Ўтаётган ҳафтанинг сешанба кунида туман ҳокимлиги биносида халқ депутатлари Кармана тумани Кенгашининг навбатдаги эллик бешинчи сессияси бўлиб ўтди. Уни Кенгаш раиси Ф.Умаров бошқариб борди.
Сессия ишида депутатлар, туман ҳокими ўринбосарлари, ташкилот ва корхоналар раҳбарлари иштирок этишди.
Даставвал кун тартибидаги масала – туманда бюджет даромадлари базасини ошириш тўғрисида туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж. Бобомуродовнинг ҳисоботи тингланди.
Таъкидланишича, жорий йилнинг январь-сентябрь ойлари учун туманимизда давлат бюджетига тушумлар 199,6 миллиард сўмни ташкил қилган ҳамда режа-топшириқ 133,7 фоизга бажарилган. Шунингдек, ҳисобот даврида маҳаллий бюджетнинг даромадлар қисми 13,8 миллиард сўмга бажарилиб, бюджетга ортиқча равишда 1,4 миллиард сўм маблағ туширилиши таъминланган. Бундан ташқари, ўтган 9 ой давомида туманимизда аҳоли саломатлигини таъминлаш ишларига 15,5 миллиард сўм, маданият ва спорт харажатларига 1,5 миллиард сўм ажратилган. Халқ таълими муассасалари ходимлари иш ҳақи ва ажратма тўловларини ўз вақтида маблағ билан таъминлаш мақсадида эса вилоят маҳаллий бюджетидан 35,3 миллиард сўм сарфланган.
Бугун аҳоли бандлигини таъминлаш, ҳар бир оиланинг даромадини ошириш, хусусий секторни ривожлантириш орқали янги иш ўринларини яратиш муҳим масалалардан бири ҳисобланади. Туманимизда ҳам бу борада самарали ишлар олиб борилмоқда. Сессия ишида депутатлар туманда янги иш ўринларини ташкил этиш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари бўйича ишлар натижадорлиги тўғрисидаги масалани ҳам кўриб чиқдилар. Бу бўйича барча секторлар мисолида маълумотлар берилди. Шунингдек, туман Бандликка кўмаклашиш маркази директори М. Шарипова сўзга чиқиб, амалга оширилган ишлар, жамоат ташкилотлари ва бошқа мутасаддилар билан ҳамкорликда бажирилиши лозим бўлган галдаги вазифалар хусусида тўхталиб ўтди.
Ҳозирги кунда туманимизда 28448 нафар томорқа ер эгаси истиқомат қилади. Аммо уларнинг барчаси ҳам ўз томорқасидан унумли фойдалана олаяптими? Агар ушбу томорқа ер эгаларининг ҳар бирида ўртача 5 сотих экин майдони мавжуд бўлса, бу жами 1400 гектардан ортиқни ташкил этади. Бу экин майдонларидан унумли фойдаланилса, қанча қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштириш мумкинлигини тасаввур қилиш қийин эмас.
Кун тартибидаги навбатдаги масала шу хусусида бўлди. Туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари С. Сатторов деҳқон хўжаликлари ва томорқа ерларидан унумли фойдаланиш, тўқсонбости экинлари экиш юзасидан бажарилган ишлар тўғрисида маълумот берди.
Шунингдек, сессия ишида туманда туризм соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида туман ҳокими ўринбосари Р. Темировнинг, туман аҳолисини ҳамда ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш даврида иссиқлик ва электр энергияси билан таъминлашни янада такомилаштириш тўғрисида туман ҳокими ўринбосари Д. Эргашевнинг ҳисоботи тингланди.
Кун тартибидаги барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
А. ФАЙЗУЛЛАЕВА.
04.10.2018