Кармана тумани Кўҳнақўрғон маҳалласидаги “Хоним” каналидаги авария ҳолати юзасидан ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳа юзасидан Қуйи Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармасининг
РАСМИЙ МУНОСАБАТИ
Кармана туманидаги Кўҳнақўрғон маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи “Хоним” каналида жорий йилнинг 31 январь куни ҳақиқатдан ҳам сув ўриб кетиши ҳодисаси содир бўлган. Каналдан меъёрдан ортиқ сув келгани учун тошган ва ёнидаги коллекторга оқиб тушган. Жорий йилнинг 1 февраль куни Қуйи Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси томонидан мазкур авария ҳолатини бартараф этиш бўйича тезкор чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Шу куни каналга махсус техникалар юборилиб, авария ҳолатини бартараф этишга киришилди. 2-3 февраль кунлари авария ҳолати тўла бартараф этилди. Жумладан, каналнинг сув уриб кетган қисмига каналда оқиб келаётган сувни тўла ўтказишга мўлжалланган диаметри катта металл қувур ётқизилди. Қувурнинг ҳар иккала қисми мустаҳкамланди. Шунингдек, канал ёнидаги сув ювиб кетиши натижасида ҳосил бўлган чуқурлар бошқа жойдан келтирилган тупроқ билан тўлдирилиб, махсус техникалар воситасида шиббаланди.
Каналдаги аварияга каналга ҳудуддаги фермер хўжаликлари томонидан меъёрдан ортиқ оқава сув ташлангани учун мазкур нохуш воқеа содир бўлган. Қуйи Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси томонидан Кармана туман ирригация бўлими, туман сув истеъмолчилари уюшмаси (СИУ) ҳамда ҳудуддаги фермер хўжаликлари раҳбарларига бундай ҳодисаларнинг қайта содир бўлмаслиги юзасидан тегишли огоҳлантириш ва топшириқлар берилди.
Қуйи Зарафшон ирригация
тизимлари ҳавза бошқармаси
5.02.2021 йил