ТАДБИРКОРЛИКТАДБИРКОРЛИК НУФУЗИ ОШМОҚДА

Бугунги кунда юртимизда ишбилармонлик муҳитининг юксалаётгани боис, айни пайтда тадбиркорликни бошлаш, банкдан кредит олиш ҳар бир оилада энг кўп муҳокама қилинадиган мавзулардан бирига айланди. Тумандошимиз Абдулҳай Нусратуллаев ҳам коллежни битирдию қай бир ташкилотга ишга кирсам, деб ўйлаб ҳам ўтирмасдан, кичик корхона очиш таклифини оила аъзоларига билдирди. Шу тариқа “Янги авлод текстил” оилавий корхонаси ташкил этилди. 1,5 йиллик фаолиятга эга мазкур корхона ўтган йилнинг ўзида 200 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарди. 

— 48 миллион сўмлик банк кредити эвазига 9 та тикув машинаси харид қилганмиз, – дейди биз билан суҳбатда ёш тадбиркор А. Нусратуллаев. — 10 нафар ходим меҳнат қилаётган корхонамиз томонидан аҳоли буюртмасига кўра кийим-кечак тикилаётгани билан бирга йирик саноат корхоналарига ҳам иш кийимлари етказиб бераяпмиз. Ҳозирда Навоий конметаллургия комбинати давлат корхонаси, “Навоийазот” акциядорлик жамияти ва бошқа корхоналар билан ҳам шартномаларимиз бор. Бугунги кунда ижарада туриб фаолият юритаётган бўлсак, жорий йил якунига қадар мазкур бинони харид қилмоқчимиз.

Бу фаолиятимизни кенгайтириш, даромадларимиз ошишида муҳим саналади. 

Мазкур корхона ўз йўналишини кенгайтириш борасида ҳам қатор ишларни олиб бормоқда. Яқинда беданачиликка қўл урилиб, тухум йўналишида 1200 бош бедана келтириб, парваришлана бошланди. Эндиликда бедана жўжаларини шу ернинг ўзида етиштириш имконини берувчи технология ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур иш амалга ошса корхона ҳар 32 кунда 14 мингта жўжа етиштириш имкониятига ҳам эга бўлади.

Яна бир карманалик якка тартибдаги тадбиркор Башорат Тожиева ҳам 2014 йилда ҳунармандчилик асосида нақшинкор чорпоя, хонтахта, зина, диван каби маҳсулотлар тайёрлашни йўлга қўйган эди. 4 нафар киши иш билан банд бўлган субъект томонидан ҳар ойда мазкур турлардаги ўртача 10 та маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда.

— Банкдан 14 миллион сўмлик кредит олиш ҳаракатидамиз, – дейди биз билан суҳбатда Б.Тожиева. – Бунинг эвазига тахтага нақш чизиш ускунасини харид қилмоқчимиз. Иш ўринларини кўпайтириб, корхона фаолиятини яхшилаш учун устахона қуриш мақсадида туман ҳокимлигига ер ажратиш борасида ариза билан мурожаат қилганмиз. Ҳозирча хатимизга жавоб олмадик. Келгусида ана шу ишимиз амалга ошса, бу биз учун муҳим аҳамиятга эга бўларди.

Корхона яқинда туманда ўтказилган “Ташаббус — 2017” кўриктанловида иштирок этиб, юқори натижани қўлга киритди. Бу, албатта, субъект фаолияти истиқболли эканлигини ҳам кўрсатади.

Умуман олганда, маҳаллаларда истиқомат қилаётган оилаларнинг бозор талабларидан келиб чиқиб турли йўналишлардаги корхоналар ташкил этишаётгани нафақат ўзлари, балки ўша ҳудуд учун ҳам катта аҳамиятга эга бўлмоқда. Шу билан бирга уларнинг истиқболли фаолияти тадбиркорлик ҳар бир оила турмуш фаровонлигини таъминлайдиган муҳим омиллардан эканлигига исбот бўлмоқда.

Озод МУСТАФОЕВ.

Суратлар муаллифи Сирож АСЛОНОВ

22.05.2017