Океан орти учун тунги, биз учун эса тонг саҳарда бўлиб ўтган бокс шоусида ҳамюртимиз ким аслида кимлигини яна бир бор исботлади.
Калифорниядаги “Fantasy Springs Casino” аренасида ташкил этилган бокс оқшомида ҳаваскор боксда Олимпиада ва жаҳон чемпионати совриндори Бектемир Мелиқўзиев профессионал боксдаги навбатдаги жангини ўтказди.
Америкалик Ваугин Александерга қарши ва 10 раундга мўлжалланган жангда ҳамюртимиз очколар ҳисобига рақибидан устун келди. Ҳакамлар бир овоздан Бектемирнинг 100:90, 100:90, 100:90 ҳисобларидаги ғалабасини қайд этишди.
Шу тариқа, Мелиқўзиев профессионал боксдаги 4-жангида ўзининг 4-ғалабасини нишонлади. Эътиборлиси, Бектемир аввалги учала жангда ҳам нокаутга эришган.
Мазкур ғалаба эвазига Бектемир “WBA Continental Americas” камари соҳибига айланди.
Манба: Uza.uz