14Бу йил ҳавонинг анча иссиқ келгани ҳар қандай деҳқонни шошириб қўйди. Катта ҳаётий тажрибага эга, фидойи ва миришкорлар бу вазиятдан “силлиқ” ўтиб, олдига қўйилган мажбуриятларини самарали бажаришди.
Туманимиз барча соҳаларда хусусан, қишлоқ хўжалигида ҳам пешқадам ҳудудлардан саналади. Бу йил сув ва муносиб табиат ҳамда деҳқончиликнинг “ҳадиси”ни олган миришкорларнинг самарали меҳнати ҳар қандай об-ҳаво шароитида ҳам юқори ҳосил гарови бўлмоқда.
“Жалойир” қишлоғи нафақат Карманада, балки вилоятда ҳам томорқачи деҳқонлар юрти сифатида ном қозонган. Бу ерда она замин тафтида етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари вилоят бозорларини тўлдирмоқда.
Шу ҳудудда туғилиб ўсган, айни пайтда 36 ёшни қаршилаган Лазиз Пармонов ҳам ота-боболаридан мерос бўлиб келаётган ерни эъзозлаб кам бўлмаяпти. Соҳага бўлган қизиқиш Лазизни Самарқанд қишлоқ хўжалиги институти томон чорлади. У 2007 йилда олий ўқув юртини тамомлаб, ўз тақдирини ер билан, қишлоқ хўжалиги билан боғлади.
Бундан 15 йи олдин тажрибали фермер амакиси Олим Фармоновга ёрдамчи тушиб, касб сирларини пухта ўрганди. Отаси Худойберди Фармоновнинг аграном бўлгани эса Лазизнинг соҳани чуқур идрок этишига туртки бўлди.
Соҳага бўлган қизиқиш ва ҳаётий тажриба натижасида Лазиз Пармонов 2015 йилда “Жалойир” қишлоғида “Кармана Азиз истиқболи” фермер хўжалигини ташки этди.Дастлаб хўжаликнинг умумий ер майдони 62 гектар бўлган бўлса, бугунги кунда унинг ҳудуди 120 гектарни ташкил этмоқда. Экин майдонининг 58 гектарида ғалла, 55 гектарида пахта етиштирилмоқда.7 гектар майдонда эса чарбоғ ташкил этилган.
— Айни пайтда хўжалигимизда 30 та доимий ишчилар фаолият кўрсатмоқда. Мавсумий ишчилар эса 70 нафарни ташкил этади, — дейди хўжалик раҳбари Лазиз Пармонов. — Машаққатли меҳнатларимиз эвазига жамоамиз билан бирга пахта ва ғалладан юқори ҳосил кўтариб, эл-юрт олдида юзимиз ёруғ бўлаяпти.
Техника - деҳқоннинг қаноти ҳисобланади. Етарлича техникасига эга хўжалик ҳеч қачон қоқилмайди. “Кармана Азиз истиқболи” фермер хўжалиги тасарруфида 2 та МТЗ чопиқ, 1 та МХ ҳайдов трактори ҳамда 4 та тиркама мавжуд. Бу техникаларни малакали мутахассислар бошқармоқда. Бу орқали иш самарадорлиги ошиб бораяпти.
— Эришилаётган ютуқларда 3 нафар механизатор, 12 нафар сувчимизнинг муносиб ҳиссаси бор. Бугун хўжалигимиз илғор ишчи-ходимлари хусусида сўз юритар эканмиз, аввало иш бошқарувчи Эркин Ҳалилов, механизатор Равшан Ашуров, сувчилар Холиқ Кибриёев ҳамда Уйғун Сафоевлар меҳнатини алоҳида эътироф этиш жоиз, — дейди Лазиз Пармонов. — Бу йил улар кўмагида ғалладан 60-65 центнердан ҳосил кўтардик. Натижада давлатга 215 тонна ўрнига 250 тонна буғдой топширдик.
Хўжаликнинг бундай салмоқли натижага эришиши осон кечмади. Аввало, агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилгани ютуқлар гарови бўлди. Ғалла майдонининг ҳар гектарига 1 тонна 200 килограмдан азотли, 300 килограмдан фосфорли ўғит киритилди. Шунингдек, ҳар гектар майдон5 тоннадан шарбат усулида маҳаллий ўғит билан озиқлантирилди.Бугун фермернинг хирмони донга, дастурхони нонга тўлди.
Фермер хўжалиги жамоасининг фидокорона меҳнатлари эвазига ҳар йили 40-45 центнердан пахта ҳосили етиштирилмоқда. Айни пайтгача пахта далалари 12 маротаба култивация қилинди. Ғўза ораларига 1 тонна 100 килограммдан азотли, 320 килограмдан фосфорли ўғит киритилди. Шу кунларда пахта майдонларида иккинчи суғориш ишлари амалга оширилмоқда.
— Бу йил баҳорда пахта майдонларимизга “Бухоро - 102” элита навиниэкдик. Шукурки қилинган меҳнат ва ерга бўлган илиқ муносабатимиз боис, айни пайтда ҳар бир ғўза навида 4-5 тадан кўсак бор. Баҳор серёғин келди. Шу сабабли, бу йил сувдан асло муаммо йўқ. Фақат кун исиб,бироз гармсел эсиб турибди. Аммо бу йил ҳам юқори ҳосилга эришиш учун барча имкониятларни ишга солганмиз, — дейди хўжалик раҳбари Лазиз Пармонов.
“Кармана Азиз истиқболи” фермер хўжалиги кўп тармоқли хўжалик ҳисобланади. Айни пайтда аҳил жамоа етти хазинанинг бири саналган асаларичиликни ривожлантирмоқда. Хўжалик томонидан ўтган йили 5 та асалари оиласи парвариши йўлга қўйилган бўлса, бу йил улар сони 30 тага етказилди. Шунингдек, фермер хўжалигида 40 бош қорамол, 100 бош майда шохли мол ҳамда 100 та товуқ ҳам парвариш қилинмоқда.
— Бугунги замонавий фермер фақат ғалла ва пахтага қараб қолмаслиги керак. Қишлоқ хўжалигининг бошқа тармоқларидан ҳам самарали фойдаланиш қўшимча даромад манбаи бўлади. Фермер бу орқали аввало, ўзини, ишчи-ходимлари иқтисодини мустаҳкамлаб, бозорларимиз тўкинлигини таъминлайди. Қолаверса, ғалладан бўшаган майдонларимизда пешма-пеш такрорий экин экиш ишларини амалга оширдик. Эрта кузда сабзи, шолғом, карам, мош ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тайёр бўлиб, ички бозорга йўналтирилади, — дейди Лазиз Пармонов.
Ерга меҳрини бериб, у билан тиллаша олган миришкордан она замин ҳам ўз саховатини аямайди. Зеро, доно халқимиз томонидан “ерни боқсанг, ер сени боқади”, деган гап бежизга айтилмаган.

"КАРМАНА ОВОЗИ"
газетасидан олинди.
16.08.2019 й