ХАЛҚ ҚАБУЛХОНАСИ — ЭЗГУ МАҚСАДЛАР   РЎЁБИ

qabulxona 1 0                             
     Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилни “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилганлиги юртдошларимиз турмуш тарзини янада янги босқичга кўтарди.

Юртимизнинг халқпарвар, одамохун эканлигини, айниқса, давлатимиз раҳбарининг шу юрт, шу миллат, ўз фарзандларининг эртанги кунини, келажагини ўйлаётганлигини кўриб, барчамиз бирдек ғурурланмоқдамиз, ҳам бундай юксак эътибордан руҳланаяпмиз. Ҳа, бугун барча соҳаларнинг изчил ривожланаётганлиги, халқимиз турмуш фаровонлигини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар одамларнинг кайфиятини кўтариб, эртанги кунга ишончини мустаҳкамламоқда. Айниқса, Президентимизнинг виртуал қабулхонаси одамлар оғирини енгил қилиш, уларнинг муаммоларини ҳал этишда муҳим аҳамият касб этаётир. Шунинг натижаси ўлароқ мамлакатимизда давлат органлари билан аҳоли ўртасида мулоқотни такомиллаштириш бўйича ўнлаб қонунлар, меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди. Юртдошларимиз бугун мамлакатимизнинг барча туман ва шаҳарларида ташкил этилган “Халқ қабулхонаси”га ўз таклифларини, муаммо ва камчиликларни очиқ-ойдин билдирмоқдалар. Жорий йилнинг 4 март кунидан туманимизда ҳам “Халқ қабулхонаси” ўз иш фаолиятини бошлади. Мухбиримиз мазкур қабулхона мудири Илҳом Раззоқов билан суҳбат уюштирди.
— Илҳом Ойдинович, энг аввало, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳияти хусусида тўхталсангиз.
— Фармонда белгиланган устувор вазифа ва мақсадларни бекамукўст бажариш учун бугун барча ҳудудларда “Халқ қабулхонаси” ташкил этилмоқда. Мазкур Фармон талабларидан келиб чиққан ҳолда аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишга қаратилган, уларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг сифат жиҳатидан янги ва самарали тизими фаолиятини таъминлаш, фуқароларнинг давлат бошқарув ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига мурожаат қилишга оид конституциявий ҳуқуқларининг сўзсиз амалга оширилиши учун шароит яратиш “Халқ қабулхона”лари ва виртуал қабулхонанинг асосий вазифалари этиб белгиланди.
Бир сўз билан айтганда, Президентимизнинг ушбу Фармони юртимизда фуқаролик жамиятини барпо этиш, аҳоли ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, барча даражадаги давлат органлари фаолиятини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
— “Халқ қабулхонаси”га аҳоли томонидан асосан қайси йўналишларда мурожаатлар келиб тушмоқда?
— Фаолиятимизни 4 мартдан бошлаган бўлсак, ҳозирги кунга қадар 20 та ариза ва шикоят келиб тушди. Мурожаатларнинг асосий қисми ишга жойлаштириш, бандлик масаласида. Яна тадбиркорлик, яъни банкдан кредит олишдаги муаммолар ва ишлаётган ташкилот ёки корхонасида ойлик маошлари вақтида тўланмаётганлиги тўғрисида. Мазкур мурожаатларнинг 10 таси ўз жойида ечимини топган бўлса, қолганлари ҳам тез орада ижобий ҳал этилади.
Ҳозирда қабулхонамизда тўрт киши фаолият юритади. Бу ерда фуқароларни қабул қилиш, мурожаатларни кўриб чиқиш ва сақлаш хоналари мавжуд бўлиб, уларнинг барчаси замонавий ахборот технологиялари билан жиҳозланган. Шунингдек, она ва бола, тиббиёт хоналарида зарур шароит ва қулайликлар яратилган.
— Фуқаролар қабулхонага мурожаат қилаётганида кўпроқ нимага аҳамият қаратиши лозим?
— Фуқаролар томонидан бир мурожаатда мазмуни бўйича битта масала кўтарилгани маъқул. Агар масалалар кўп бўлса, уларнинг ҳар бирини алоҳида мурожаат сифатида юбориш мақсадга мувофиқ. Шунда уларнинг ечимини тезкор назорат қилиш осонроқ бўлади. Мурожаат матни қисқа, лўнда ва чиройли қилиб ёзилиши керак. Мурожаат қанчалик узун баён этилгани муаммони шунчалик тез ҳал қилади дегани эмас. Агарда қўшимча маълумот керак бўлса, мурожаатчидан бемалол сўраб олиниши мумкин.
Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, аҳоли томонидан келган мурожаатлар тегишлилигига қараб шу масалага дахлдор давлат бошқарув органларига ёки хўжалик бошқарув идораларига ижро учун юборилади. Мурожаатларнинг ижроси қонунда белгиланганидек 15 кун муддатда, агар муаммода кўтарилган масала қўшимча ўрганиш талаб этса, ижрочиларнинг илтимосига қараб бир ой муддатда ҳам кўриб чиқилади.
Умид ХУДОЙҚУЛОВ
ёзиб олди.

14.03.2017