70007НАВОИЙЛИК ЭКСКАВАТОРЧИЛАР ТАҚДИРЛАНИШДИ

Кармана тумани ҳокимлиги катта мажлислар залида 2019-2020 йил суғориш мавсуми давомида вилоятдаги қишлоқ хўжалиги далалари ва иқтисодиёт тармоқларини барқарор сув билан таъминлашга, суғориладиган ер майдонларининг мелиоратив аҳволини яхшилашга муносиб ҳисса қўшган бир гуруҳ ирригация ва мелиорация соҳаси ходимлари – экскаваторчиларни тақдирлаш тадбири бўлиб ўтди.

Қуйи Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилган мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев ҳам иштирок этди ва илғор техника жиловдорларини эришаётган ютуқлари билан муборакбод этди. Шунингдек, юртимизнинг иқтисодий юксалишида, халқимиз дастурхони тўкин бўлишида экскаваторчиларнинг ҳам катта ҳиссалари борлигини алоҳида эътироф этди.

70007.1

- Бугунги тадбирга вазиримизнинг шахсан ташриф буюргани ва шаънимизга илиқ сўзлар айтгани мени жуда тўлқинлантириб юборди,-дейди “Шуҳрат” медали соҳиби, “Қизилтепа ирригация қурилиш” ташкилоти экскаваторчиси Қаҳрамон Бозоров.- Самимий айтилган тилаклар биз экскаваторчилар учун жуда юксак маънавий рағбат бўлди. Албатта, оддий бир касб эгаларига кўрсатилган бугунги эҳтиром, бугунги эъзоз бизни янада фидокорона меҳнат қилишга ундайди.

Тадбирда Навоий вилоятининг Кармана, Хатирчи, Қизилтепа, Навбаҳор, Конимех туманларида сув хўжалиги тизимида самарали меҳнат қилаётган 100 нафардан ортиқ механизаторлар, шу жумладан, илғор экскаваторчиларга қимматбаҳо совғалар топширилди.

 

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати
4.12.2020 йил