УРУҒЛИК ДОННИ ДОРИЛАШ- АГРОИНСПЕКЦИЯ НАЗОРАТИДА
Маълумки, келгуси йил ҳосилининг баракали бўлишида уруғлик доннинг сифатли ҳамда талаб даражасида сақлангани муҳим аҳамият касб этади. Жорий йил Навоий вилоятида 9717 тонна уруғлик ғалла, уруғлик дон тайёрловчи корхона ҳамда цехларга жамғарилди. Мазкур жараёнлар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш Инспекцияси вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари инспекторлари назорати остида кечди. Жамғарилган уруғлик донни саралаш ва дорилаш ишларининг сифатли амалга оширилиши ҳам Инспекция вилоят бошқармаси ходимлари томонидан назоратга олинган.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, вилоятда уруғлик дон тайёрлаш режаси 9717 тонна бўлиб, унинг 3002 тоннаси “Навоийдонмаҳсулотлари” акционерлик жамиятининг 1-сонли уруғлик цехига, 6274 тоннаси корхонанинг 2- сонли уруғлик цехи ҳиссасига тўғри келади. Қолган уруғлик дон эса “Кармана Элита уруғчилик хўжалиги”, “Қизилтепа Элита уруғчилик хўжалиги”, “Хатирчи Элита уруғчилик хўжалиги” масъулияти чекланган жамиятларида жамғарилган.
Инспекциянинг вилоят бошқармаси инспекторлари "Навоийдонмаҳсулотлари” АЖ да бўлишиб, уруғликларни сақлаш бир хилда ташкил этилганлиги, омборларда уларни сақлаш талабларига қай даражада риоя этилиши устидан назорат олиб боришди.
- Назорат тадбири давомида уруғлик донлардан намуналар олиниб, уларнинг уруғлик донга қўйилган талабларга жавоб бериши аниқланди, - дейди “Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси бош инспектори Аббос Ризоқулов. – Уруғлик дон 2-3 мартадан таҳлил қилиб кўрилди. Уларни янада сифатли дорилаш, таркибида бегона аралашмаларни рухсат этилган меъёрдан ошмаслиги бўйича масъул ходимларга кўрсатмалар берилди.
Корхонада 2022 йил ҳосили учун жамғарилган уруғлик дон касаллик ва зараркунандаларга қарши “Баҳор” кимёвий препарати билан дориланмоқда.
Бугунги кунда бир кунда 224 тонна, мавсум бошидан буён эса 1 798 тонна уруғлик донни тозалаш-саралаш ишлари олиб борилди. Вилоят бўйича мавсум бошидан буён 1 798 тонна уруғлик ғалла дориланди. Дориланган партиялар сони 4 тани ташкил этади. Жумладан, “Навоийдонмаҳсулотлари” АЖ нинг 1-сонли уруғлик цехида 589, 2-сонли уруғлик цехида эса 1209 тонна дон дориланди.
Таъкидлаш жоизки, уруғлик донларни нав ва авлодлар бўйича дорилаш ишларининг сифатли бажарилиши бошқарманинг вилоят ҳамда туман бўлимлари томонидан мунтазам назоратга олинган. Уруғлик цехларида келгуси йилга экиш учун ишлатиладиган донга бегона аралашмалар аралашиб кетиши олдини олиш ва сифатли дориланиши бўйича зарур чора-тадбирлар белгилаб олиниб, доимий назорат тадбирлари ўтказиб келинмоқда.
“Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси
матбуот хизмати 11.08.2021 йил