Халқ депутатлари Кармана тумани Кенгашининг ҚАРОРИ

ИҚТИСОДИЁТ ТАРМОҚЛАРИ, ИЖТИМОИЙ СОҲА ОБЪЕКТЛАРИ

ҲАМДА МУҲАНДИСЛИК КОММУНИКАЦИЯЛАРИНИ 2018/2019

ЙИЛЛАР КУЗ-ҚИШ МАВСУМИГА ТАЙЁРЛАШ ВА МАВСУМНИ БЕТАЛОФОТ ЎТКАЗИШ БЎЙИЧА ИШЛАРНИНГ БОРИШИ ЮЗАСИДАН КЎРИЛАЁТГАН ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 июндаги “Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларни 2018/2019 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3849-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида туманда бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.

Унга кўра, 2018/2019 йиллар куз-қиш даврида туман ҳудудида иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар аниқ белгилаб берилган бўлиб, тумандаги кўп қаватли уй-жойлар ва ижтимоий соҳа объектларини 2018/2019 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлаш бўйича бир қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.

Туман аҳолисини ва ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш даврида иссиқлик энергияси билан таъминлашни янада такомиллаштириш юзасидан аҳолига кўрсатилаётган хизматлар, куз-қиш мавсумини беталофот ўтказиш мақсадида, халқ депутатлари туман Кенгаши

Қ А Р О Р  Қ И Л А Д И:

1. Туман аҳолисини ва ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш даврида иссиқлик энергияси билан таъминлашни янада такомиллаштириш юзасидан туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Д. Эргашевнинг ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.

2. Туман ҳокимининг ўринбосари (Д. Эргашев)га Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими (М. Эгамов), манфаатдор ташкилотлар ва корхоналар билан биргаликда:

бир ҳафта муддатда ўтган куз-қиш даврида юзага келган муаммолар ва йўл қўйилган камчиликларни чуқур таҳлил қилган ҳолда коммунал хўжалиги тармоқларининг 2018/2019 йилларда барқарор ишлашини таъминлаш борасидаги тадбирларни ишлаб чиқиб, ижросини таъминлаш;

чекка ва табиий газ билан таъминлаш муаммоси бўлган аҳоли яшаш пунктларида истиқомат қиладиган оилалар кесимида кўмир ёқилғиси ва суюлтирилган газ билан таъминлаш тадбирларини ишлаб чиқиб, бу борадаги шартномаларни расмийлаштириш ишларини ташкил этиш;

ҳудудлардаги мавжуд кўп қаватли уйларнинг техник ҳолатини хатловдан ўтказиш ишларини ташкил этиш ва ўн кун муддатда ҳар бир уйни куз-қиш даврига тайёрлаш бўйича аниқ тадбирларни ишлаб чиқиш;

тумандаги корхона, ташкилот ва муассасалар томонидан куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш тадбирларининг ишлаб чиқилишини таъминлаш вазифалари топширилсин.

3. Туман ҳокимининг ўринбосарлари (Ж. Бобомуродов,   Д. Эргашев) биргаликда маиший хизмат кўрсатиш ва бошқа ишлаб чиқариш объектлари (иссиқхоналар ва бошқалар)ни ўрнатилган тартибда бошқа муқобил энергия воситалари (табиий газдан ташқари)га ўтказилишини таъминлаш ишларига ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатсин.

4. Туман халқ таълими (З. Остонов), мактабгача таълим      (Н. Халилова), маданият бўлимлари (Ғ. Рў­зиев), туман тиббиёт бирлашмаси (Б. Базаров) ва касб-ҳунар коллежлари (М. Норқулова, Ж. Савриев, Х. Шодиев,  Ғ. Эргашев)га:

15 кун муддатда ҳудудлардаги ижтимоий соҳа обеъктларининг иссиқлик тизимини барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида тегишли мутахассислар билан биргаликда қайта кўриб чиқилишини ташкил этиш;

ижтимоий соҳа объектларига кўмир маҳсулотларини жамғариш ишларини жорий йилнинг 1 октябрь кунига қадар тўлиқ якунлаш;

аҳоли ва ижтимоий соҳа муассасалари учун аниқланган қўшимча кўмир маҳсулотига бўлган эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда аҳоли учун кўмир заҳирасини яратиш бўйича барча зарурий чораларни кўриб, амалга оширилган ишлар юзасидан ҳар ҳафтанинг жума куни туман ҳокимлигига маълумот киритиб бориш;

ҳудудларга етказиб берилаётган кўмир маҳсулотларини белгиланган талаб ва нормалар асосида қабул қилиб олиш, сақлаш омборхоналарини мавсумга тайёр ҳолга келтириш ва уларни белгиланган тартибда сифатли сақланишини таъминлаш учун барча зарурий чораларни кўриш вазифалари топширилсин.

6. Туман Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи   М. Эгамов бир ҳафта муддатда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини ўз вақтида ва сифатли олиб борилишини таъминлаш мақсадида туман штабини ташкил этсин.

Туман штабининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилаб қўйилсин:

- кўп қаватли уйларнинг муҳандислик коммуникация тизимлари ва том қисмларининг капитал ва жорий таъмирланиши;

- ижтимоий соҳа муассасаларининг қозон ва қозонхоналар, том қисми, эшик ва деразаларнинг мавсумга тайёрланиши;

- электр, газ, иссиқлик ва ичимлик сув тармоқларини тўлиқ таъмирлаш ишларининг амалга оширилиши;

- аҳолига суюлтирилган газ ва газ баллонларини ўз вақтида етказиб берилиши юзасидан таҳлилий умумий маълумотларни тайёрлаш;

- мавсум давомида электр энергиясини асоссиз ўчирилишини доимий назоратга олиш ишларини ташкил қилиш.

7. “Кармана овози” газетаси таҳририяти давлат корхонаси  

(Р. Сабуров)га мазкур қарорни “Кармана овози” газетасида чоп этиш ва ҳокимликнинг веб-сайтига жойлаштиришни таъминлаш топширилсин.

8. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг ўринбосари (Д. Эргашев) ва халқ депутатлари туман Кенгашининг Саноат, транспорт, қурилиш, коммунал хўжалиги масалалари ва аҳолига хизмат кўрсатиш доимий комиссияси (Ш. Носирова) зиммаларига юклатилсин.

Кенгаш раиси   Ф. УМАРОВ

2018 йил 18 август,

№ 53/231