“ХАЛҚ ҚАБУЛХОНАСИ”ДАН МИННАТДОРМИЗ

qabulxona virtual 2 0 Мамлакатимизда барча соҳаларда мисли кўрилмаган юксак ўзгаришлар, бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Хусусан, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони  ислоҳотлар замирида инсон омили, унинг ҳуқуқ ва эркинлигининг ҳимояси ётганлигининг ёрқин далилидир.

Бугун фармон ижроси доирасида туманимизда ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Халқ қабулхонаси” фаолиятидан аҳоли мамнун. Мазкур муҳим ҳужжат ҳар бир раҳбардан одамлар дарди билан яшаш, уларнинг муаммоларини ўз вақтида ҳал этиб, фаровон турмушини таъминлашни кафолатламоқда. Шунингдек, халқ билан доимий равишда мулоқот қилиш, уларнинг мурожаат ва шикоятларини тинглаб, камчиликлари шу ернинг ўзида бартараф этилаётгани ҳам аҳоли ишончини янада оширмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Президентимиз томонидан изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар, энг муҳими, “Халқ қабулхонаси” жамиятимизда ўзига хос жўшқинликни юзага келтирди. Эндиликда фуқароларимиз дуч келаётган қийинчиликлари, шикоят ва таклифларини очиқ-ойдин баён этишмоқда. 

Туман “Халқ қабулхонаси” ўз фаолиятини бошлагандан буён бугунги кунгача 232 та жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари рўйхатга олинган. Шундан 31 таси ўз ўрнида ҳал этилиб, мурожаатлар тегишли тартибда назоратдан чиқарилган. Шунингдек, 126 нафар фуқарога мурожаат қилиш тартиблари юзасидан ҳуқуқий маслаҳатлар ва тушунтиришлар берилган.

Мурожаатларнинг аксарияти уй-жой, моддий ёрдам, иш билан таъминлаш, нафақа таъминоти, тиббиёт каби ижтимоий соҳаларга тааллуқли муаммолар юзасидан бўлса, фуқароларнинг ички ишлар идораларининг тергов-суриштирув, суд ҳукмидан норозилиги, яъни ҳуқуқий манфаатлари ҳимояси бўйича мурожаатлар ҳам кам эмас. Шуни ҳам айтиш керакки, мурожаатларда келтирилган ҳолатларнинг аксари мутасаддиларнинг эътиборсизлиги, лоқайдлиги ёки масъулиятсизлиги оқибатида юзага келган, яъни ўз жойида ва ўз вақтида барҳам бериш мумкин бўлган муаммолардан иборатдир.  

— Тадбиркорлик билан шуғулланиб, иссиқхона ташкил қилиш ниятида эдим. Аммо банк ходимлари мени бир ой давомида кредит масаласида сарсон қилишди. Ахийри, ҳаммасига қўл силтаб қўйдим, — дейди Элдор Элиев. — Тадбиркорлик ҳам орзулигича қолди деб ўйлагандим. Шунда Президентимизнинг “Халқ қабулхонаси” жонимга аро кирди, мурожаатим бир ҳафтада ҳал бўлди. Бу эса муҳтарам Президентимизнинг олиб бораётган оқилона сиёсатига ишонч ва ихлосимни янада оширди. Катта-кичик барча раҳбарлардан фақат ва фақат халқ дарди билан яшашни талаб қилаётган давлатимиз раҳбаридан ғоятда миннатдорман.

Ҳа, бугун давлат органларининг фуқаро билан ўзаро муносабатлари, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг янги механизми ва самарали усулини жорий этиш мақсадида яратилган бу тизим халқ билан мулоқот имкониятларини янада кенгайтириш билан бирга аҳолининг узоғини яқин қилиб, уларга қатор қулайликлар яратмоқда.

Шу ўринда тумандошларимиз “Халқ қабулхонаси”га мурожаат қилишда айрим жиҳатларга эътибор қаратсалар мақсадга мувофиқ бўларди. Биринчи навбатда, мурожаат қилувчилар қабулхонага паспорт ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлари билан келишлари лозим.

Иккинчидан, барча даражадаги “Халқ қабулхонаси” мурожаатларни қабул қилиш, кўриб чиқишда бир хил ҳуқуқ ва ваколатларга эга. Қабулхона ходимлари Ўзбекистон Республикаси Президенти девони ходимлари ҳисобланади. Шунинг учун фуқаролар аввало, ўзлари яшаб турган туман, шаҳардаги “Халқ қабулхонаси”га мурожаат қилсалар, ўртага қўйилаётган масалага ўша ҳудуднинг ўзида тезкор ечим топиш имконияти ошади. Туман, шаҳар “Халқ қабулхонаси” мудири келиб тушган мурожаат ечими юзасидан нафақат ўша ҳудуд, балки вилоят миқёсидаги ташкилотларга ҳам чиқиши мумкин. Яна бир муҳим масала — қабулхоналарга мурожаат қилиш, мутахассислардан ҳуқуқий маслаҳат ва тавсия олишда ҳеч қандай тўлов амалга оширилмайди.

Мухтасар айтганда, “Халқ қабулхонаси” одамларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишдан ташқари, ҳуқуқий онг, юксак маданиятни шакллантирувчи ўзига хос мактаб сифатида ҳам муҳим аҳамият касб этаётир.

Умид ХУДОЙҚУЛОВ.

03.04.2017