ИСЛОҲОТЛАР ИЗЧИЛЛИГИ – ТАРАҚҚИЁТ НЕГИЗИ
Бугунги кунда юртимизнинг ҳар бир соҳасидаги ўзгаришлар, аввало халқимиз манфаатларини ўйлаб амалга оширилмоқда. Ислоҳотларнинг босқичма-босқич изчиллик билан амалга оширилаётгани эса тадбиқ этилаётган янги тартибларнинг халқчиллиги ҳамда ҳаётийлигини таъминлаяпти.
Биргина қишлоқ хўжалиги тизимидаги ишларни олиб қарайдиган бўлсак, фермер хўжаликларини оптималлаштириш, экин ерларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга алоҳида эътибор берилаётир. Мисол учун вилоятимизда 2020 йилга қадар 3400 гектар пахта майдонлари босқичма-босқич қисқартирилиб, бу ерларда сабзавот, картошка, озуқабоп экинлар етиштириш ҳажмларини ошириш режалаштирилган. Бугунга қадар ҳам бу борада бир қатор ишлар олиб борилиши самарасида, ўтган йил давомида миришкор фермерларимиз томонидан жами 370 минг тоннадан ортиқ сабзавот, картошка ҳамда полиз маҳсулотлари етиштирилди. Шунингдек, боғдорчиликка катта эътибор қаратилиши натижасида эса мазкур даврда қарийб 200 минг тонна мева, узум бозорларга чиқарилди.
Умуман олганда фермер хўжаликларининг ихчамлаштирилиб, янги хўжаликлар ташкил этилаётгани ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланиш имконини бермоқда.
Вилоятимизда сўнгги вақтларда амалга оширилган оптималлаштириш жараёни натижасида янги ташкил этилган хўжаликлар сони қарийб мингтага кўпайгани фикримизнинг тасдиғидир.
Туманимизда ҳам бу борадаги ишлар жадал олиб борилаётир.
Хусусан, жорий йилнинг ўзида пахта майдонларининг қисқартирилиши эвазига жами 186 гектар майдонга сабзавот, картошка ҳамда мойли экинлар экилади. Йил сўнгига қадар ҳудуд қишлоқ хўжалигининг бир қатор йўналишларида 140 та лойиҳа амалга оширилиши орқали халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқаришни кучайтириш ҳам кўзда тутилган.
Бунинг натижасида эса бозорларимизда маҳаллий маҳсулотлар кўпайиб, арзончиликка эришилади.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, қаердаки пухта ўйланган ислоҳотлар изчил амалга оширилса, ана шу жойда ривожланиш, фаровонлик бўлади. Бугун юртимиздаги ҳар бир соҳанинг жадал тараққиётида на шу омил муҳим ўрин тутаётган бўлса ажаб эмас.
О. МУСТАФОЕВ.
15.02.2017