ЭКСПОРТ ШАРТНОМАЛАРИ ИМЗОЛАНДИ
Навоий олимпия заҳиралари коллежида XI ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси ўтказилиб, унда 250 га яқин корхона ўз маҳсулотлари билан иштирок этди.
Ярмаркада мебелсозлик, ипгазлама, озиқ-овқат маҳсулотлари, маиший техникалар, қурилиш материаллари намойиш қилинди.
– Корхонамизда коммунал ва бошқа тизимда ишлатиладиган иккиламчи полиэтилен қувурлар тайёрланади, – дейди туманимиздаги “Озодбек пласт” масъулияти чекланган жамияти директори Маҳлиё Ражабова. – Айни пайтда 11 киши меҳнат қилаётган корхонада тайёрланаётган турли диаметр ва қалинликдаги қувурларга талаб ортмоқда. Жорий йилда йўлаклар учун мўлжалланган брусчатка ва бетон плиталар ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Ярмаркада харидорлар ва ишлаб чиқарувчилар билан қатор шартномалар имзолаб, пеноблок ишлаб чиқариш линиясини харид қилиш бўйича ўзаро келишувга эришдик. Энди янги турдаги маҳсулот тайёрлаб, даромадни кўпайтириш ниятидамиз.
Икки кун давом этган ярмарка доирасида ишлаб чиқарувчилар ўртасида янги техника ва воситалар, технологиялар, маҳсулот ҳамда хизматларни харид қилиш юзасидан 80 миллиард сўмликдан ортиқ ички, қарийб 4 миллион долларлик экспорт шартномалари имзоланди.
Ўз мухбиримиз.
Сурат муаллифи С. АСЛОНОВ.
04.05.2017