Карманада томчилатиб суғориш орқали мош ва тариқ етиштирилмоқда
Жорий йилда Кармана туманидаги “Ахатхон Анваров” фермер хўжалигининг 108 гектар пахта майдонига 1 млрд 80 млн сўм кредит маблағларига эвазига томчилатиб суғориш технологиялари ўрнатилган эди. Айни пайтда мазкур фермер хўжалигида томчилатиб суғорилаётган пахтазорда ғўзалар баравж ўсмоқда. Туманда ўзига хос тажрибалари билан танилган ёш фермер Феруз Ахтамов жорий йилда ҳам ўзига хос тажриба-синовларни амалга оширмоқда. У даласидаги ғалладан бўшаган ерларга мош ва тариқ экиб, уларни томчилатиб суғориш технологиялари асосида суғоришга аҳд қилди.
-Июнь ойида 8 гектар майдонга мош, 8 гектар майдонга тариқ экдим, -дейди тажрибали фермер Феруз Ахтамов. -Улар айни пайтда томчилатиб суғорилмоқда. Бу ишга унчалик катта маблағ кетгани йўқ. Ўз ҳисобимдан эгатларга майда қувурчаларни ётқизиб чиқдим, холос. Пахта суғорилгандан кейин эгат бошидаги эгилувчан қувурларни йиғиштириб олиб мош ва тариқ экилган майдонлардаги қувурчаларга улаб қўямиз. Ҳозиргача мош бир мартагина томчилатиб суғорилди. Сентябрь ойи ўрталари билан яна бир марта суғорсам бўлди. Чунки мош кам сув талаб қилинадиган ўсимлик. Тариқ эса уч маротаба суғорилди. Агарда тариқдан яхши ҳосил олсам, келгуси йилда ғаллани ҳам томчилатиб суғораман. Мақсадим, сувни тежаб, экилган экинлардан юқори ҳосил ва даромад олиш.
Фермернинг айтишича, точилатиб суғориш орқали етиштирилаётган мош ва тариқ ҳақида эшитган вилоятдаги кўплаб фермерлар даласига келиб экин майдонларини кўриб кетишмоқда. Бир сўз билан айтганда, карманалик фермернинг тажрибаси вилоят миқёсида оммалашмоқда. Дарвоқе, фермер яқинда банк кредити асосида бир дона хорижнинг “Кейс” русумли пахта териш машинасини сотиб олди.
Фермернинг ҳисоб-китобига кўра, 108 гектар майдонда етиштирилган пахтани қўлда эмас, пахта териш машинасида терилса, иқтисод қилинган маблағлар икки-уч йилда кредитга олинган ушбу техниканинг пули қопланар экан.
Юртимизда ана шундай замонавий фикрлайдиган фермерлар бор экан, қишлоқ хўжалиги соҳаси ривож топаверади.
Туман ҳокимлиги ахборот хизмати
11.09.202 йил