Пойтахтимиздаги Олимпия шон-шуҳрати музейида Майами-Бич шаҳрида (АҚШ) профессионал бокснинг WBA ва IBF йўналишлари бўйича ярим енгил вазн тоифасида ғолибликни қўлга киритган Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Муроджон Аҳмадалиевни тақдирлаш маросими ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси А.Абдувоҳидов, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари, бокс федерацияси раиси О.Раматов, жисмоний тарбия ва спорт вазири Д.Набиев, Миллий олимпия қўмитаси раиси Р.Шоабдураҳмонов, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, спорт федерациялари раҳбарлари иштирок этди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказишнинг муҳим воситаси сифатида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани, бунинг самарасида Ўзбекистонда кўплаб спорт турлари каби ҳаваскор ва профессионал бокс ҳам ёшлар ўртасида жадал ривожланаётгани таъкидланди.
Бугунги кунда ўзбек бокс мактаби тарбияланувчилари спорт оламининг барча нуфузли мусобақалари – Олимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон ва қитъа чемпионатларида юқори натижаларга эришаётир. Жумладан, 2019 йили Россияда ўтказилган жаҳон чемпионатида терма жамоамиз 3 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза медални қўлга киритди ва умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.
Куни кеча эса Флорида штатидаги Майами-Бич шаҳрида (АҚШ) Муроджон Аҳмадалиев жаҳон бокс уюшмаси – WBA ва халқаро бокс федерацияси – IBF йўналишлари бўйича жаҳон чемпионлиги камарини қўлга киритиб, Ўзбекистонимизнинг номини дунёга яна бир карра юксалтирди.
Президентимизнинг тегишли фармонига мувофиқ, Америка Қўшма Штатларининг Майами шаҳрида профессионал бокс бўйича бўлиб ўтган мусобақада юксак азму шижоат ва маҳоратини намоён этиб, юртимиз бокс спорти тарихида илк маротаба WBA ва IBF йўналишларида ғалаба қозониб, рекорд натижани қайд этгани ҳамда ёшларимизга ибрат намунасини кўрсатиб, улар онгида миллий ғурур, она Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини кучайтириш борасидаги катта хизматлари учун бокс бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Аҳмадалиев Муроджон Қаҳҳор ўғлига “Ўзбекистон ифтихори“ фахрий унвони берилди.
– Президентимизнинг спортчиларга билдираётган катта ишончи, мураббийларнинг маслаҳати ва қўллаб-қувватлаши сабаб ўғлим Муроджон профессионал бокс бўйича жаҳон чемпионига айланди – деди Ойша Фаёзова. – Давлатимиз раҳбарининг фарзандим меҳнатларини юқори баҳолагани ва унга бўлган ишончи билан фахрланаман.
Музаффар спортчимизни рағбатлантириш мақсадида давлатимиз раҳбари номидан Тошкент шаҳрида жойлашган хонадон калити ва “Chevrolet Tracker” автомобили топширилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов сўзга чиқди.
Манба:Uza.uz