Халқ депутатлари Кармана тумани Кенгашининг ҚАРОРИ

ТУМАНДА СОҒЛОМ ОВҚАТЛАНИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ВА АҲОЛИГА СОҒЛОМ ТУРМУШ ТАРЗИНИ ТАРҒИБ ҚИЛИШ БОРАСИДА АМАЛГА ОШИРИЛАЁТГАН ИШЛАРНИНГ АҲВОЛИ ТЎҒРИСИДА 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, бугунги кунда дунёда 2 млрд. (26 фоиз) инсон темир моддаси, А витамини каби одам организми учун ўта зарур бўлган органик микроэлементларни талаб даражасида истеъмол қилмайди. Шу туфайли 155 млн. бола (7 фоиз) ўсиш ва ривожланишда орқада қолаяпти, 52 млн. бола (2 фоиз) эса сурункали чарчашдан азият чекмоқда. Шунингдек, 30 ва ундан юқори ёшдаги инсонларнинг 2 млрд. (26 фоиз), 18 ёшгача бўлган болаларнинг 41 млн. (1,7 фоиз) нафари ортиқча вазн ва семизликка дучор бўлган.

Мазкур ташкилот Европа минтақаси мамлакатларида ўлим ва ногиронликка сабаб бўлувчи 4 та асосий юқумсиз касалликни аниқлаган. Булар юракқон томир касалликлари, диабет, саратон ва сурункали касалликларнинг умумий юки 77 фоизини, бу эса эрта ўлимнинг қарийб 86 фоизини ташкил этиб келмоқда. Хусусан, ҳозирги кунда дунёдаги 1,62 млрд. (21 фоиз) инсон организмида темир танқислиги (анемияси)га чалингани қайд этилган. Ушбу касалликлар алоҳида гуруҳга ажратилиб, улар етарли бўлмаган жисмоний фаоллик, тамаки ва алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилиш билан боғлиқдир.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, уларга сифатли тиббий ва ижтимоий-тиббий хизмат кўрсатиш, оила саломатлигини асраш ва мустаҳкамлаш борасида муайян ишлар олиб борилмоқда.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Ҳукуматининг аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда соғлом овқатланишини ташкил этишга қаратилган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари қабул қилинди. Жумладан, Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 16 январдаги “Мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони соҳада муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Ўз навбатида, мамлакатимизда аҳолининг соғлом овқатланиш соҳасидаги чора-тадбирлар комплекси амалга оширилишини ташкил этиш ва назорат қилиш бўйича республика комиссияси ва Тошкент тиббиёт академияси ҳузурида Республика диетология ўқув-илмий маркази ташкил этилди.

Озиқ-овқат саноати ривожланишининг тадрижий ўсишини таъминлаш ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтиришга йўналтирилган тизимли ислоҳотлар амалга оширилди. Бунинг натижасида кейинги йилларда аҳолининг овқатланиши сифати анча яхшиланиб, озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш тузилмаси ўзгарди. Бу борада про­филактика ишларини кучайтириш учун унни витамин-минераллар билан бойитиш бўйича “Ўзстандарт” агентлигининг давлат стандарти ишлаб чиқилиб, тасдиқланди.

Ўтган давр мобайнида аҳолининг соғлом овқатланиши соҳасидаги комплекс чора-тадбирлар ижросини таъминлаш мақсадида мактабгача таълим муассасаларида тўлиқ ва хавфсиз овқатланишни ташкил этиш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигига гигиеник талаблар, сут ва сут маҳсулотларига (сут, қаймоқ, чакка, творог, пишлоқ, сметана, кефир, қатиқ) давлат стандартлари ишлаб чиқилди. Бунда тайёр озиқ-овқат маҳсулотлари таркибига қўшиладиган шакар, туз, тўйинган ва транскислоталар ҳамда қўшимчаларни хавфсиз миқдорда меъёрлаштириш кўзда тутилди.

Туманда соғлом овқатланишни ташкил этиш ва аҳолига соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасидаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида "Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 24-моддасига мувофиқ, халқ депутатлари туман Кенгаши

Қ А Р О Р    Қ И Л А Д И:

1. Туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Б. Базаровнинг "Туманда соғлом овқатланишни ташкил этиш ҳам­да аҳолига соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган ишларнинг аҳволи тўғрисида"ги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.

2. Туман тиббиёт бирлашмаси (Б. Базаров)га ва Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази (А. Содиқов)га:

туманда патронаж таҳлиллари, овқатланиш ва жисмоний ҳаракат билан боғлиқ касалликларнинг барвақт олдини олиш, соғлом овқатланишни ташкил этиш ва аҳолига соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасида фаолияти бўйича аниқланган хато ва камчиликлари кўрсатиб ўтилсин ҳамда бу борада йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли ишларни янада кучайтириш вазифаси юклансин.

3. Тиббиёт бирлашмасига, қишлоқ оилавий поликлиникалари бош шифокорларига:

- патронаж жараёнида оилаларда тиббий маданиятни ошириш ва ҳар бир кишининг ўз саломатлиги ва болалари саломатлиги учун масъулиятини оширишга йўналтирилган мақсадли дастурларни ишлаб чиқиш;

- аҳоли ўртасида баркамол соғлом авлодни тарбиялаш, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий этика ва деонтология, санитария-гигиена кўникмалари, оқилона овқатланиш қоидаларига риоя этиш, туғма патология ва ирсий касалликларни камайтиришга йўналтирилган профилактика тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

- туманда соғлом овқатланиш маданияти ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳоли ўртасида овқатланишнинг бузилиши билан боғлиқ турли касалликларни олдиндан аниқлаш ва уларни бартараф этиш чора-тадбирларини кўриш;

- соҳада юқумли бўлмаган касалликларга чалиниш хавфи омилларини барвақт аниқлаш меха­низмларини жорий этиш орқали аҳоли ўртасида турли касалликка чалиниш, уларни эрта аниқлаш, хусусан, ногиронликни барвақт профилактика қилиш ишларини жадаллаштириш;

- ҳомиладор ва эмизикли аёллар, шунингдек, 3 ёшгача бўлган болаларнинг тўлиқ овқатланишини ташкил этиш, даволаш жараёнининг ажралмас қисми сифатида даволаш-профилактика муассасаларида парҳезли (даволаш ва профилактик) овқатланишни тизимли равишда босқичма-босқич яхшилаб бориш;

- малакали мутахассисларни жалб этган ҳолда клиник, биокимёвий лаборатория ва инструментал тадқиқотлар ўтказиш, аҳолининг бевосита яшаш жойларида профилактик тиббий кўриклар ташкил этиш орқали уларни сурункали ва хавфли касалликлардан профилактика қилиш чора-тадбирларини амалга оширсин.

4. Туман ҳокимининг ўринбосарлари (Э. Кенжаев, Г. Шерматова) туман давлат солиқ инспекцияси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши, халқ таълими бўлими, касб-ҳунар коллежлари, Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши, туман Маънавият ва маърифат бўлинмаси билан биргаликда: 

- туманда соғлом овқатланиш соҳасида кенг тушунтириш ишларини ташкил этиш ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш мақсадида аҳоли орасида соғлом овқатланиш маданиятини оммавийлаштириш жараёнига, жамоат, фан-таълим, санъат арбоблари ва таниқли спорт  усталарини жалб этиш;

- ҳар бир маҳаллада аҳоли орасида, энг аввало, ёшлар орасида соғлом овқатланиш, жисмоний фаоллик, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш соғлиқ учун зарарли оқибатларини тушунтириш ва соғлом турмуш тарзини тарғибот-ташвиқот қилиш;

- алкоголь ва тамаки маҳсулотларини 20 ёшга тўлмаган шахсларга сотиш, таълим, спорт ва диний муассасалардан 500 метрдан кам радиусда жойлашган савдо объектларида реализация қилишга йўл қўймаслик устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш;

- алкоголь ва тамаки маҳсулотлари реализация қилинадиган жойларда уларни 20 ёшга тўлмаган шахсларга реализация қилишга йўл қўйилмаслиги ҳақидаги, шунингдек, алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг инсон соғлиғига салбий таъсири тўғрисидаги огоҳлантирувчи ёзувларни жойлаштириш;

- овқатланиш билан боғлиқ касалликлар тарқалишини камайтиришга йўналтирилган соғлом овқатланиш масалалари бўйича аҳоли учун буклет ва бошқа тарқатма материалларни ишлаб чиқиш ҳамда бу борадаги тадбир ва тушунтириш ишларини оммавий ахборот воситаларида туркум материаллар билан ёритиб бориш вазифаси юклансин.

5. Туман Давлат санитария эпидемиология назорат маркази (А. Содиқов), мактабгача таълим бўлими (Н. Халилова), халқ таълими бўлими (З. Остонов), касб-ҳунар коллежлари (М. Норқулова, Ж. Савриев, Х. Шодиев, Ғ. Эргашев), тиббиёт бирлашмаси (Б. Базаров) бўлимларига:

- таълим муассасаларида соғлом ва хавфсиз овқатланишни ташкил этиш учун санитария қоида, норма ва гигиена нормативлари асосида кунлик ва ҳафталик таомномаларни тузиш, соғлом овқатланишга йўналтирилган овқатланиш рационлари ва маҳсулотлари рўйхатини тасдиқлаш;

- мактабгача таълим, умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ошхоналарида сотилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомлар, шунингдек, уларда фойдаланиладиган технологик жиҳозларнинг санитария қоида, норма ва гигиена нормативларига мослигини, ошхоналар ходимларининг санитария-гигиена тадбирлари, эпидемияга қарши чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва унинг қатъий бажарилишини таъминлаш;

- умумий ўрта таълим муассасаларининг бошланғич синф ўқувчилари ўртасида “Саломатлик”, “Соғлом овқатланиш” каби очиқ дарсларни ташкил этиш орқали ўқувчиларда саломатликнинг қадри ва уни мустаҳкамлаш зарурлиги тўғрисида тасаввур ҳосил қилиш, уларни соғлом ҳаёт тарзи ва тўғри овқатланиш қоидалари билан таништиришга боғлиқ билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш;

- таълим муассасаларида соғлом овқатланишни ташкил этиш юзасидан доимий мониторинг олиб бориш, жумладан, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари ўртасида мунтазам равишда сўровномалар ўтказиб бориш;

- таълим муассасаларида ошхоналарда тайёрланаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомлар сифатини ўрганиш бўйича комиссиялар ишини жонлантириш, бириктирилган ҳамшира, соғлом овқатланишни ташкил этиш масалалари учун масъул ходим ва ўқувчиларнинг ота-оналари таълим муассасаси ошхонасида тайёрланаётган таомлар сифатини доимий равишда ўрганиб бориш ва ўрганиш натижаларини алоҳида юритиладиган махсус журналда қайд этиш;

- мониторинг натижаларини ҳар чоракда мактабгача таълим, халқ таълими, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармалари раҳбарлари ҳузуридаги йиғилишларда ва таълим муассасаларининг педагогик кенгашларида мунтазам равишда муҳокама қилиб боришни таъминласин.

6. Туман Давлат санитария эпидемиология назорат маркази (А. Содиқов), халқ таълими (З. Остонов), мактабгача таълим (Н. Халилова) бўлимлари ҳамда касб-ҳунар коллежлари (М. Норқулова, Ж. Савриев, Х. Шодиев, Ғ. Эргашев)га:

- таълим муассасасидаги ошхоналарда ижарачилар томонидан ўқувчилар учун соғлом овқатланишни ташкил этиш, соғлиқ учун зарарли бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомлар савдосига йўл қўймаслик, озиқ-овқат маҳсулотларининг сифатли сақланишини таъминлаш, таълим муассасасида ижарага олинган ошхонадан фойдаланиш бўйича санитария қоида, норма ва гигиена нормативларига қатъий риоя қилинишини таъминлаш;

- жисмоний ва юридик шахслар томонидан сотилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомлар сифати, таълим муассасаси ошхоналаридаги мавжуд технологик жиҳозларнинг санитария қоида, норма ва гигиена нормативлари ҳамда санитария-гигиена ва эпидемияга қарши тадбирлар бажарилишига риоя қилиш, бу борада назоратни янада кучайтириш чора-тадбирларини кўрсин.

7. Туман “Маҳаллалар кенгаши”, Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши, халқ таълими бўлими, касб-ҳунар коллежлари раҳбарларига:

- таълим муассасаларидаги жисмоний тарбия залларида бепул спорт секциялари ва тўгаракларини ташкил этиш ҳамда уларни кенгайтириш;

- ёшларни жисмонан соғломлаштириш мақсадида маҳалла ёшлари, таълим муассасаси ўқувчилари ўртасида турли спорт мусобақаларини ўтказиш ва унинг натижаларига кўра, уларни мунтазам равишда рағбатлантириш чораларини кўрсин.

8. Халқ депутатлари туман Кенгашининг  Ижтимоий-маданий ривожланиш, ёшлар сиёсати ва соғлом авлодни тарбиялаш масалалари доимий комиссияси (С. Бозорова)га:

тегишли мутасаддиларнинг туманда соғлом овқатланишни ташкил этиш ва аҳолига соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар юзасидан ҳисоботларини олиш ҳамда ҳар чорак якунида маҳалла, Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши, халқ таълими бўлими, касб-ҳунар коллежлари, таълим муассасалари раҳбарлари ва соҳа мутахассислари иштирокида туман Кенгашининг сессиясида танқидий-таҳлилий муҳокама қилиш чораларини таъминласин.

9. Туманда соғлом овқатланишни ташкил этиш ва аҳолига соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳар чорак якуни бўйича туман ҳокимлигига танқидий-таҳлилий ахборот тақдим этиб борилсин.

10. Халқ депутатлари туман Кенгашининг ушбу қарори “Кармана овози” газетасида чоп этилсин ва туман ҳокимлигининг интернетдаги расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.

11. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Э. Кенжаев, туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Г. Шерматова ҳамда халқ депутатлари туман Кенгашининг Ижтимоий-маданий ривожланиш, ёшлар сиёсати ва соғлом авлодни тарбиялаш масалалари доимий комиссияси (С. Бозорова) зиммаларига юклатилсин.

12. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Кенгаш раиси                         Ф. УМАРОВ

2018 йил 18 август, № 53/226