслатди.
Туман ҳокимлиги Ахборот хизмати
14.11.2020 йил