Халқ депутатлари Кармана тумани Кенгаши ҚАРОРИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ Ш.М.МИРЗИЁЕВНИНГ 2017 ЙИЛ 12 ИЮЛДА БЎЛИБ ЎТГАН ВИДЕОСЕЛЕКТОР ЙИҒИЛИШИДАГИ “ПАРЛАМЕНТИМИЗ ҲАҚИҚИЙ ДЕМОКРАТИЯ МАКТАБИГА АЙЛАНИШИ, ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ТАШАББУСКОРИ ВА АСОСИЙ ИЖРОЧИСИ БЎЛИШИ КЕРАК” МАЪРУЗАСИДА БЕЛГИЛАНГАН УСТУВОР ВАЗИФАЛАРНИ АМАЛГА ОШИРИШ ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан ўтказилган видеоселектор йиғилишидаги “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” номли маърузаси мамлакатимиз сиёсий ва ижтимоий ҳаётида тарихий аҳамиятга эга ҳодиса бўлди.

Мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида шиддат билан халқ фаровонлигини таъминлаш йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётган бўлиб, бунда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари, сиёсий партияларнинг роли ва масъулияти ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Давлатимиз раҳбари Ш.М.Мирзиёевнинг ташаббуси асосида барча даражадаги вакиллик органларининг роли ва таъсирини ошириш, маҳаллий ижроия органларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида ҳисобот ва ахборот бериш тартиби йўлга қўйилиб, улар фаолияти устидан таъсирчан депутатлик ва халқ назорати йўлга қўйилмоқда.

Айни пайтда Кармана туманида сиёсий партиялар ва халқ депутатлари Кенгаши фаолиятининг таҳлили улар томонидан ҳудудда мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича қонунчиликда белгиланган ваколат ва имкониятлардан тўлиқ фойдаланмаётганлигини, ҳанузгача туман аҳолиси ҳаётида, фуқаролар онгида мустаҳкам ўрнини эгаллай олмаганлигини кўрсатмоқда. Уларнинг иш услубини тубдан ўзгартиришни, аҳоли билан доимий мулоқотини ва таъсирчан депутатлик назоратини самарали йўлга қўйишни бугунги ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси  Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2017 йил 12 июлда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидаги “Парламентимиз ҳақи­қий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” номли маърузасида (бундан буён матнда Маъруза деб аталади) кўтарилган масалалардан келиб чиқиб, халқ депутатлари туман Кенгаши ва сиёсий партияларнинг ҳудудий ташкилотлари фаолиятидаги мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида халқ депутатлари туман Кенгаши

ҚАРОР  ҚИЛАДИ:

1. Маърузада белгиланган устувор вазифалар ижро учун қабул қилинсин ва уларни амалга оширишда қуйидагилар халқ депутатлари Кармана тумани Кенгаши фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

биринчи - қабул қилинаётган қонунлар, муҳим ижтимоий-сиёсий, иқтисодий аҳамиятга молик давлат ва ҳудудий дастурлар, биринчи навбатда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ижросини сўзсиз таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш, бунинг учун Кенгаш сессияларида маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари мансабдор шахсларининг ҳисобот ва ахборотларини мунтазам равишда эшитиб бориш;

иккинчи - партия гуруҳлари, доимий комиссиялар ва депутатларнинг туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожига дахлдор бўлган долзарб масалаларни ҳал этиш борасидаги ташаббускорлигини ошириш;

учинчи - депутатлар томонидан халқ билан мулоқотлар ва жойлардаги ҳақиқий ҳолатни ўрганиш жараёнида аниқланган, туман даражасида ҳал этилиши керак бўлган муаммоларни ечиш бўйича депутатлик сўровидан кенг фойдаланиш имкониятини кескин кенгайтириш;

тўртинчи - ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда долзарб ҳисобланган қарорлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнига жамоатчиликни кенг жалб қилиш, уларни халқ муҳокамасига қўйиш, бунда ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олиш;

бешинчи - депутатларнинг билим савияларини мустаҳкамлаш мақсадида уларнинг махсус ўқув курсларида билимларини ошириб бориш;

олтинчи - депутатлар томонидан мамлакатимизда олиб борилаётган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий-маданий ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонунлар, Олий Мажлис палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари мазмун-моҳиятини фуқароларга тушунтириш ишларини узлуксиз равишда амалга ошириб бориш;

еттинчи - ёшлар билан ишлаш, оила ва аёллар масаласи бўйича олиб борилаётган ишларнинг самарадорлигини тубдан ошириш, Кенгаш сессияларига фаол ёшларни кенг жалб этиш.

2. Қуйидагилар:

Маърузада белгиланган устувор вазифаларни Кармана туманида амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури (бундан буён матнда Чора-тадбирлар дастури деб юритилади) 1-иловага мувофиқ;

Чора-тадбирлар дастурида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида, са­марали бажарилишини мониторинг ва назорат қилиш бўйича ишчи гуруҳи таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ишчи гуруҳи ҳар чоракда Чора-тадбирлар дастурининг амалга оширилишини муҳокама қилиб бориши ва бу борада юзага келаётган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича Кенгашга таклифлар киритиб бориши белгилансин.

3. Халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳларининг ҳудудий давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, бошқарма ва бўлимлари раҳбарларининг ҳисобот ва ахборотларини Кенгашда эшитиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин ва унинг 2017-2018 йилларга мўлжалланган режаси 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Кенгашдаги партия гуруҳларига:

ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида ўз сиёсий партиялари дастуридан келиб чиққан ҳолда устувор мақсад ва вазифаларни амалга оширишга қаратилган аниқ таклиф ва ташаббусларни илгари суриш;

сайловолди дастурларида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида партия гуруҳлари раҳбарлари ва аъзоларининг ҳар чоракда оммавий ахборот воситалари, жумладан, маҳаллий газета орқали ахборот бериб боришлари;

Кенгаш сессияларида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир йиллик дастурлар, келгуси йилга мўлжалланган маҳаллий бюджет лойиҳаси ва ҳудуд учун муҳим бўлган бошқа дастурларни партиянинг мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда атрофлича муҳокама қилиш, улар бўйича ўз принципиал позициясини билдириш тавсия этилсин.

5. Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатларига:

сайловолди дастурларини тўла ва самарали бажариш учун тизимли равишда аҳоли билан мулоқот ўрнатиш, кўтариладиган муаммоларни ҳал этишда партия гуруҳи ва депутатлар сўрови имкониятларидан кенг фойдаланиш;

ўз дастуридаги вазифалардан келиб чиқиб, давлат бошқаруви органларининг ҳудудий тузилмалари билан тизимли ва доимий ишлашни йўлга қўйиш, уларнинг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириб бориш;

партиялар қошидаги “Ёшлар қанотлари”нинг фаолиятини тубдан кучайтириш, айниқса, уюшмаган ёшлар билан яқиндан, бевосита иш олиб бориш тизимини йўлга қўйиш;

сайловолди дастурларининг тўла ва самарали ижро этилишини таъминлаш учун Кенгашдаги партия гуруҳлари билан тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш;

партиялар сафини билимли, ташкилотчи ва ватанпарвар ёш кадрлар билан тўлдириш учун кадрлар заҳирасини тубдан қайта кўриш, ўз фаолиятида ижобий натижаларга эришган ходимларини давлат хизматига доимий равишда тавсия қилиб бориш;

ҳар чоракда партиянинг ҳудудий кенгашлари ижро аппарати ходимларининг билимларини оширишга қаратилган ўқув семинарлари ўтказиб бориш;

амалга оширилаётган фаолият тўғрисида аҳолини кенг хабардор қилиш мақсадида туман газетаси таҳририяти билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатиши тавсия этилсин.

6. Туман ҳокимининг ўринбосарлари, корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари:

депутатлар ва партия гуруҳларининг сўровларини ўз вақтида, тўлиқ ҳамда сифатли кўриб чиқишда ижро интизомига қатъий риоя этиш;

Кенгаш доимий комиссиялари томонидан ўтказиладиган назорат-таҳлил тадбирлари ва бошқа тадбирларни амалга оширишда уларнинг сўровига биноан малакали мутахассислар билан таъминлаб бориш;

сиёсий партиялар билан ҳар чоракда камида бир марта ҳудудий партия ташкилотларининг сайловолди дастурларини амалга ошириш, долзарб ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишда ўзаро ҳамкорликни амалга ошириш мақсадида учрашувлар ўтказиб бориш амалиётини жорий этишни йўлга қўйсин.

7. Регламент ва депутатлик одоби комиссияси (Т.Халилова):

икки ой муддат ичида Депутатлик одоби қоидалари ва Депутатлар фаолиятини баҳолаш мезонлари ло­йиҳаларини ишлаб чиқсин ва Кенгашга тасдиқлаш учун киритсин;

ҳар йилнинг 15 декабрига қадар Депутатлар фаолиятини баҳолаш мезонлари асосида депутатларнинг ишини таҳлил қилсин ҳамда энг фаол депутатни аниқлаб, рағбатлантириш учун Кенгаш раҳбарига тақдим этсин.

8. Сиёсий партия ташкилотларининг моддий-техник базасини яхшилаш мақсадида ҳудуддаги фойдаланилмаётган бино-иншоотлар хатловдан ўтказилсин ва партияларга ажратилиши таъминласин.

9. “Кармана овози” газетаси таҳририяти давлат корхонаси (Р. Сабуров)га:

бир ой муддат ичида газетада Кенгаш, доимий комиссиялар, партия гуруҳлари ва депутатларнинг ҳамда сиёсий партияларнинг фаолиятини кенг ёритиш мақсадида “Депутатлар минбари”, “Партия гуруҳининг позицияси”, “Кенгаш фаолияти” каби доимий рукнларни ташкил этиш;

тегишлича Кенгаш депутатларининг ўз сайловчилари билан бўладиган учрашувлари жойи ва вақти ҳақидаги ахборотни камида бир ҳафта олдин эълон қилиб бориш;

туман Кенгаши сессиялари, доимий комиссиялар ва партия гуруҳлари мажлисларини, уларда кўрилган масалаларнинг мазмун-моҳиятини, айниқса партия гуруҳлари ўртасида бўладиган партиялараро тортишувларни доимий равишда ёритиб бориш тавсия этилсин.

10. Сиёсий партияларга ўз маблағлари ҳисобидан туман Кенгашида партия гуруҳининг ижрочи котиби лавозимларини жорий этиш тавсия этилсин.

Кенгашдаги партия гуруҳининг ижрочи котиби зиммасига ўз партиясининг дастурий мақсад ва вазифаларини Кенгашда ҳимоя қилинишини ташкил этиш, Кенгашда кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан партия гуруҳининг ягона позициясини ишлаб чиқишга, партия гуруҳи аъзолари  фаолиятини мувофиқлаштиришга кўмаклашиш, партия гуруҳининг иш режалари лойиҳаларини тайёрлаш ва уларнинг ижросини мониторинг қилиш вазифалари юклатилгани маълумот учун қабул қилинсин.

11. Мазкур қарор “Кармана овози” газетасида чоп этилсин ва Кармана тумани ҳокимлигининг веб-сайтига жойлаштирилсин.

12. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш халқ депутатлари Кармана тумани Кенгаши раиси зиммасига юклатилсин.

13. Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Кенгаш раиси            Ф. УМАРОВ

2017 йил 22 августь  № 38/156