Бирлашган Араб Амирлигининг Абу-Даби шаҳри жиу-житсу бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилди.
Унда дунёнинг 70 га яқин давлатларидан ташриф буюрган сара спортчилар қатнашиб ғолиблик учун ўзаро баҳс олиб боришди.
Абу-Даби шаҳрига 18 нафар спортчи билан ташриф буюрган вакилларимиз якунда бешта медаллар жамланмасига эгалик қилишди.
Мусобақада Мудофаа вазирлиги Таъминот департаменти ҳарбий хизматчиси Анваржон Муқимов ўз вазн тоифаси бўйича рақибларини мағлуб этиб, Ўзбекистон спорти тарихидан жиу-житсу бўйича биринчи жаҳон чемпиони сифатида жой олди.
Терма жамоамиз аъзоларидан Жасур Жўраев, Суҳроб Усмонов ва Хуршид Эшонхўжаевлар ўз вазн тоифасида финалгача муваффақиятли беллашиб, кумуш медални қўлга киритган бўлса, Камол Усмонов ва Руслан Якубовлар бронза медаль билан тақдирланишди.
Шунингдек, дунё биринчилиги совриндорлари сафига қўшилиши учун МВСК аъзоси Асадулло Бозоровга эса бироз омад етишмади. Бозоров жаҳон чемпионатида кучли бешликдан жой олди.
Манба: Uza.uz
7.12.2019 й