ҒЎЗА ТОМЧИҒЎЗАНИ СУҒОРИШДА ТЕЖАМКОРЛИККА АМАЛ ҚИЛИШ –
ФЕРМЕРГА ҲАМ, ДАВЛАТГА ҲАМ ФОЙДА


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш Инспекцияси Навоий вилоят бошқармаси Кармана туман бўлими томонидан туманнинг “Зарафшон” худудида жойлашган пахта ва ғаллачиликка йўналтирилган “Лочин” фермер хўжалиги қишлоқ хўжалиги экин ер майдонида ғўзани суғоришда сувдан фойдаланиш самарадорлигини оширишга бағишланган ўқув-семинари бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Саъдулла Истамов, туман ҳокими Фахриддин Умаров, туман Сув истеъмолчилар уюшмаси раҳбари Аббос Ибрагимов, шунингдек, бошқа дахлдор ташкилот вакиллари ҳамда фермер хўжаликлар, бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари ва балиқчиликка ихсослашган фермер хўжаликлари раҳбарлари, ишчи- ходимлари қатнашди.


Семинарда қишлоқ хўжалигида сувдан самарали фойдаланиш долзарб вазифалардан бири эканлиги, хусусан, ғўзани суғоришда сув исрофгарчилигига йўл қўймаслик, сарф қилинган сув лимити учун белгилаган миқдорда ҳақ тўлаш, замонавий суғориш усулларини амалиётга жорий этиш каби масалалар ҳақида сўз борди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 22 майдаги “Қишлоқ хўжалигида сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва сувни етказиб бериш бўйича харажатларни қоплаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 310-сонли ва 2020 йил 1 июндаги “2020 йил ёзги суғориш мавсумида экин майдонларини сув билан ишончли таъминлаш ва сув танқислигини олдини олишга қаратилган кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлари тўғрисида”ги 344-сонли қарорига кўра белгиланган вазифаларни ўз вақтида тўлақонли бажариш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
- Қишлоқ хўжалиги суви йилдан йилга камайиб бораётганлиги, унга эҳтиёж катталиги, суғоришда тежамкорликни талаб этади, - дейди туман сув истеъмолчилари уюшмаси раҳбари Аббосбек Ибрагимов. – Кармана тумани бўйича апрелдан октябрь ойигача бўлган давр учун 176 миллион метр куб сув лимити белгиланган бўлиб, бу қишлоқ хўжалигига ихтисослашган фермер хўжалик ерлари ҳамда аҳоли томорқаларини ҳам қамраб олади. Фермерларга ғўзани самарадор суғориш йўлларини айтдик. Масалан, 50-60 метрга ўқариқ олиниб, пахта майдони суғорилганда кўллатиб юбормайди, ғўзаларнинг бир текис сувга тўйиниши таъминланади. Шунингдек, томчилатиб суғориш ҳам сув исроф бўлишининг олдини олади. Туман бўйича 1 минг 141 гектар пахта майдони томчилатиб суғориш усулида суғорилмоқда. Бу сувни ғўза майдонининг бошига ҳам, ўртаси ё охиридаги қаторларга ҳам сувнинг бир текис етиб бориши, шу билан бирга агротехник тадбирларга кетадиган харажатларни тежагани учун ҳам фойдали. Бу бўйича ҳам фермерларга кенг тушунтириш берилди.
Шунингдек, семинарда сув олиш жойларида сувнинг ҳисобини юритишга имкон берадиган дарвоза ҳамда рекалар ўрнатилиши шартлиги уқтирилди.“Ўзагроинспекция” туман бўлими катта инспектори Жавлон Муҳаммадиевнинг таъкидлашича, бу борадаги назорат тадбирлари мунтазам давом этади.
- 52 гектар майдонга чигит экканмиз, - дейди семинар иштирокчиси “Воҳид Мусо” фермер хўжалиги раиси Юлдуз Ярқулова.- Етти нафар сувчи ишчим бор. Ҳозир ғўзаларимиз муғжа туккан. Яқин кунларда гуллайди. Булар бари суғориш, агротехник тадбирларни тўғри ўз вақтида бажариб келаётганим эвазига деб ҳисоблайман. Жорий йилда ҳам пахтадан мўл ҳосил олишни режалаштириб турибмиз. Бугунги семинарда ғўзани самарадор суғоришда нималарга аҳамият қаратиш лозимлиги бўйича кўп маълумотга эга бўлдим. Бу қоидаларга албатта амал қиламиз.
Семинар якунида иштирокчилар билан келгусида сувдан ўз вақтида самарали фойдаланиш юзасидан чора-тадбирлар белгилаб олинди.

“Ўзагроинспекция” Навоий вилоят бошқармаси
матбуот хизмати 17.06.2020 йил