МАҲСУЛДОРЛИК ВА ДАРОМАД МАНБАИ

Чорвачилик  Вилоятимизда зотли моллар бош сонини кўпайтириш, четдан маҳсулдор қорамоллар келтириб парваришлашни йўлга қўйиш, маҳаллий сигирларни сунъий уруғлантириш орқали улардан зотли бузоқлар олиш борасида бир қатор ишлар олиб борилмоқда.

— Вилоятимизга бугунги кунда асосан Эстония, Латвия, Украина, Германия давлатларидан зотли қорамоллар келтирилмоқда, — дейди вилоят чорвачиликда наслчилик ишлари давлат инспекцияси раҳбари Ж. Улашов.

— Ўтган йили корхонамиз томонидан аҳоли ва фермер хўжаликлари учун келтирилган зотли молларнинг 93 боши четдан келтирилган бўлса, 179 бош мол вилоятимиздаги мавжуд наслчилик хўжаликлари орқали еказилди. Жорий йилда 300 бош молни Эстония ҳамда Германия давлатларидан келтиришни режалаштирганмиз. “Қизил Эстон” ва “Голштейн” зотли ушбу ғунажинлар биринчи туғишида 30-40 литргача сут беради. Ички эҳтиёждан келиб чиқиб яна 330 бош қорамол шартнома асосида буюртмачиларга етказилиб берилади.   

Айни пайтда вилоятимиз ҳудудидаги 22 та қорамолчилик наслчилик хўжаликларида 4 минг бошдан ортиқ зотли йирик шохли моллар парваришланаётган бўлса, уларнинг 1600 бошга яқини наслли сигирлардир. Ҳар йили мазкур сигирлардан олинаётган маҳсулдор бузоқларнинг 20 фоизи аҳоли ва фермерларга тарқатилмоқда.

Туманимиз ҳудудидаги “Дўстлик” агрофирмаси ҳам бир неча йиллардан буён аҳоли ва фермерларга зотли моллар етказиб бераяпти. Корхона томонидан ўтган йили 220 бош наслли буқалар сотилган бўлса, жорий йилнинг ўтган чорагида бу рақам 100 бошни ташкил этди.

— Бугунги кунда жами 900 бош наслли молимиз бор, – дейди биз билан суҳбатда корхона бош зоотехниги З. Бозоров. – Асосан ёш буқаларни сотамиз. “Қизил чўл”, “Қизил ола” зотли бундай буқалар 3 ёшгача боқилса тирик вазнда 1, 1,5 тоннагача гўшт қилиши мумкин.

Умуман олганда, вилоятимизда маҳсулдор қорамоллар бош сонининг кўпаяётгани аҳолини сифатли маҳаллий гўшт ҳамда сут маҳсулотлари билан таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.

О. НОСИРОВ.

04.05.2017