Теримчилар билан шартнома тузишдан мақсад нима?
Айни кунларда фермер хўжалиги, кластерлар аҳоли билан шартнома тузгани, тузаётгани ҳақидаги хабарлар тез-тез тилга олинмоқда.
Хўп, бу қандай ҳужжат ва унда нималар акс этади? Бунда хўжалик ишчиларининг ҳуқуқлари қандай ҳимоя қилинади?
– Далада ишлади дегани, аввалги замонлардаги каби кечаю, кундуз меҳнат қилиш эмас,– дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳуқуқшуноси Соҳибжон Ҳотамов. – Шу боис шартномада иш вақтини муддатлари, дам олиш ва байрам кунлари, ҳақ тўланадиган таътиллар, қариганда, меҳнат қобилиятини йўқотганда, боқувчисидан маҳрум бўлганда ва бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш кабилар акс этади.
Шунингдек, ўз меҳнати учун қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақидан оз бўлмаган миқдорда ҳақ олиши белгиланган. Унинг энг кўп миқдори бирон тарзда чекланмайди. Баъзи ҳолларда ишчиларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳам кўзда тутилган бўлиши мумкин.
Меҳнат шартномаси фақат ёзма шаклда тузилади ва унинг шартлари қайд қилингач, ходим ҳам, иш берувчи ҳам унга амал қилишга мажбур. Меҳнат шартномаси номуайян муддатга, беш йилдан ортиқ бўлмаган муддатга, муайян ишни бажариш вақтига мўлжаллаб тузилади.
Бундан ташқари қишлоқ меҳнаткашлари учун фермер хўжаликларида ёлланиб ишлаш учун ҳам имконият бор. Бундай ҳолатда ҳам меҳнат муносабатлари Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тартибга солинади.
Қайд этиш керакки, Меҳнат кодекси ходимга ишга қабул қилиш тўғрисида ариза бериш мажбуриятини юкламайди. Бунда ариза олиш шарт эмас, чунки ишга қабул қилиш учун ариза эмас, балки меҳнат шартномаси асос бўлиб хизмат қилади. Бироқ, бу ходимни ишга қабул қилиш учун ариза бериш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди.
У истаги бўйича ариза бериши ҳам мумкин, бу унинг ҳуқуқи ҳисобланади, ходимнинг аризасини қабул қилмаслик, рўйхатдан ўтказмаслик қонун талаблари бузилиши деб ҳисобланади.
Иш берувчи корхона, шу жумладан фермер хўжаликлари беш кундан ортиқ ишлаган барча ходимларга меҳнат дафтарчасини юритиши шарт.
Агарда бу талаблар бузилса, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 49-моддасига асосан мансабдор шахс базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима тўлаши мумкин. Шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса, бундан била туриб ғайриқонуний ишдан бўшатиш мустасно, базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Вояга етмаган шахс меҳнатидан унинг соғлиғига, хавфсизлигига ёки ахлоқ-одобига зиён етказиши мумкин бўлган ишларда фойдаланиш, базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдордаги жаримага сабаб бўлади. Бунда жарималар миқдори ҳам анча кўпроқ.
Айни кунларда пахта хомашёси етиштирадиган 28.8 минг фермер хўжалиги доимий банд бўлган 230 мингдан ортиқ ишчиларига қўшимча равишда аҳоли орасидаги ишсиз фуқароларни ихтиёрий жалб қилиш учун 300 мингга яқин фуқаролик-ҳуқуқий шартномаси тузди.
Манба: Uza.uz
9.09.2020 йил