1 га асосий2 асос

Жорий йил пахта йиғим-терим мавсумига пухта тайёргарлик кўрилиб, пахтакорларнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани мавсум муваффақиятли ўтишида асосий омил бўлаётир. Туманимиз миришкорлари ҳам айни жараёнга муносиб ҳисса қўшишмоқда. Ҳудудда 5559 гектар майдонга чигит қадалган бўлиб, давлатга пахта топшириш режаси 16 минг 308 тоннани ташкил этади.

Ҳосилни нест-нобуд қилмай териб олишда фермер хўжаликлар аъзо­лари билан бирга уюшмаган аҳоли, кўнгилли ҳашарчиларнинг хизмати катта бўлмоқда. Мавсумни уюшқоқлик билан ташкил этиш учун 108 та терим отряди ташкил этилиб, уларга 7600 нафар теримчи бириктирилган. Эътирофлиси,  биринчи теримданоқ пахта топшириш режасини уддалаётган фермер хўжаликлари сони ортиб бормоқда. “Ҳазора гултожи”, “Нуртош ая” ҳамда “Музаффар Истамов” фермер хўжаликлари шулар жумласидан.

— Чигитнинг “Бухоро-6” навидан эккандик, — дейди биз билан суҳбатда фермер М. Истамов. — Агротехник тадбирларнинг кечиктирмай олиб борилгани ҳосилдорликни таъминлаб, ҳозир гектаридан режамиздаги 25 центнер ўрнига 33-34 центнердан ҳосил олаяпмиз. Буларнинг бари меҳнатимиз самараси.

“Кумушкон” маҳалласида яшовчи Ҳикмат Юсупова 60 ёшда. Кўнгилли тарзда теримга чиққан ая кунига 80-90 килограммдан пахта тераяпти. Унга ҳавас қилиб, уйда бекор ўтиришни истамай ёрдамга чиққан хотин-қизлар ҳам кўп.

— Меҳнат қилиб, роҳатини кўраяпмиз, — дейди илғорлардан яна бири Н.  Жамилова.— Уй бекасиман. Пахта териб, рўзғорга ҳам фойдам тегса деб чиққандим. Кунига 100-120 килограммдан тераяпман. Юртимиз пахта хирмони юксалишида ҳисса­миз қўшилаётганидан мамнунмиз.

“Фирдавсбек Маржона” фермер хўжалигида ҳам етиштирилган ҳосилни йиғиштириб олиш ишлари  қизғин бораётир.

— Деҳқончиликда ишнинг кўзини билиш, ҳисоб-китобни тўғри юритиш жуда муҳим, — дейди хўжалик раҳбари К. Самандаров. — Бунда катта тажрибага эга отам билан бамаслаҳат иш тутишда ҳаётий ҳикмат бор экан. Об-ҳаво шароити ҳар қандай тажрибали деҳқонни ҳам шошириб қўяди. Чигитни ерга қадашдан тортиб, уни парваришлаш, белгиланган агротехник тадбирларни вақтида ва меъёрида ўтказиш анча машаққатли кечди. Аммо қаловини топсанг, қор ҳам ёнади дегани шу бўлса керак. Шукурки, ҳаракатларимиз бесамар кетмади. Ҳосил мўл бўлди. Жорий йилда 30 гектар майдонда маҳаллийлаштирилган, сувсизликка чидамли, ўғитларни тез ўзлаштирувчи “Кармана С-01” навли ғўзани парваришладик. Мавсум бошлангандан буён 10 гектардан ортиқ майдондаги “оқ олтин”ни териб олдик. Ҳар бир гектаридан 40 центнергача ҳосил олаяпмиз. Хўжаликда пахтани нест-нобуд қилмасдан ўз вақтида териб олиш учун барча шароитлар яратилган. Хусусан, 150 нафарга яқин теримчининг овқатланиши, далага бориб-келиш ҳамда иш ҳақларини ўз вақтида олиши бўйича зарур чоралар кўрилган. Бунга вилоят прокуратураси, ички ишлар ходимлари бириктирилган. Илғор теримчилар ҳокимлик совғаларига лойиқ кўрилмоқда. Улар орасида ҳатто меҳнат фахрийлари ҳам бор.

2015 йилда ташкил топган хўжаликда кўнгилли теримчилардан Ўроз­гул Камолова кунига 240-250 килограмм пахта териб, барчани ортда қолдираяпти.

— Қишлоқда тонг эрта бошланади, назаримда, — дейди Ў. Камолова. — Саҳардан кимдир тўйга, кимдир бозорга ошиқади. Ҳамма ўз юмуши билан банд. Юртимиздаги тинчлик ва фаровонлик одамлар ҳаётида ўз аксини топган. Бир неча йил “Navoiyazot” АЖ­да ишчи бўлиб ишладим. Яқинда пенсияга чиқдим. Менинг болалигим пахта даласида ўтган. Биз пахта одамдан азиз бўлган оғир даврларни кўрганмиз. Бугун ҳаёт умуман бошқача. Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун. Буни пахта мавсумида теримчилар учун яратилган шароитдан ҳам билса бўлади. Ҳуқуқ ва манфаатларимиз тўлиқ ҳимоя қилингани бизни янада илғор ишлашимизга туртки бўлаяпти. Илгари теримчиларга муносиб ҳақ тўланмаган. Еб-ичиш, яшаш шароитлари тўлиқ яратиб берилмаган. Жорий йил бу камчиликлар, хатоликларга йўл қўйилмаяпти.

Бир сўз билан айтганда, мавсумни самарали ўтказишда фаол иштирок этаётган ҳар бир кишининг шижоати етиштирилган ҳосилни нест-нобуд қилмай териб олишда бободеҳқонга қанот бўлаётгани билан бирга юрт хирмо­нини юксалтиришда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

З. БОБОЕВА,

Х. НАРЗИЕВА.

Суратлар муаллифи С. АСЛОНОВ.

15.10.2018