ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ СТАТИСТИКА ҚЎМИТАСИ
ФАОЛИЯТИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ
ТЎҒРИСИДА
Қайд этиб ўтилсинки, республикада давлат статистикаси тизимини яратиш бўйича чора-тадбирларни изчил амалга ошириш натижасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда статистика ахборотини йиғиш, тўплаш, сақлаш, ишлов бериш ва эълон қилишнинг яхлит тизими шакллантирилди.
Шу билан бирга, статистика ишлари амалиётида фойдаланилаётган статистик маълумотларни йиғиш, умумлаштириш ва таҳлил қилиш шакллари ва усуллари ҳали замон талабларига ҳамда халқаро стандартларга тўлиқ даражада мос келмайди, шу жумладан:
биринчидан, илғор халқаро тажрибани чуқур ўрганиш ҳамда макроиқтисодий ҳисоб-китобларда замонавий математик ва дастурий-техник аппаратдан кенг фойдаланиш асосида статистика кўрсаткичларини шакллантиришга нисбатан қўлланилаётган усуллар ва ёндошувларни такомиллаштириш талаб этилади;
иккинчидан, республика ва минтақалар иқтисодиёти тармоқлари ҳамда соҳаларининг ривожланиш даражасини холисона баҳолаш имконини берувчи ҳисобот маълумотларининг тўлиқлиги ва ишончлилигини таъминлаш борасидаги ишлар лозим даражада ташкиллаштирилмаган;
учинчидан, иқтисодий ислоҳотлар, мамлакат ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қабул қилинган мақсадли давлат дастурлари амалга оширилишининг бориши юзасидан ишончли статистик кузатувлар ўтказиш имкониятлари етарлича ишга солинмаган;
тўртинчидан, миллий иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларини ҳамда ҳудудларни ривожлантиришда вужудга келаётган тенденцияларнинг сабаблари ва омилларини очиб берадиган статистик материалларнинг комплекс таҳлили мавжуд эмас;
бешинчидан, статистика маълумотларини халқаро статистика нашрларида чоп этиш йўли билан республикада амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг натижалари тўғрисида хорижий бизнес жамоалари ва халқаро жамоатчиликнинг кенг доираларини хабардор қилиш механизмларидан суст фойдаланилмоқда;
олтинчидан, давлат статистикаси органлари фаолиятига статистик маълумотларни йиғиш ва тақдим этиш бўйича замонавий интерфаол сервисларни татбиқ қилиш ҳолати давлат статистикаси соҳасидаги қоидабузарликларнинг олдини барвақт олган ҳолда ҳисоботларнинг ҳамда уларни тўлдириш масалалари бўйича маслаҳатларнинг тўғрилигини интерфаол тарзда текшириш имкониятини таъминламайди;
еттинчидан, давлат статистикаси органларининг ташкилий-штат тузилмаси статистика маълумотларидан фойдаланиш, уларнинг шаффофлиги ва очиқлигини ошириш борасида статистика фаолиятини самарали ташкил қилишга мавжуд ресурсларни сафарбар этиш имконини бермайди.
Давлат статистикаси тизимини тубдан такомиллаштириш, чет эл статистикасида кенг қўлланилаётган, халқаро талаблар ва стандартларга мос келадиган статистика таҳлили, кўрсаткичлари, баҳолаш мезонлари ва ҳисобот шаклларининг синовдан ўтган замонавий усулларини амалиётга жорий этиш, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ва таркибий қайта қуришларнинг амалга оширилиши тўғрисида мамлакатимиз ҳамда чет эллардаги фойдаланувчиларнинг кенг доираси учун статистика маълумотларининг ишончлилигини, шаффофлиги ва очиқлигини таъминлаш, шунингдек, халқаро статистика ташкилотлари билан ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида:
1. Қуйидагилар 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятининг устувор йўналишлари этиб белгилансин:
макроиқтисодий, тармоқ ва минтақавий даражаларда ўрганилаётган ижтимоий-иқтисодий жараёнлар қамраб олинишини кенгайтиришга қаратилган статистика маълумотларини йиғиш ҳамда ишлов беришнинг замонавий методология ва усулларини кенг жорий этиш йўли билан статистик кузатувлар тизимини умумэътироф этган халқаро амалиётга мослаштиришни давом эттириш;
мамлакатимиз ва хорижий фойдаланувчиларнинг кенг доираси учун статистика маълумотларининг максимал даражада шаффофлиги ва очиқлигини таъминлаш, халқаро статистика ташкилотлари билан ҳамкорликни, шу жумладан республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид материаллар ва кўрсаткичларни халқаро статистика тўпламларида чоп этишни кенгайтириш;
миллий иқтисодиёт тармоқлари ва соҳалари ҳамда ҳудудлари ривожланишини, иқтисодиётда ислоҳотларни чуқурлаштириш ва уни либераллаштириш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш ва технологик қайта жиҳозлаш, хом ашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш, республика минтақаларини комплекс ривожлантириш бўйича қабул қилинган дастурларни амалга ошириш, аҳоли турмуш даражасидаги сифат ўзгаришларини ғоят тўлиқ ифодаловчи статистика ахборотини тезкор ва сифатли тайёрлаш;
хўжалик юритувчи субъектларга ишончли давлат статистика ҳисоботини тақдим этишда ҳар томонлама кўмаклашиш, статистика маълумотларини тақдим этиш соҳасида ҳуқуқий маданиятни ошириш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг таъсирчан механизмларини ишлаб чиқиш, статистик назоратни амалга оширишнинг замонавий усулларини жорий этиш;
статистик маълумотларни йиғиш, ишлов бериш, топшириш ва тарқатишнинг замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг татбиқ этиш, статистика маълумотлар билан ишлаш жараёнларини автоматлаштириш даражасини чуқурлаштириш, статистика маълумотлари ягона банкини шакллантириш;
статистика органларининг таҳлилий салоҳиятини мустаҳкамлаш, статистика ишларига кўрсаткичларни визуаллаштиришнинг илғор усуллари жорий этилишини ҳамда тарқатилаётган статистика ахборотлари таҳлилий ва маълумотнома материаллари билан албатта тўлдирилишини, оммавий ахборот воситаларида жойлаштириш учун маърузалар, матбуот учун ахборот ва мақолалар чоп этилишини таъминлаш;
давлат ва идоравий статистик кузатувлар тизимини оптималлаштириш, танлаб олинадиган статистик текширувлар миқдорини босқичма-босқич кўпайтириш ва уларнинг натижалари ишончлилигини ошириш йўли билан объектив, сифатли ва талабгор ҳисобот маълумотларини тайёрлашда Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг мувофиқлаштирувчи ролини кучайтириш;
мамлакатимиз илмий ва таълим муассасалари ҳамда чет эллардаги статистика ташкилотлари билан ҳамкорликда статистика соҳасидаги мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш борасидаги ишларни тизимли асосда ташкиллаштириш.
2. 2017 — 2021 йилларда статистика фаолиятини ташкил этиш самарадорлигини тубдан ошириш, статистика ахбороти сифати ҳамда уни тарқатиш тизимини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар дастури 1-иловага мувофиқ маъқуллансин.
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси раиси (Б. Бегалов) ва унинг ўринбосарлари зиммасига:
2017 — 2021 йилларда статистика фаолиятини ташкил этиш самарадорлигини тубдан ошириш, статистика ахбороти сифати ҳамда уни тарқатиш тизимини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар дастурига киритилган тадбирлар ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш;
иқтисодиёт тармоқлари, соҳалари ҳамда минтақаларни ривожлантириш кўрсаткичларининг халқаро миқёсда қиёсланиши имкониятини таъминлаган ҳолда миллий статистика тизимининг халқаро статистика тизимига янада интеграциялашуви, халқаро ташкилотларнинг тавсияномаларига мувофиқ кўрсаткичлар ҳисоб-китобларининг такомиллаштирилган усулларини жорий этиш;
тайёрланаётган статистика ахборотини чуқур таҳлил этиш асосида иқтисодиёт тармоқлари ва соҳалари ҳамда ҳудудларни ривожлантириш бўйича таклифлар тайёрлашда Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг ролини кучайтириш, иқтисодиётни ривожлантиришнинг жамоатчилик томонидан энг кўп талаб этиладиган масалалари бўйича таҳлилий материаллар, матбуот учун ахборотлар ва статистика маълумотларини чоп этишни кенгайтириш;
тасдиқланган давлат дастурларининг тадбирлари ва иқтисодиётни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари билан ўзаро боғлиқ ҳолда ҳар йили тасдиқланадиган давлат статистика ишлари Дастурининг мазмунини такомиллаштириш;
статистик ҳисоб-китобни ташкил этишни тизимли асосда тубдан яхшилаш ҳамда ахборотни йиғиш ва ишлов беришнинг халқаро методологиясини татбиқ этиш асосида иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларини ривожлантириш кўрсаткичларини, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда, замонавий ёндошувлар ва усулларни қўллаган ҳолда макроиқтисодий ҳисоб-китобларни акс эттириш;
такомиллаштирилган замонавий технологиялар ва усулларни жорий этиш асосида статистика маълумотларини йиғиш, ишлов бериш ва тақдим этиш жараёнларини автоматлаштириш даражасини ошириш, статистик ҳисоботнинг шаклларини соддалаштириш, тармоқда ахборот-коммуникация технологияларининг функционал имкониятларидан фойдаланишни тубдан кенгайтириш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг 2018 — 2021 йиллардаги Инвестиция дастурларида ушбу қарорнинг 1-иловасида белгиланган тадбирларни амалга ошириш учун капитал маблағларнинг зарур лимитларини назарда тутсин.
4. Ўзбекистон бўйича иқтисодий ва молиявий маълумотлардан кенг фойдаланишни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги (Г. Саидова) Молия вазирлиги (Б. Ходжаев), Марказий банк (М. Нормуродов), Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (А. Абдухакимов), Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси (А. Ахмедходжаев), Давлат статистика қўмитаси (Б. Бегалов) ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда тегишли вазирликлар ва идоралар томонидан ишлаб чиқилаётган ҳамда кейинчалик халқаро статистика ва молия институтларига тақдим этиш учун Давлат статистика қўмитасида жамланадиган иқтисодий ҳамда молиявий кўрсаткичлар рўйхатини белгиласин.
5. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси тизимининг ташкилий тузилмаси 2-иловага мувофиқ:
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси марказий аппаратининг бошқарув ходимлари чекланган сони 234 кишидан иборат тузилмаси 3-иловага мувофиқ:
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри статистика бошқармаларининг намунавий тузилмаси 4-иловага мувофиқ;
туманлар (шаҳарлар) статистика бўлимларининг намунавий тузилмаси 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси раисига, зарур ҳолларда, қўмита марказий аппарати, ҳудудий органлари ва идорага қарашли ташкилотлар тузилмасига бошқарув ходимларининг чекланган сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
6. Белгилансинки:
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасига Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тақдимномаси бўйича лавозимга тасдиқланадиган ва ундан озод қилинадиган раис раҳбарлик қилади;
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси раисининг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва ундан озод қилинади;
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри статистика бошқармаларининг бошлиқлари тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг тақдимномаларига биноан Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг раиси томонидан лавозимга тайинланадилар ва ундан озод қилинадилар;
туманлар (шаҳарлар) статистика бўлимларининг бошлиқлари Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси раис билан келишилган ҳолда туманлар (шаҳарлар) ҳокимларининг тақдимномасига биноан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри статистика бошқармаларининг бошлиқлари томонидан лавозимга тайинланадиган ва ундан озод қилинадилар.
7. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри статистика бошқармаларининг бошлиқлари зиммасига:
Хўжалик юритувчи субъектлар ҳамда аҳоли ўртасида танлаб ўтказиладиган статистик текширувлар ва сўроқларни сифатли амалга ошириш, корхоналар ва ташкилотларнинг Ягона давлат регистрида юридик шахслар ҳисобга олиниши тўлиқлигини таъминлаш ҳамда улар фаолиятининг ҳолати ўзгаришларини мониторинг қилиш;
давлат статистикаси соҳасида қоидабузарликлар профилактикаси ҳамда статистика маълумотларининг тўлиқлиги ва ишончсизлилигини таъминлаш мақсадида хўжалик юритувчи субъектлар билан самарали ҳамкорликни ташкил этиш, улар учун максимал даражада қулай шарт-шароитлар яратиш;
ҳудудий ривожланиш дастурлари амалга оширилиши ўз вақтида ва ишончли статистик ҳисобга олинишини таъминлаш;
минтақалар ривожланишининг тизимли таҳлилини амалга ошириш юзасидан бошқа ҳудудий бошқарув органлари, маҳаллий ижроия ҳокимият органлари билан ўзаро яқин ҳамкорлик қилиш;
Интернет тармоғида, оммавий ахборот воситаларида ва маҳаллий телеканалларда минтақа ривожланишини ғоят тўлиқ тавсифлайдиган комплекс статистик ва таҳлилий ахборотни кенг ёйиш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.
8. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси (Б. Бегалов):
тақдим этилаётган статистика маълумотларининг ишончлилигини янада ошириш мақсадида, икки ой муддатда статистик ҳисоботларни олишда статистика маълумотларини чуқур таҳлил қилишнинг такомиллаштирилган тартибини жорий этсин, маълумотлардаги номувофиқликларни аниқлаб, уларни хўжалик юритувчи субъектлар билан биргаликда тезкорлик билан бартараф этсин;
икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг жаҳон Интернет ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтининг мазмунини статистика маълумотларининг ошкоралиги, шаффофлиги ва очиқлиги жиҳатидан танқидий қайта кўриб чиқсин, фойдаланувчилар учун талабгир бўлган статистика ахборотини, таҳлилий материаллар ва маърузаларни жойлаштириш, маълумотларни турли кесимларда визуаллаштириш, «онлайн консультант» режимида фойдаланувчилар билан тезкор мулоқот олиб бориш мумкинлигини назарда тутсин;
уй ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Марказий банки ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда халқаро нашрларда мамлакатимиз тўғрисидаги статистика маълумотлари ҳамда бошқа ахборотни жойлаштириш мақсадида етакчи халқаро ва хорижий молия институтлари билан ҳамкорликни кенгайтириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;
бир ой муддатда давлат статистикасини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини ҳисобга олган ҳолда 2017-2018 йилларда давлат статистикаси органлари тизими ходимларининг малакасини ошириш Дастурини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
9. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси раиси (Б. Бегалов) Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси ҳайъати фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини таъминлаш юзасидан таъсирчан чоралар кўрсин, ҳайъат зиммасига қуйидаги асосий вазифалар юклансин:
давлат статистикаси тизими фаолиятининг қонунчиликда белгиланган асосий йўналишларини танқидий кўриб чиқиш, статистика фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш, республика ва ҳудудий даражаларда давлат статистикаси органларининг вазифалари ва функцияларини такомиллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш;
давлат статистикаси соҳасидаги сиёсатни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий ижроия ҳокимият органлари билан ишларини мувофиқлаштириш ва ҳамкорлик қилиш таклифларини кўриб чиқиш;
давлат статистика ишлари бажарилишининг натижадорлигини ҳар чоракда танқидий кўриб чиқиш;
хорижий мамлакатларнинг статистика органлари билан статистик ахборот айирбошлашни ташкил этиш, шунингдек, халқаро статистика, молиявий ва иқтисодий ташкилотларга статистик ахборотни тақдим этиш бўйича таклифларни кўриб чиқиш;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг топшириқлари жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг мурожаатларини, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси ва халқ қабулхоналаридан келиб тушаётган мурожаатларни ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқиш асосида бажарилишини самарали назорат қилишни таъминлайдиган ижро интизоми даражасини ошириш, давлат статистикаси соҳасида долзарб муаммоларни ҳал этиш юзасидан аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;
ҳайъатнинг сайёр мажлислари ўтказилишини ташкиллаштириш, жойларда давлат статистикаси органлари фаолиятининг энг муҳим масалаларини муҳокама қилиш, шунингдек, юзага келган муаммоларни бартараф этиш бўйича тегишли қарорлар ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси ҳудудий органлари раҳбарларининг зиммасига юклатилган вазифалар ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун шахсий жавобгарлиги оширилишини таъминлаган ҳолда уларнинг ҳисоботларини тизимли асосда тинглаб туришни ташкиллаштириш.
10. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси ва Иқтисодиёт вазирлигининг 2017 йил II ярим йиллигидан бошлаб давлат статистика ҳисоботининг қисқартирилаётган шакллари рўйхатини 6-иловага мувофиқ тасдиқлаш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда:
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси тўғрисидаги Низомни;
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси ҳайъати аъзоларининг шахсий таркиби ва сонини белгиланган тартибда тасдиқласин.
12. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси бир ой муддатда:
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;
манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан ҳамкорликда ўзлари илгари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
13. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси В.А. Голышев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Кармана туман ҳокимлиги веб-сайтида
ёритилган вақти: 17.03.2020 йил