Сир эмаски, ҳудудларни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва инвестициялар, шу жумладан, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш учун максимал даражада қулай шарт-шароитлар яратиш борасида муайян муаммолар мавжуд.
Хусусан, янгидан ташкил этилган давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари, инвестицияларни жалб этиш, иқтисодиёт ва тадбиркорликни, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарини ҳамда туризмни ривожлантириш учун масъул бўлган ҳоким ўринбосарлари тадбиркорларнинг долзарб муаммоларини ҳал этишга, ҳудудларда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқишга ҳамда мавжуд салоҳиятдан максимал даражада фойдаланишга кўп ҳолларда бепарво муносабатда бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти шуларни ҳисобга олган ҳолда, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга тадбиркорлик субъектларини кенг жалб этиш, тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларининг ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш, шунингдек, бўш турган объектлар, ер участкалари ва бошқа инфратузилмадан самарали ва оқилона фойдаланиш мақсадида 2018 йил 11 сентябрда “Ҳудудларда тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларини жадал амалга оширишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3939-сонли қарорига имзо чекди.
Қарорга мувофиқ, ҳудудларда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш комиссияси ҳамда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича ҳудудий гуруҳлар ташкил этилади. Ҳудудий гуруҳлар таркибига кирган давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари ва ходимлари асосий иш жойи бўйича мажбуриятларини бажаришдан озод қилинади ҳамда доимий равишда ўзларига бириктирилган ҳудудда бўлади.
Комиссия 10 кунда камида бир марта жойлардаги давлат органлари ва ташкилотлари даражасида ҳал қилинмаган муаммоли масалаларни ўрганади ҳамда тадбиркорликни ривожлантиришга, тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларини амалга оширишга тўсқинлик қилаётган мавжуд бюрократик тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш чораларини кўради.
Тадбиркорликни ривожлантириш, тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларини амалга ошириш бўйича қабул қилинган қарорлар, шу жумладан, давлат органлари ва ташкилотларига манзилли топшириқлар назарда тутилган қарорлар ижроси устидан тизимли назоратни амалга ошириш ҳам комиссиянинг вазифаси ҳисобланади.
Ҳудудий гуруҳларнинг асосий вазифалари этиб эса ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ҳолатини, шу жумладан, муҳандислик-коммуникация, ишлаб чиқариш ва бошқа инфратузилмани ўрганиш, шунингдек, уларни, шу жумладан, халқаро молия институтлари ва хорижий тижорат банклари маблағларини жалб этган ҳолда янада ривожлантириш ва такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш белгиланган.
Гуруҳлар ҳудудларнинг эҳтиёжи ва салоҳиятидан, шунингдек, ресурс, табиий-иқлим, меҳнат ва бошқалардан келиб чиқиб, инвестиция киритишни талаб этадиган истиқболли лойиҳаларни, шунингдек, бўш турган давлат мулки объектлари ва ер участкаларини ўрганади ва аниқлайди. Тадбиркорлик субъектлари томонидан қўллаб-қувватланган ва тегишли ҳудудда амалга ошириш таклиф қилинаётган истиқболли лойиҳаларни тезкор кўриб чиқиш чораларини кўриб, салоҳиятли инвесторлар билан музокаралар ва учрашувлар ўтказади. Тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларини, шу жумладан, халқаро молия институтлари ва хорижий тижорат банкларининг кредит линиялари ҳисобидан амалга оширишда тижорат банкларининг иштирокини таъминлайди. Бўш турган давлат мулки объектлари ва ер участкаларини аукцион савдоларига қўйиш билан боғлиқ масалаларнинг тезкорлик билан ҳал этилишини таъминлаш жойларда давлат органлари ва ташкилотлари даражасида ҳал қилинмаган тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ муаммоли масалаларни, шунингдек, зарур ҳолларда, истиқболли тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларини амалга ошириш бўйича таклифларни Комиссияга киритиш ҳам гуруҳ зиммасига юкланган.
Рустам ТЕМИРОВ,
туман ҳокими ўринбосари.