70 77Ўқув семинари бўлиб ўтди


Бугун Кармана туманида “Куйдирги ва Қрим-Конго гемаррагик касалликлари ҳамда уларнинг олдини олишга қаратилган устувор вазифалар” мавзусига ўқув семинари бўлиб ўтди. Кармана туман Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими, туман Фавқулодда вазиятлар бўлими, туман Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамда туман Тиббиёт бирлашмаси “Тез тиббий ёрдам” бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган ўқув семинарида ҳамкор ташкилотлар мутахассисларидан ташқари тумандаги чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари, оилавий ва хусусий корхоналарнинг раҳбарлари, масъул ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Семинарнинг биринчи қисми даставвал тумандаги “Канс-маркет” тижорат корхонасига қарашли чорвачилик комплексида ўтказилди. Унда юқумли касалликларнинг келиб чиқиш сабаблари, уларнинг салбий оқибатларининг олдини олиш чора-тадбирлари бўйича назарий тушунчалар берилди. Сўнгра касаллик аниқланганда амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар малакали мутахассислар томонидан семинар иштирокчиларига атрофлича тушунтирилди.


-Куйдирги ҳамда унга турдош бўлган Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги қўзғатувчиларининг асосий манбалари чорва моллари ҳисобланади, - дейди Кармана туман Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими раҳбари Азиз Пирназаров. - Илмий манбаларда куйдирги касаллиги бактериясининг спорали шакли ташқи муҳитга ўта чидамли экани қайд этилган. Ушбу касаллик бактерияси юз йилгача тупроқда тирик сақланиши мумкин. У ўсимликлар орқали ҳайвонлар организмига тушгач тез ривожланади ва ҳайвон маҳсулотлари орқали одамларга юқади. Қрим-Конго геморрагик иситмаси эса чорва молларида учрайдиган каналар орқали тарқалади. Куйдирги касаллигининг асосий белгиси баданда яра пайдо бўлади. Қрим-Конго геморрагик иситмасида эса ҳарорат кўтарилиб, баданга тошмалар тошади, заҳарланиш аломатлари намоён бўлади, қон кетади. Бундай ҳолатларда зудлик билан тиббиёт ходимларига мурожаат қилиш зарур. Ҳар қандай эътиборсизлик ёки ўзича даволаниш инсоннинг ҳаётига жуда жиддий хавф туғдиради.
Семинарда “касаллик аниқланган бемор”га биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатиш, касаллик аниқланган ҳудудни карантинга олиш ва дезинфекция ишлари олиб бориш амалий машқлар ёрдамида кўрсатиб берилди.
- Туман ҳокими - Фуқаро муҳофазаси бошлиғининг 2021 йил 28 майдаги 10-сонли буйруғидаги белгиланган вазифаларни бажаришга қаратилган мазкур семинарда туман ҳудудида ўта хавфли юқумли касалликлар тарқалиши билан боғлиқ фавқулодда вазиятлар содир бўлганда олиб бориладиган тезкор ҳаракатлар кўргазмали тарзда иштирокчиларга кўрсатиб берилди, - дейди туман ФВБ масъул ходими, катта лейтенат Зеҳниддин Толипов. - Ушбу тадбирда мутасадди ташкилотларнинг мутахассислари томонидан куйдирги касаллигининг аҳоли учун хавфлилик даражаси, касалликдан эҳтиёт бўлиш чоралари ва касаллик пайдо бўлганда унинг аҳоли орасида тарқалиб кетмаслиги учун амалга ошириладиган чора-тадбирлар тўғрисида керакли тушунчалар берилди. Назарий қисм якунида соҳага оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари, куйдирги касаллигининг тарқалиши билан боғлиқ фавқулодда вазиятларни олдини олиш юзасидан тингловчилар томонидан берилган саволларга атрофлича жавоблар берилди.
Семинарнинг иккинчи қисми туман Юқумли касалликлар шифохонасида давом эттирилиб, унда беморга кўрсатиладиган бирламчи тиббий ёрдам бериш тадбирлари тиббиёт ходимлари томонидан тушунтирилди.
Семинар сўнггида ҳамкор ташкилотларнинг мутасадди раҳбарлари бу каби тадбирларни туманнинг барча ҳудудларида изчил ўтказиш бўйича ўзаро келишиб олдилар.

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати 1.07.2021 йил