8 га футболҲУДУДИЙ БЕЛЛАШУВЛАРДАН РЕСПУБЛИКА МУСОБАҚАЛАРИГА

Фуқаролар йиғинлари қошида “Вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт масалалари бўйича комиссияси”нинг иш бошлаши айни муддао бўлди.

Негаки, унинг фаолияти ҳудуддаги вояга етмаганлар ва ёшларнинг баркамол авлод бўлиб улғайишларига, уларни соғлом турмуш тарзига, жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишга кенг жалб қилишга, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга кўмаклашишдан иборатдир.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика Кенгашининг спортнинг бир неча турлари бўйича мусобақалар ўтказиш Низоми ишлаб чиқилган.

Мусобақалар Низомига мувофиқ барча спорт турларининг биринчи босқичи маҳалла ва ҳудудлар кесимида, иккинчи босқичи туман, учинчи босқичи эса вилоят миқёсида ўтказилиши белгиланган.

Жорий йилнинг 20 июнидан 9 июлига қадар бўлиб ўтган маҳалла ва ҳудудлар кесимидаги мусобақаларда жами 10 минг нафардан ортиқ болалар, кам таъминланган оилаларнинг 200 нафардан зиёд фарзандларининг иштироки таъминланди. Жумладан, футбол мусобақаси ёзги таътилни ўтказаётган 5967 нафар болани қамраб олди.

10 июль куни старт олган “Футболимиз келажаги” ўйинларининг туман босқичи қизиқарли ташкил этилди. 9-10 ёшли болалар ўртасидаги спорт мусобақасида Тошработ МФЙ болалар футбол жамоаси, 11 июль куни Дўрман ҳудудида 11-12 ёшли болалар ўртасидаги мусобақада Гурда МФЙ болалар футбол жамоаси, 13 июль куни Жалойир ҳудудида 13-14 ёшлилар ўртасида ўтказилган мусобақада “Кумушкон” МФЙ болалар футбол жамоалари ғолиб деб топилиб, мусобақанинг вилоят босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритдилар.

Спортнинг бошқа турлари бўйича мусобақаларнинг туман босқичи ҳам уюшқоқлик билан бўлиб ўтди.

Шахмат-шашка бўйича “Биз ақлидрокли оилалармиз” оилавий мусобақасида “Азамат” МФЙдаги Яллаевлар, “Соғлом оила” шиори остида “Отам, онам ва мен — спортчи оила” мусобақасида Янгиариқ МФЙдан Жумаевлар оилалари, “Маҳалламиз бадминтончилари” спорт ўйинларида Алишер Навоий МФЙ жамоалари ғолиб бўлиб, вилоят босқичига йўлланма олишди.

Ғолиблар “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан дипломлар ва эс­далик совғалари билан тақдирланишди.

Алишер КЕНЖАЕВ,

Фуқароларнинг ўзини ўзи

бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман Кенгашининг Ёшлар билан ишлаш

бўлими бош мутахассиси.

25.07.2017