DSC 0014Навоий педагогика ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида масъул ташкилотлар мутасаддилари, маҳалла фуқаролар йиғинлари вакиллари иштирокида ҳудуд сектор раҳбарларининг ҳисоботи тингланди.
“Маҳалламизни жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантирамиз” мавзусида ўтказилган тадбирни вилоят ҳокими К.Турсунов олиб борди. Йиғилишда асосий эътибор туманда жиноятчиликнинг ортиб бораётгани, унинг олдини олишда қандай таъсирчан усулларни қўллаш лозимлигига қаратилди.
Жорий йилнинг ўтган даврида 38 та маҳаллада 350 тадан ортиқ жиноят содир этилган. Ҳудудда ўғирлик, қўшмачилик, қасддан одам ўлдириш, фоҳишахона сақлаш, вояга етмаганлар ўртасидаги жиноятлар ҳамда ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ошганлиги қайд этилди. Шунингдек, муқаддам судланганлар, фарзанд тарбиясига беэътибор ота-оналар, хотин-қизлар томонидан амалга оширилган жиноятлар ҳам кўпайган.
Сектор раҳбарлари олиб борилаётган ишлар хусусида ахборот бераркан, туман ҳокимлиги, ички ишлар, прокуратура, солиқ идораларининг жамоат ташкилотлари ҳамкорлигидаги чора-тадбирлари ижобий натижа бераётганлигини таъкидлашди. Жумладан, ҳар куни ўтказилаётган тунги рейдлар орқали вояга етмаганларнинг кечки вақтда кафе ҳамда барлар ва бошқа масканларда юришининг олди олинмоқда. Маҳалланинг ўзида кенг жамоатчилик иштирокида сайёр суд мажлислари ўтказилаётгани жойларда жиноятчилик камайишига олиб келаяпти. Бундан ташқари, аҳоли билан юзма-юз мулоқотларда учраётган масалалар жойида ечим топаётир.
Шунга қарамай, айни пайтда ҳудудда жиноятчиликнинг сезиларли равишда камайиши учун нафақат маҳаллалар кесимида, балки туман миқёсида ҳам самарага эришиш бош мақсад саналади. Бу эса тегишли ташкилотлар билан бирга аҳолининг ҳам зиммасига катта масъулят юклайди.
— Ўғирлик жиноятининг кўпайишига баъзан фуқароларнинг ўзи сабабчи бўлмоқда, – деб таъкидлади ўз ҳисоботида туман ИИБ раҳбари У.Адизов. – Мисол учун, айримлар кечки вақт автомашинасини дарвозахонасининг ташқарисида қолдиради. Ёки шунга ўхшаш бир қатор ҳолатлар бор. Бу билан улар ўғирлик жинояти учун қулай шароит яратиб беришади. Бунинг олдини олиш мақсадида ходимларимиз кўчама-кўча юриб, аҳолига тушунтиришлар олиб бораяпти. Бироқ, маҳалла посбонлари, депутатлар негадир бу каби масалаларга лоқайд қарашмоқда.
Тадбирда иштирок этган вилоят прокурори Х.Каримов лоқайдлик турли жиноятларга сабаб бўлаётгани ҳақида гапираркан, яқинда Зарафшон шаҳрида юз берган ҳолат тўғрисида гапирди. Кўпқаватли уй ертўласида ишратбозлик қилган бир гуруҳ шахслар мастлик оқибатида шерикларидан бирини ўлдириб қўйишади ва воқеа жойини тарк этишади. Гарчи улар ўликни бу ердан олиб чиқишга уринишсада, буни уддалай олишмайди. Фақатгина уч кундан сўнг ўликдан тарқалган қўланса ҳид туфайли аҳоли ертўладаги нохушликни пайқайди. Хўш, бундай лоқайдликка қандай баҳо бериш керак?
Йиғилишда жиноятчиликнинг келиб чиқаётганига асосий сабаблар ишсизлик, бекорчилик эканлиги муҳокама қилинди. Аҳолини иш билан таъминлаш масаласига жиддий ёндашиш кераклиги айтилди. Туманда аҳолини жамоат ишларига жалб этиш туфайли уларга давлат томонидан яратилган махсус фонд орқали иш ҳақи тўланаётгани, мазкур тизимни самарали ташкил этиш лозимлигига аҳамият қаратилди.
Туманимизда 30 ёшгача бўлган 62 минг нафар фуқаролар истиқомат қилади. Содир этилаётган жиноятларнинг 40 фоизи айнан шу ёшдагилар билан боғлиқ. Бу борада олиб борилаётган ишлар хусусида туман ҳокими ҳамда ички ишлар бўлими бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари ҳисоботи тингланди. Ушбу масалада бажарилиши лозим бўлган аниқ таклифлар ўртага ташланди. Бугунгача олиб борилган ишлар натижасида ҳудудда 2879 нафар уюшмаган ёшлар борлиги аниқланиб, улар билан биргаликда аниқ чора-тадбирлар асосида иш олиб борилаётганлиги айтилди.
Хотин-қизлар жинояти ҳам туманда долзарблигича қолмоқда. Ҳудудда бугунгача жиноятчиликка мойил хотин-қизлар рўйхати шакллантирилиб, унга 77 та оила вакиллари киритилган. Ҳозирда туман хотин-қизлар қўмитаси томонидан айнан шу тоифадаги аҳоли, муқаддам судланганлар, нотинч оилалар билан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Вилоят ҳокими маҳаллаларда жиноятларнинг олдини олиш энг аввало, профилактика инспекторлари зиммасидаги вазифа эканлигини таъкидларкан, йил якунида ҳар бир маҳалла инспектори фаолияти алоҳида муҳокама қилинишини айтиб ўтди.
Йиғилишда жиноятчилик кескин ошган Кўҳнақўрғон, Бешкент, Талқоқ маҳаллалари юзасидан алоҳида муҳокама бўлиб ўтди. Ушбу маҳаллалар раислари ҳамда посбонларининг ҳисоботлари тингланди. Фаолияти қониқарсиз, деб топилган бир неча масъуллар лавозимидан озод этилди.
Йиғилиш давомида аҳоли томонидан бир қатор масалалар ўртага ташланиб, уларнинг ечимлари борасида тегишли масъулларга топшириқлар берилди.
Озод МУСТАФОЕВ.

25.12.2017