Ғалвир сувдан кўтарилмоқда
Жорий йилда Кармана туманидаги “Анвар Ахтамов” фермер хўжалигининг 101 гектар пахта даласига томчилатиб суғориш технологиялари ўрнатилган эди. Сувни тежаш, минерал ўғитлар ва ёнилғини иқтисод қилиш, ишчи кучини камайтириш эвазига даромадни ошириш мақсадида 1 млрд 10 млн. сўм кредит маблағлари эвазига ўрнатилган тежамкор технологиялар кутилганидан зиёд натижаларни бермоқда. Айни дамда пахта даласида йиғим-терим ишлари авжида. Оппоқ бўлиб очилган пахта “Айрончи” маҳалла фуқаролар йиғинидаги иш билан банд бўлмаган аҳоли томонидан терилмоқда.
-Ҳар йили пахта-йиғим теримида иштирок этаман, - дейди тумандаги “Айрончи” МФЙда яшовчи Маҳлиё Жўраева. - Кейинги йилларда терилган пахтага яхши хақ тўланаётгани оиламиз бюджетига яхши даромад келтирмоқда. Кунига 120-130 килограмм пахта термоқдаман. Йилига шу ҳудуддаги пахтазорларга ҳашарга чиқамиз. Аммо бу йил мени ҳайрон қолдиргани шу бўлдики, томчилатиб суғориш орқали етиштирилган бундай серҳосил пахтани биринчи кўришим. Терган сайин яна тергинг келаверади.
Хўжалик раҳбари Илғор Ахтамов билан ҳам суҳбатлашар экансиз, унинг юз-кўзидан режани ошиғи билан бажаришга бўлган қатъий ишончни кўрасиз. Фермернинг айтишича, ғалладан бўшаган ерларга такрорий экин сифатида экилган тариқ, мош, сабзи, шолғомдан ҳам юқори ҳосил олинмоқда. Айниқса, ёз фаслида тажриба учун экилиб, томчилатиб суғорилган 2 гектарлик полизда етиштирилган тарвузлар пахта йиғим-терим вақтида ҳам хўжалик ишчиларига, ҳам ҳашарчиларга чанқоқбости неъмат бўлмоқда.
Туман ҳокимлиги Ахборот хизмати
13.10.2020 йил