ЭЪТИРОФГА ЛОЙИҚ ИСТЕЪДОД ЭГАЛАРИ
Навқирон авлоднинг ҳар томонлама етук ва баркамол бўлиб вояга етишида жисмоний тарбиянинг ўрни беқиёс. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун барча шарт-шароитлар яратилмоқда. Хусусан, анъанавий тарзда умумий ўрта таълими мактаби ўқувчилари ўртасида ўтказилиб келинаётган ёшлик ва спорт байрами — “Умид ниҳоллари” мусобақалари янгидан янги истеъдодларни кашф этиб, уларнинг юксак парвозларида қанот бўлмоқда. Спортнинг 21 тури бўйича ўтказилган бу йилги баҳсларда 55 минг нафар ўғил-қиз қамраб олинганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Беллашувларнинг вилоят босқичида 746 нафар энг муносиб ўқувчи ёшлар сараланди.
Навоий шаҳридаги “Ёшлар” спорт мажмуасида ушбу спорт мусобақаларининг финал босқичи ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Қ. Акмалов иштирок этиб, вилоят ёшларини ёшлик ва спорт байрами билан муборакбод этди. Жаҳон ва қитъа чемпионлари спортсевар ёшларга ўз дил сўзларини изҳор этиб, эришган барча ютуқ ва марраларида мазкур мусобақа энг асосий пиллапоя вазифасини ўтаганини таъкидлашди.
— Ушбу спорт беллашувларида бокс бўйича иштирок этиб, 2-даражали диплом билан тақдирландим, — дейди Кармана туманидаги 3-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси Диёрбек Амонов. — Мусобақаларга пухта тайёргарлик кўрган эдим. Бироқ, конимехлик рақибимнинг тажрибаси юқорилиги боис финалда имкониятни бой бердим. Мен бундан асло хафа эмасман. Спорт биз, ёшларни дўстлаштирди, янада бирлаштирди. Ўзимнинг камчиликларимни тўғри англадим. Мақсадим, юртим шаъни учун рингга кўтарилиб, ўзбекнинг енгилмас ўғлони эканимни исботлайман.
Дўстлик байрамига айланиб кетган маросимда ғолиб жамоалар муносиб тақдирланди. Натижаларга кўра, 1-ўринни эгаллаган Навоий шаҳри ўғил-қизларига Президент совғаси — “Дамас” автомобили, кубок ва диплом тантанали равишда топширилди. 2-3-ўринларга Зарафшон шаҳри ҳамда Хатирчи тумани жамоалари сазовор бўлди.
Таниқли санъаткорларнинг куй-қўшиқлари тадбирга ўзгача файз улашди.
Ёшлик ва спорт байрамида вилоят ҳокими К. Турсунов иштирок этди.
Нуриддин РАҲИМОВ.
Сурат муаллифи
Сирож АСЛОНОВ.
25.05.2018