Серқуёш диёримиз азалдан ширин-шакар мевалари, тилими тилни ёргувчи полиз маҳсулотлари, айниқса, боғдорчилик ва зироатчилик бобида тенгсиз боғбону деҳқонлари билан довруғ қозонган.
Бугун ана шу устун жиҳатларимизни жамлаган, ишга солган ҳамда замонавий талабларга мувофиқлаштирган ҳолда дунё бозоридаги йирик ишлаб чиқарувчилар билан рақобатлаша оладиган маҳсулотлар етиштиришга имконимиз бор.
Чунки, эндиликда агро маҳсулотларни “GLOBAL G.A.P.” стандарти бўйича осон ва арзон сертификатлаш мумкин. Юртимизда мазкур халқаро стандарт талаблари асосида илк бор мақбул қишлоқ хўжалиги амалиёти (G.A.P.– Good Agricultural Practice) бўйича давлат стандарти ишлаб чиқилди ва тасдиқланди. Бунинг натижасида, маҳаллий компаниялар жаҳон бозорига чиқиш учун халқаро сертификатни қисқа муддатда ва арзон қийматда олиш имконига эга бўлдилар.
“GLOBAL G.A.P.” – нима? Бу етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг хавфсизлигини ҳамда ишлаб чиқариш технологик занжирининг замонавий сифат ва техника талабларига мувофиқлигини таъминлашга қаратилган, бутун дунёда эътироф этилган халқаро стандартлар тизимидир. Бошқача айтганда, ушбу стандарт – озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлигини кафолатлаш ва бу борада аҳолини, яъни истеъмолчиларни ҳимоялаш мақсадларига хизмат қилади.
Ҳозирги вақтда дунёнинг 124 дан ортиқ мамлакатида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар айнан шу тизим асосида сертификатланганлар. Бундай сертификатга эга хўжаликлар сони эса 180 мингдан ортиқ бўлиб, уларнинг 75 фоизи ўсимлик шунослик маҳсулотлари, яъни мева ва сабзавот етиштирувчи хўжаликлардир.
Ўзбекистонлик фермерлар, ишлаб чиқарувчилар учун янги давлат стандартини қабул қилишнинг қандай афзаллиги, фойдали томонлари бор?
Гап шундаки, авваллари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотларини “GLOBAL G.A.P.” стандарти бўйича сертификатлаш учун хорижий компанияларга мурожаат қилишга мажбур бўлар эдилар. Бу омил эса уларнинг ўз товарларини арзон нархда сотишига олиб келарди. Бугунги кунда маҳаллий сертификатлаш органлари ҳам бу амалиётни бажаришлари мумкин. Мазкур янгилик сертификат олишга кетадиган молиявий харажатлар ва вақтни қисқартириб, ишлаб чиқарувчилар учун тўловни миллий валютада амалга ошириш имконини беради.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 29 июлдаги “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва озиқ-овқат саноатини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилувчиларнинг маҳсулотини сертификатлаштириш бўйича харажатларни “Ўзстандарт” агентлигининг асослантирилган ҳисоб-китобларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг “Экспортни рағбатлантириш агентлиги” томонидан қоплаб берилиши белгиланган.
“Ўзстандарт” агентлиги тосмонидан “GLOBAL G.A.P.” стандартини жорий этиш ишлари 2017 йилдан бошланган. Бундан асосий мақсад Ўзбекистонлик фермерларга ўз маҳсулотларини Европа иттифоқи бозорларида сотишга кўмаклашишдан иборатдир.
Жумладан, “Навоий синов ва сертификатлаштириш маркази” давлат корхонаси “Ўздавкарантин” инспекциясининг худудий бўлинмаси билан ҳамкорликда вилоятимиз фермерлари учун “GLOBALG.A.P.” стандартининг афзалликлари ва сертификатлаштириш қоидалари бўйича бир қатор ўқув семинарлари ва анжуманлар ўтказиб келаяпти. Натижада
2 та фермер хўжалиги ва 1 та балиқ етиштириш корхонасига сертификатни олишда амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Бу жараёнларни юртимизда амалга оширилаётган ўзига хос эко-инновация, дейиш мумкин.
“Навоий синов ва сертификатлаштириш
маркази” ДК сертификатлаштириш
идораси раҳбари Б.Расулов