- Подробности
- Категория: Iqtisodiyot
- Просмотров: 686
ХАРИДОРГИР МАҲАЛЛИЙ МАҲСУЛОТЛАР
“Навоий” эркин иқтисодий зонасида фаолият кўрсатаётган “Полиэтилен қувурлар” шўъба корхонасида ишлаб чиқарилаётган тўрт хил полиэтилен қувурлар юқори сифати билан харидорларга манзур бўлмоқда.
Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда яратилаётган қулай ишбилармонлик муҳити, тадбиркорларга берилаётган кенг имтиёз ва преференциялар ички бозорни сифатли, рақобатбардош, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар билан тўлдиришда муҳим омил бўлаётир. “Навоий” эркин иқтисодий зонасида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари ҳам солиқ ва божхона имтиёзларидан самарали фойдаланиб, катта муваффақиятларга эришмоқда.
Ушбу ҳудудда “Шўртан газ-кимё мажмуаси” унитар шўъба корхонаси таркибида ташкил этилган корхона 2016 йилда маҳаллий истеъмолчиларга 10 миллиард сўмликдан зиёд полиэтилен қувурлар етказиб берди.
— Корхонамиз мутахассислари янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш устида мунтазам изланиш олиб бормоқда, – дейди корхона бош муҳандиси Ҳ. Каримов. — Хусусан, келгусида кенг турдаги полимер маҳсулотлар тайёрлаш режалаштирилмоқда. Диаметри 20 милли-метрдан 250 миллиметргача бўлган ўлчамдаги жаҳон стандартларига тўла жавоб берадиган полиэтилен қувурлар бино ва иншоотларнинг ичимлик суви, канализация тармоқларида кенг фойдаланилади.
Корхонада иш икки сменада ташкил этилган бўлиб, ишчилар учун барча шароит яратилган. Кийиниш, ювиниш хоналари ва ошхона замонавий жиҳозланган. Маънавият хонаси вақтли матбуот нашрлари, турли жанрдаги китоблар билан таъминланган. Ишчиларнинг ишга келиб-кетиши учун махсус хизмат автобуси йўлга қўйилган. Ёш кадрларнинг ўз устида ишлаши ва иш тажрибасини ошириши учун белгиланган муддатда малакали мутахассислар иштирокида синов машғулотлари ўтказилади.
Маҳсулот тайёрлашда ишлатиладиган полиэтилен грануласи ва суперконцентрат хомашёларининг меъёрий кўрсаткичларини белгилашда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги Полимерлар кимёси ва физикаси илмий-тадқиқот маркази билан ҳамкорлик яхши самара бермоқда.
Йилига 1 минг 500 тонна полиэтилен грануласини қайта ишлаш қувватига эга корхона ишчиларининг аксарияти касб-ҳунар коллежларини битирган ёш мутахассислардир.
Эркин иқтисодий зонада алоҳида божхона ва солиқ имтиёзлари жорий этилгани ишлаб чиқарувчилар ва хорижлик сармоядорлар учун қўшимча қулайлик яратмоқда.
Нуриддин РАҲИМОВ.
03.04.2017
- Подробности
- Категория: Iqtisodiyot
- Просмотров: 626
СОВУТКИЧЛИ ВИТРИНАЛАР ИШЛАБ ЧИҚАРИЛМОҚДА
Туманимиздаги “Довуд Кармана” хусусий корхонасида ишлаб чиқарилаётган совуткичли витриналар, ускуна ва жиҳозлар қулайлиги, бежиримлиги ва юқори сифати билан харидорларга манзур бўлмоқда.
— Корхонамиз фаолиятини 2009 йилда 5 нафар ишчи билан бошлаган, — дейди корхона раҳбари А.Қосимов. — “Микрокредитбанк”нинг Кармана филиалидан олинган 25 миллион сўм кредит маблағи фаолиятимиз ривожида муҳим аҳамият касб этди. Айни пайтда бу ерда 20 нафарга яқин ишчи меҳнат қилмоқда. Маҳсулот сифати ва дизайнига алоҳида эътибор қаратамиз. Харидорлар талабидан келиб чиқиб, нисбатан арзон нархларда ишлаб чиқарилаётган совуткичли витриналар дўкон ва расталарда истеъмол молларини сифатли сақлаш имконини беради.
Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, фаолияти самарадорлигини янада оширишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
“Довуд Кармана” хусусий корхонасида ишлаб чиқаришни янада кенгайтиришга қаратилган бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, паррандачилик саноатида қўлланиладиган камералар, автоматлаштирилган бошқарув дастгоҳлари, тухум ва парҳезбоп гўшт маҳсулотлари сақланадиган совуткичлар ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Ишчиларнинг аксарияти касб-ҳунар коллежларини битирган ёш мутахассислардир.
— Болалигимдан темир-терсакка қизиқардим, — дейди пайвандловчи Ф.Каримов. — Кармана саноат касб-ҳунар коллежини битириб, мутахассислигим бўйича ишлаётганимдан хурсандман. Корхонамизда “устоз-шогирд” анъанаси асосида ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш, уларга ҳунар ўргатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бозорда харидоргир бўлган замонавий маҳсулотлар тайёрлашда менинг ҳам ҳиссам борлигидан фахрланаман.
Нуриддин РАХИМОВ.
14.03.2017
- Подробности
- Категория: Iqtisodiyot
- Просмотров: 650
ИСЛОҲОТЛАР ИЗЧИЛЛИГИ – ТАРАҚҚИЁТ НЕГИЗИ
Бугунги кунда юртимизнинг ҳар бир соҳасидаги ўзгаришлар, аввало халқимиз манфаатларини ўйлаб амалга оширилмоқда. Ислоҳотларнинг босқичма-босқич изчиллик билан амалга оширилаётгани эса тадбиқ этилаётган янги тартибларнинг халқчиллиги ҳамда ҳаётийлигини таъминлаяпти.
Биргина қишлоқ хўжалиги тизимидаги ишларни олиб қарайдиган бўлсак, фермер хўжаликларини оптималлаштириш, экин ерларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга алоҳида эътибор берилаётир. Мисол учун вилоятимизда 2020 йилга қадар 3400 гектар пахта майдонлари босқичма-босқич қисқартирилиб, бу ерларда сабзавот, картошка, озуқабоп экинлар етиштириш ҳажмларини ошириш режалаштирилган. Бугунга қадар ҳам бу борада бир қатор ишлар олиб борилиши самарасида, ўтган йил давомида миришкор фермерларимиз томонидан жами 370 минг тоннадан ортиқ сабзавот, картошка ҳамда полиз маҳсулотлари етиштирилди. Шунингдек, боғдорчиликка катта эътибор қаратилиши натижасида эса мазкур даврда қарийб 200 минг тонна мева, узум бозорларга чиқарилди.
Умуман олганда фермер хўжаликларининг ихчамлаштирилиб, янги хўжаликлар ташкил этилаётгани ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланиш имконини бермоқда.
Вилоятимизда сўнгги вақтларда амалга оширилган оптималлаштириш жараёни натижасида янги ташкил этилган хўжаликлар сони қарийб мингтага кўпайгани фикримизнинг тасдиғидир.
Туманимизда ҳам бу борадаги ишлар жадал олиб борилаётир.
Хусусан, жорий йилнинг ўзида пахта майдонларининг қисқартирилиши эвазига жами 186 гектар майдонга сабзавот, картошка ҳамда мойли экинлар экилади. Йил сўнгига қадар ҳудуд қишлоқ хўжалигининг бир қатор йўналишларида 140 та лойиҳа амалга оширилиши орқали халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқаришни кучайтириш ҳам кўзда тутилган.
Бунинг натижасида эса бозорларимизда маҳаллий маҳсулотлар кўпайиб, арзончиликка эришилади.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, қаердаки пухта ўйланган ислоҳотлар изчил амалга оширилса, ана шу жойда ривожланиш, фаровонлик бўлади. Бугун юртимиздаги ҳар бир соҳанинг жадал тараққиётида на шу омил муҳим ўрин тутаётган бўлса ажаб эмас.
О. МУСТАФОЕВ.
15.02.2017