ЁШЛАР МАСАЛАЛАРИ БЎЙИЧА МАСЛАҲАТЧИ САЙЛАНДИ
Мамлакатимизда маҳалла азалдан тарбия ўчоғи ҳисобланади. Асрлар силсиласидан ўтиб, бизгача етиб келаётган миллий қадриятларимиз, халқимизнинг турмуш ва тафаккур тарзини кўз қорачиғидек асраб-авайлашда унинг ўрни ва аҳамияти беқиёс.
Президентимизнинг жорий йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони маҳалланинг жойлардаги долзарб масалаларни самарали ҳал қилишдаги ролини ошириш, уюшмага бирлашиш ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни белгилаб берди.
Тизимдаги ислоҳотларни янги босқичга кўтаришда муҳим омил бўлиб хизмат қилаётган ушбу фармон асосида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгашида ташкилий ишлар ва услубий масалалар бўйича раис ўринбосари, шунингдек, Республика кенгаши ҳамда ҳудудий кенгашларда ёшлар ишлари, диний-маърифий масалалар, кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича раис ўринбосарлари лавозимларини, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида жамоатчилик асосида фаолият юритадиган маҳалла фуқаролар йиғини раисининг ўринбосари – ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчи лавозимини жорий этиш назарда тутилган эди.
Мазкур фармонда белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда туманимизнинг Талқоқ маҳалла фуқаролар йиғинида жамоатчилик асосида фаолият юритадиган маҳалла фуқаролар йиғини раисининг ўринбосари – ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси ҳамда кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича раис ўринбосарлигига намунали тарзда сайлов бўлиб ўтди.
Унда ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчи этиб, Саматжон Рўзиев сайланди. Кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича раис ўринбосарлигига эса Исроил Ёдгоров номзоди сайловда иштирок этган вакиллар томонидан маъқулланди.
Мазкур тадбирда туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Г. Шерматова ҳамда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси етакчи мутахассиси Ф. Худойбердиев иштирок этди.
Фуқаролар йиғинлари раислари ўринбосарлари — ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчи лавозимлари таъсис этилганлиги нафақат маҳалла, балки “Маҳалла посбони”нинг фаолиятига ҳам янгича қараш киритилганини англатади. Негаки, маслаҳатчилар билан биргаликда жамиятда турли мафкуравий таҳдидларнинг ўз вақтида олдини олиш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг диний тушунчасини шакллантириш, уларни Ватанга садоқат, элу юртга муҳаббат руҳида ўстириш, илму маърифатли, касб-ҳунарли қилишда посбон зиммасидаги масъулият ҳам ортди.
Туманимизнинг барча маҳалла фуқаролар йиғинларида сайловлар давом этмоқда.
Умид ХУДОЙҚУЛОВ.
27.03.2017