anjumanНавоий шаҳридаги “Ёшлар маркази”да Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 12 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг мазмун-моҳияти юзасидан оммавий ахборот воситалари ходимлари учун матбуот анжумани ташкил этилди.

Унда вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Б. Қутлимуратов ушбу ҳуқуқий ҳужжатнинг аҳамияти, тадбиркор ва ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари учун қайд этилган енгиллик ҳамда қулайликлар ҳақида маълумот берди.

Жумладан, 2018 йил 1 июлдан товарларни божхона режимларига жойлаштириш ҳамда хорижий автоташувчиларнинг мамлакатимиз бўйлаб ҳаракатланиш маршрутларини ўзгартиришга божхона органлари томонидан бериладиган рухсатномалар бекор қилинади. Айнан бир хил товарларнинг божхона расмийлаштируви ташқи савдо шартномаси доирасида даврий декларацияларни тақдим этиш йўли билан амалга оширилади. Ташқи савдо шартномаси доирасида ўсимлик, ҳайвонот дунёси объектларини олиб кириш ва чиқиш, маҳсулотларга мувофиқлик, ветеринар, гигиеник ва экологик сертификатлар, карантин рухсатномалар бир йилдан ошмаган муддатга бир маротаба тақдим этилади.

— Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари божхона брокерларига мурожаат қилмасдан юк декларацияларини интернет тармоғи орқали аниқ вақт режимида тўлдириш ва тақдим этиш ҳуқуқи берилди, — дейди вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати ходими Н. Раҳмонова. — Божхона омборида 3 йилдан ортиқ сақланиб келинаётган мол-мулклар божхона органлари томонидан ушлаб қолинади ва улар уч ой давомида талаб этиб олинмаган тақдирда, суд қарори асосида давлат фойдасига мусодара қилинади. Яна шунингдек, фармон билан 26 январь – Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати ходимларининг куни этиб белгиланди. Бундан ташқари, моддий рағбатлантириш ва интизомий жазо чораларини мувозанатли қўллаш имконини берувчи божхона постлари ходимларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонлари ишлаб чиқилади.

Тадбирда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.

Хуршида НАРЗИЕВА.

27.04.2018