Пойтахтимиздаги “Наврўз” тантаналар саройида жорий йил якунларига бағишланган “Миллий спорт мукофоти – 2019” тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Миллий олимпия қўмитаси томонидан ташкил этилган тадбирда йил давомида спортимиз ривожи йўлида меҳнат қилган энг яхши спортчи ва мураббийлар, федерация, ҳакамлар, спорт мутасаддилари, журналист ва масъул ташкилотлар 20 га яқин номинация бўйича тақдирланди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Т.Норбоева ва бошқалар сўзга чиқиб, мамлакатимизда давлатимиз раҳбари томонидан барча жабҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар инсон манфаатлари, халқимизнинг эзгу орзу-истаклари рўёбига хизмат қилаётгани, айниқса, келажагимиз эгалари бўлган ёш авлодни жисмоний ва маънавий етук, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашга қаратилаётганини таъкидлади. Президентимиз томонидан қаратилаётган доимий эътибор яхши самара бераётганини қайд этиб, пировардида, спортчиларимиз Олимпия, Паралимпия, Осиё ўйинлари, қитъа ва жаҳон чемпионатларида муваффақиятли иштирок этаётгани ҳақида тўхталиб ўтди.
Дарҳақиқат, бугунги кунда спортчиларимиз жаҳон ареналарида она Ватанимиз номидан беллашувларга чиқиб, улкан ғалабаларни қўлга киритаётгани, давлатимиз мадҳиясини баралла янгратиб, байроғимизни сарбаланд этаётгани қалбларимизга фахр-ифтихор туйғуларини бағишлайди.
Уларнинг қўлга киритаётган ғалабалари, мамлакатимизда юқори савияда ўтказилаётган спорт мусобақалари ҳамда йил давомида кўплаб истеъдодларни кашф этаётган мураббийлар давлатимиз томонидан доимо эъзозланмоқда.
“Миллий спорт мукофоти – 2019” тақдирлаш маросимида бокс бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси йилнинг энг яхши терма жамоаси, деб тан олинган бўлса, йилнинг энг яхши федерацияси Паралимпия Миллий ассоциацияси, деб топилди.
Шунингдек, спорт соҳасини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун – "Қизилқум-цемент” АЖ, йил кашфиёти – Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси, энг яхши спорт лойиҳаси – “Ҳумо-Арена” кўп тармоқли муз саройи, энг фаол спорт тарғиботчиси – Ҳилола Исоқова, энг яхши спорт журналисти – Зоҳид Каримов, энг яхши спорт шифокори – Суннатилла Юлчиев, халқаро майдонларда ўзбек спортини тарғиб қилгани учун – Элдор Шомуродов, энг яхши паралимпиячи – Тимур Гиязов, энг яхши мураббий – Рустам Мирзадиёров, энг яхши ёш ва истиқболли спортчи – Зайнаб Дайибекова, энг яхши ҳакам – Тоҳир Ғуломов, спорт соҳасидаги кўп йиллик хизмати учун – Оксана Чусовитина, энг яхши аёл спортчи – Дилноза Раҳматова, энг яхши эркак спортчи – Баҳодир Жалолов, дея эътироф этилди.
– Биз не-не улуғ алломаларга бешик бўлган буюк юрт фарзандлари эканимиздан фахрланамиз, боболаримизга муносиб ворис бўлишни бурчимиз, деб биламиз, – деди бокс бўйича жаҳон чемпиони Баҳодир Жалолов. – Мақсадим Токио шаҳрида бўладиган XXXII ёзги Олимпиадада Ўзбекистон спортчилари истеъдоду салоҳиятда, тажриба ва маҳоратда ҳеч кимдан кам эмаслигини ва ҳеч қачон кам бўлмаслигини яна бир бор исботлашдир.
Манба: Uza.uz