32ТАДБИРКОРЛИКДАН ФАРОВОНЛИК САРИ

Туманимизнинг “Дўстлик” маҳалласи ўзининг тадбиркорлари, деҳқонлари ҳамда ҳунармандлари билан нафақат ҳудуд, балки вилоят миқёсида ҳам кўпчиликка таниш саналади. Бугунги кунда маҳалла аҳолисининг тадбиркорликка қизиқиши тобора ортаётгани ҳудудда ишбилармонлик муҳити яхшиланаётганидан дарак беради.

– Маҳалламизда 50 тадан ортиқ кичик бизнес субъекти фаолият юритмоқда, – дейди МФЙ раиси А. Аҳмедов.

– Аҳолининг банкдан кредит олиб, паррандачилик, чорвачилик, иссиқхоначилик, лимончилик каби йўналишларда иш юритишга қизиқиши ортиб бораяпти. Биргина мисол, жорий йилнинг февраль-март ойларида банклар билан ҳамкорликда ҳар бир бир хонадонга кириб, имтиёзли кредитлар таклиф қилганимизда 128 нафар ишсиз аҳоли 400 миллион сўмга яқин кредитлар олишига эришилди. Айни пайтда ҳам улар ўз йўналишларида муваффақиятли иш олиб боришмоқда.

Эргаш Жумаев “Дўстлик”нинг ёш, ташаббускор тадбиркорларидан. 8 йилдан буён тадбиркорлик билан шуғулланаётган Э. Жумаев аввалига якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтиб иш олиб борган бўлса, айни пайтда “Турсун Ислом ўғли” деҳқон хўжалигини бошқариб келаяпти. Хўжалик негизида паррандачилик кенг йўлга қўйилган бўлиб, айни пайтда 4 нафар ишчилар томонидан 1000 бош тухум йўналишидаги товуқ, 1800 бош гўшт йўналишидаги бройлер жўжа парваришланмоқда.

– Йилига 20 тонна парранда гўшти, 300 минг донадан ортиқ тухум етиштирамиз, – дейди биз билан суҳбатда Э. Жумаев.

– Бундан ташқари, бозорларимизга 12 тонна эртапишар ҳамда кечпишар картошка ҳосили етказиб берамиз. Корхонамиз даромадларидан фаолиятимизни кенгайтириб, иш ўринлари яратиш, янги тармоқларни ишга туширишга сарфлаяпмиз.

Яна шуни таъкидлаш керакки, “Дўстлик” маҳалласида тадбиркорлар томонидан новвойхона, беданачилик, балиқчилик каби йўналишларда олиб борилаётган ишлар ҳам диққатга сазовор. Умуман олганда, ҳудудда кичик бизнеснинг юксалаётгани маҳаллага ўзгача файз, тароват ҳам бахш этмоқда.

О. МУСТАФОЕВ.  

12.06.2017