Мамлакатимизда жорий йилнинг 5 сентябрига қадар “Ғўза парваришида зарбдор 40 кунлик” эълон қилинди. Вазирлар Маҳкамасининг бу борадаги қарорига кўра мазкур даврда ғўза майдонларида кафолатланган ҳосил етиштириш мақсадида кенг кўламли агротехник тадбирлар ташкил этилади.
Дарҳақиқат, вилоят ҳокими Қ. Турсунов ҳудудларда ғўза парваришининг ташкил этилиши билан танишиш мақсадида ўтган ҳафта туманимизда бўлиб, фермер хўжаликлари фаолиятини кўздан кечирар экан, айрим далаларда йўл қўйилаётган камчиликлар ҳамда сувдан оқилона фойдаланиш масалаларига эътибор қаратди ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида масъулларга тегишли топшириқлар берди.
Таъкидлаш жоизки, вилоятимизда 2018 йил ҳосили учун 33 минг 288 гектар майдонда ғўза парваришланмоқда. Бугунги кунда ушбу майдонларнинг 17,1 минг гектари 5-6 кўсак, 16,2 гектари 7-8 кўсак фазасида ривожланаяпти. Ҳудуддаги мавжуд 804 дона культиватор ишини отряд усулида унумли ташкил этиш орқали июль ойи давомида бир кунда 2739 гектар, мавсум бошидан 70,7 минг гектар ғўза майдонларида қатор ораларига ишлов бериш ишлари олиб борилди.
Ғўзани чеканка қилиш ишлари бугунги кунга қадар 31,7 минг гектар (95,2 фоиз) майдонларда амалга оширилди. Ғўза парваришида шу кеча-кундуздаги энг муҳим масала ҳисобланган суғориш ишларига алоҳида эътибор қаратилиб, олинаётган сувдан унумли фойдаланишнинг барча чоралари кўрилмоқда. Хусусан, жорий йилда кузатилаётган сув ресурслари танқислиги даврида замонавий технологияларни кенг жорий этиш, айниқса, пахтачиликда эгилувчан қувурлар орқали суғориш тизимига алоҳида эътибор қаратилиб, вилоятдаги 292 та фермер хўжалиги билан “Ўзмашлизинг” АЖ ўртасида тузилган қиймати 217 миллион сўмлик шартнома асосида 201 та қувур комплектлари олиб келинди ва фермер хўжаликларига етказиб берилди.
Бундан ташқари, ҳар бир сектор раҳбари томонидан ғўза парваришининг тизимли ташкил этилишини таъминлаш мақсадида фермер хўжаликлари кесимида аниқ чора-тадбирлар белгиланиб, шу асосда тегишли ишлар олиб борилмоқда.
Пахта хомашёсидан кафолатланган ҳосил олиш юзасидан амалга оширилаётган бу каби долзарб саъй-ҳаракатларнинг қатъий назорат остида ташкил этилаётгани келгусида кўзланган натижаларга эришилиб, хирмоннинг баракали бўлишини таъминлайди.
Ш. ИБРАГИМОВ.
10.08.2018