ТУМАНДОШЛАРИМИЗ – “КИЧИК ОЛИМПИАДА” ҒОЛИБЛАРИ
Хабарингиз бор, Жиззахда бўлиб ўтган “Баркамол авлод” республика мусобақалари 1500 нафардан зиёд лицей ва касб-ҳунар коллежи ўқувчилари орасидан энг кучли, эпчил ва чаққон ҳамда зукко спортчиларни саралаб берди.
Cпортнинг 17 турида бўлиб ўтган мусобақаларда навоийликлар 17 та олтин, 15 та кумуш, 18 та бронза, жами 50 та медаль соҳиби бўлишди. Ғолибликни қўлга киритганлар орасида карманалик ёшларнинг ҳам борлиги биз учун фахр, албатта. Жумладан, Кармана иқтисодиёт ва саноат касб-ҳунар коллежининг 2-босқич ўқувчиси Аббос Нуруллаев 800 метрга югуришда ва 4х400 эстафетада 1-, 400 метрга югуришда эса 2-ўринни эгаллади. Шунингдек, ушбу коллежнинг яна 2 нафар ўқувчиси, Шибзон маҳалласида яшовчи эгизаклар Фотима ва Зуҳра Бобоқуловалар ҳам спортнинг енгил атлетика турида кумуш ва бронза медалларини қўлга киритдилар. Умуман олганда, енгил атлетикачиларимиз 3 йил аввал умумжамоа ҳисобида 14-поғонага тушиб қолган бўлса, жорий йилда 2-ўринга эга бўлишди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Тошкент шаҳри, Андижон ва Самарқанд вилоятларидан кейин 4-натижани кўрсатган вилоятимиз спортчилари орасидан теннис, бадминтон, таэквондо ВТФ, оғир атлетика бўйича совриндорлар кузатилмади. Бу мазкур спорт турларига кўпроқ эътибор қаратиш лозимлигини кўрсатади.
Эслатиб ўтамиз, “Кичик олимпиада” дея таъриф бериладиган навбатдаги “Баркамол авлод” ўйинларига Қашқадарё вилояти мезбонлик қилади.
БЕКПЎЛОТ БЎРОНОВ,
Кармана саноат ва иқтисодиёт
касб-ҳунар коллежи махсус фан ўқитувчиси.
12.06.2017