Вилоятимизда ризқ-рўзимиз бўлган ғалла ҳосилини нест-нобуд қилмай ўриб-йиғиб олиш ишлари бошлаб юборилди. Ғаллакорларимиз томонидан жорий йилда 91 минг 991 тонна товарбоп, 11 минг 639 тонна уруғлик дон хирмони барпо этиш режалаштирилган.
Мавсумни уюшқоқлик билан ташкил қилиш юзасидан вилоят, туман штаблари тузилиб, уларнинг вазифалари белгиланди. Шунингдек, ҳар бир туманда дон ташиш, қабул қилиш, нефть маҳсулотлари таъминоти, шартномаларнинг бажарилишини мониторинг қилиш бўйича махсус гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилган.
— Вилоятдаги ғалла ҳосилини ўриб-йиғиб олиш ишларини тизимли йўлга қўйиш мақсадида 100 та отряд тузилди, — дейди вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси ғаллачилик бўлими бошлиғи А. Ризоқулов. — Уларга 100 та замонавий комбайн, вилоят ва туман ташкилотларининг 710 нафар вакили ҳамда 510 нафар ИИБ ходими бириктирилди. Ташкил этилган отрядларни талаб этиладиган ёқилғи-мойлаш материаллари, эҳтиёт қисмлар билан ўз вақтида таъминлаш мақсадида 6 та кўчма устахона, 44 та ёқилғи ташиш гуруҳлари ташкил этилди. Мавсумни 15 июлга қадар якунлаш режалаштирилган.
Туманимизда ҳам ушбу мавсум уюшқоқлик билан амалга оширилаяпти. Ҳозирда Ҳазора, Дўрман, Нарпай ҳамда Ибн Сино ва Алишер Навоий номли қишлоқлар ҳудудидаги фермер хўжаликларида қизғин жараён кечмоқда. Миришкорларимиз жами 7331 гектарлик ғалла майдонидан 19 минг 323 тонна ялпи ҳосил олишга бел боғлаган.
О. ШУКУРОВ.
Сурат муаллифи С. АСЛОНОВ.
18.06.2018