Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида олиб борилган видеоселекторда Навоий вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Нормат Турсуновнинг Кармана тумани "Малик" МФЙ "Узумзор" қўрғони бўйича ҳисоботидан сўнг давлатимиз раҳбари Фарғона вилояти ҳокимига энг сара етиштириладиган узум кўчатларини Кармана туманига етказиш юзасидан топшириқ берган эди. Бугун Кармана тумани "Узумзор" қўрғонига Президент совғаси сифатида 160 минг туп саноатбоп ҳамда хўраки навли узум кўчатлари Фарғона вилояти ҳокимлиги томонидан олиб келинди.

 

 

"ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОНДА ЯНГИ УЗУМЗОР" шиори остидаги байрам тадбирида Фарғоналик меҳмонлар иззат-икром билан карнай-сурнай садолари остида кутиб олинди. Шундан сўнг, вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Нормат Турсунов сўзга чиқиб, бугунги кунда "Инсон қадри учун" шиори остида амалга оширилиб келинаётган ишларнинг не чоғлик самара бераётгани тўғрисида тўхталиб ўтди. Шунингдек, Фарғоналик масъулларга ҳам Президентимиз совғасини етказганликлари учун миннатдорчилик билдирди.

Тадбир давомида вилоят раҳбари бошчилигида барча масъуллар узум ниҳолларини экишди. Экилган кўчатлар келгусида яхши ҳосил беришини ният қилиб дуолар қилинди.

 

- Ота-боболаримиз азалдан бу ерларда узумчилик билан шуғулланиб келган. Бизнинг ерларда ток кўчатлари юқори ҳосилдорлик беради. Бир пайтлар бузилиб ўрнига пахта экилган токзорларимиз қайта тикланмоқда бу учун Президентимиздан миннатдорман, - дейди "Малик" МФЙ фаоли Мурод Эргашев.

Хулоса ўрнида "Узумзор" қўрғони аҳолиси бугунги кунда "Инсон қадри учун" шиори амалда ўз тасдиғини топаётганидан жуда мамнун эканлигини билдирмоқдалар.