Мева сабзавотТошкент вилоятининг Қибрай туманида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан Президентимизнинг 2019 йил 11 декабрдаги “Мева-сабзавотчилик ва узумчилик тармоғини янада ривожлантириш, соҳада қўшилган қиймат занжирини яратишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш ҳамда ҳудудларда мева-сабзавотчиликни ривожлантириш соҳасида жорий йил декабрь – 2020 йил март ойларида амалга ошириладиган чора-тадбирларга бағишланган семинар-йиғилиш ўтказилди.


Тадбирда мева-сабзавотчилик ва узумчилик соҳасида юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, экспорт ҳажмини ошириш, фойдаланишдан чиққан ва лалми ерларни ўзлаштириш, пахта, ғалладан қисқартирилаётган майдонларга экспортбоп қишлоқ хўжалиги экинлари экишни кўпайтириш, шунингдек, боғ, токзор ва иссиқхоналар имкониятларидан самарали фойдаланишни йўлга қўйишга доир масалалар муҳокама этилди.
Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев мева-сабзавотчиликни ривожлантириш бўйича ишчи гуруҳи томонидан Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятларда қайта ишлаш, экспортёр корхоналарнинг муаммоларни ўрганиш, бартараф этиш чораларини кўриш лозимлигини алоҳида таъкидлади. Айниқса, бу каби йўналишларни ривожлантиришда самарали бозор механизмларини жорий этиш, тармоқнинг мавжуд имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш, кластер ва кооперация тизимини ривожлантиришнинг янги механизмларини ташкил этиш орқали аҳоли даромадларини ошириш ҳамда экспорт имкониятларини кенгайтиришга эришилиши алоҳида қайд этилди.
Айни пайтда республикамизда 80 турдан ортиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилиб, дунёнинг 66 та мамлакатига экспорт қилинмоқда. Мамлакатимизда ҳар йили 21 миллион тоннадан ортиқ мева-сабзавот етиштирилади. Бироқ уларнинг бор-йўғи 1,5 миллион тоннаси экспорт қилинади. Маҳсулотни саралаш, қадоқлаш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш бўйича 31 та агрологистика маркази ташкил этилган. Лекин айланма маблағлар етишмаслиги ва доимий маҳсулот йўқлиги оқибатида уларнинг аксарияти мавсумий ишлаб, мавжуд қувватлардан бор-йўғи 10-15 фоиз фойдаланмоқда.
Тармоқда маҳсулот етиштиришдан тортиб, қайта ишлаш ва экспортга йўналтиришгача бўлган жараёнлар муаммолардан холи эмас. Бу борада муайян ишлар амалга ошириляпти. Хусусан, бугунга қадар мамлакатимиз бўйича жами 41 та мева-сабзавотчилик йўналишидаги қишлоқ хўжалиги бирлашмаси ташкил этилди. Келгуси йилда 31 та, 2021 йилда эса 100 та қишлоқ хўжалиги бирлашмаси ташкил этилиши чоралари кўрилмоқда.
Семинарда хорижий экспертларни жалб этган ҳолда жойларда кластер ташаббускорлари учун қисқа муддатли ўқув курслари ташкил қилиш, экспортбоп маҳсулотлар етиштириш ва ҳосилдорликни ошириш бўйича амалий тадбирлар ўтказилиши маълум қилинди.
Соҳа мутасаддилари, боғдорчилик, узумчилик, сабзавотчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари, қайта ишловчи ва экспортёр корхоналар раҳбарлари соҳада учраётган муаммолар, уларни бартараф этиш борасида фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Манба: Uza.uz
17.12.2019 й