ХАРИДОРГИР МАҲАЛЛИЙ МАҲСУЛОТЛАР
“Навоий” эркин иқтисодий зонасида фаолият кўрсатаётган “Полиэтилен қувурлар” шўъба корхонасида ишлаб чиқарилаётган тўрт хил полиэтилен қувурлар юқори сифати билан харидорларга манзур бўлмоқда.
Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда яратилаётган қулай ишбилармонлик муҳити, тадбиркорларга берилаётган кенг имтиёз ва преференциялар ички бозорни сифатли, рақобатбардош, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар билан тўлдиришда муҳим омил бўлаётир. “Навоий” эркин иқтисодий зонасида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари ҳам солиқ ва божхона имтиёзларидан самарали фойдаланиб, катта муваффақиятларга эришмоқда.
Ушбу ҳудудда “Шўртан газ-кимё мажмуаси” унитар шўъба корхонаси таркибида ташкил этилган корхона 2016 йилда маҳаллий истеъмолчиларга 10 миллиард сўмликдан зиёд полиэтилен қувурлар етказиб берди.
— Корхонамиз мутахассислари янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш устида мунтазам изланиш олиб бормоқда, – дейди корхона бош муҳандиси Ҳ. Каримов. — Хусусан, келгусида кенг турдаги полимер маҳсулотлар тайёрлаш режалаштирилмоқда. Диаметри 20 милли-метрдан 250 миллиметргача бўлган ўлчамдаги жаҳон стандартларига тўла жавоб берадиган полиэтилен қувурлар бино ва иншоотларнинг ичимлик суви, канализация тармоқларида кенг фойдаланилади.
Корхонада иш икки сменада ташкил этилган бўлиб, ишчилар учун барча шароит яратилган. Кийиниш, ювиниш хоналари ва ошхона замонавий жиҳозланган. Маънавият хонаси вақтли матбуот нашрлари, турли жанрдаги китоблар билан таъминланган. Ишчиларнинг ишга келиб-кетиши учун махсус хизмат автобуси йўлга қўйилган. Ёш кадрларнинг ўз устида ишлаши ва иш тажрибасини ошириши учун белгиланган муддатда малакали мутахассислар иштирокида синов машғулотлари ўтказилади.
Маҳсулот тайёрлашда ишлатиладиган полиэтилен грануласи ва суперконцентрат хомашёларининг меъёрий кўрсаткичларини белгилашда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги Полимерлар кимёси ва физикаси илмий-тадқиқот маркази билан ҳамкорлик яхши самара бермоқда.
Йилига 1 минг 500 тонна полиэтилен грануласини қайта ишлаш қувватига эга корхона ишчиларининг аксарияти касб-ҳунар коллежларини битирган ёш мутахассислардир.
Эркин иқтисодий зонада алоҳида божхона ва солиқ имтиёзлари жорий этилгани ишлаб чиқарувчилар ва хорижлик сармоядорлар учун қўшимча қулайлик яратмоқда.
Нуриддин РАҲИМОВ.
03.04.2017