Сўнгги йилларда сайёрамизда кузатилаётган иқлим ўзгаришлари, табиат мувозанатидаги кутилмаган оғишлар дунё ҳамжамиятини ўйлантираётган турли муаммоларни келтириб чиқармоқда. Шулардан бири сув масаласидир. Бу, айниқса, қишлоқ хўжалиги учун трансчегаравий сувлардан фойдаланадиган мамлакатларда яққол сезилаяпти.
Халқимизда “Сув — зар, сувчи — заргар” деган гап бор. Ушбу фикр қанчалик аҳамиятли эканлигини бугун мамлакатимиздаги ҳар бир деҳқон ҳис қилаяпти. Негаки, жорий йилда иқлимнинг қурғоқчил келиши кўплаб қишлоқ хўжалиги ходимларини ўйлантириб қўйди.
Албатта, ҳар бир экиннинг униб чиқиши, ривожланиши ва мўл ҳосил бериши агротехник тадбирлар билан бирга аввало сувга боғлиқ эканлигини барчамиз биламиз. Аммо эътиборсизлик ёки малакасизлик, ҳатто уқувсизлик оқибатида далаларни керагидан ортиқ кўллатиб суғориш, бунинг натижасида қўшни фермерларнинг экин майдонларини сувсиз қолдириш, тақсимот тенглигини таъминламаслик ҳолатлари яқин вақтгача кузатилиб келинаётган эди.
Шу каби камчиликларни бартараф қилиш, қишлоқ хўжалиги соҳасида сувдан оқилона, тежаб, янги технологияларни жорий қилган ҳолда фойдаланиш, ғўза парваришида зарур агротехник тадбирларнинг ўз вақтида бажарилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатаси депутатлари тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида ҳудудлардаги пахта далаларига чиқиб, зарурий маслаҳатларни бериб боришмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатаси депутатлари Аҳад Аҳмедов, Фарҳод Қувватов ва Ўткир Турсуновлар бир неча кундан буён туманимиздаги фермерларнинг экин далаларида бўлиб, хўжалик ишчилари, айниқса сувчиларга яратилиб берилган шароитлар, қисқа-қисқа ўқариқлар олиниб, суғориш тизимининг йўлга қўйилганлик ҳолати, сувдан оқилона фойдаланиш борасида бажарилган ишлар билан танишиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Шунингдек, энг намунали сувчиларга совғалар тарқатилди.
— Сув қанчалик қимматли неъмат эканлигини ҳар бир деҳқон ҳис қилиши лозим, — дейди Ф. Қувватов биз билан суҳбатда. — Шунинг баробарида қишлоқ хўжалиги тизимида янги технологияларни жорий қилиш, кам сув сарфлаб кўп ҳосил олишга интилиш вақти келди. Президентимиз кўп бора таъкидлаганларидек, пахта далаларидаги ҳар бир ишни, агротехник тадбирлардан то суғоришга бўлган жараёнларни илм-фан ва тажриба билан бажарсак, албатта, юқори натижаларга эришамиз. Кармана туманига қишлоқ хўжалиги учун сув қўшни туманлардан оқиб келади. Яқинда олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида Қизилтепа туманида Франция давлати кредит маблағи иштирокидаги “Навоий” насос станциясини қайта тиклаш” лойиҳаси доирасида олиб борилган реконструкция ишларининг биринчи босқичи якунланиб, 6 та агрегат ишга туширилди. Муқаддам 12 та “24 НДС” русумли насос қурилмаси ўрнатилган станциянинг сув чиқариш қуввати 18 метр куб сонияни ташкил қиларди. У Аму-Бухоро магистраль каналининг Шофиркон шохобчасидан сув олиб, Қизилтепа ва Кармана туманларининг Маликчўл массивидаги 18 минг 100 гектар майдонини обиҳаёт билан таъминлаган. Узоқ йиллар давомида ишлатилиши натижасида ускуналар эскириб, қуввати пасайиб кетганди. 15 миллион 42 минг АҚШ доллари қийматидаги ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, унумдорлигини ошириш ҳамда деҳқончиликни янада ривожлантиришга замин яратади.
— Бир неча йилдан буён сувчиман, — дейди туманимизнинг “Малик” маҳалласидаги “Дониёр ота” фермер хўжалиги сувчиси Паҳлавон Соҳибов. — Шу пайтгача ҳеч ким биздан ҳол-аҳвол сўраб келмаган. Олий Мажлиси Қонунчилик Палатаси депутатлари пахта даламизгача келиб, биз билан суҳбатлашгани, ҳаёт тарзимиз, шарт-шароитларимиз билан қизиққанлиги, ўз маслаҳат ва ёрдамини берганлиги бизни ўз ишимизга янада масъулият билан ёндошишга, бир томчи сувни ҳам исроф қилмасликка ундайди.
Бир сўз билан айтганда, озиқ-овқат хавфсизлиги деган тушунча ҳаётимизга тобора кенгроқ кириб бораётган бугунги даврда мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳаси ривожи учун фақатгина тегишли мутасаддилар эмас, ҳар бир фуқаро ўз томорқаси мисолида ҳисса қўшиши, сувдан оқилона фойдаланишни йўлга қўйиши лозим. Шундагина кўзланган мақсадга етамиз.
З. РАЖАБОВ.
03.08.2018