Халқ депутатлари Кармана тумани Кенгаши ҚАРОРИ

ТУМАН АҲОЛИСИНИ ВА ИЖТИМОИЙ СОҲА ОБЪЕКТЛАРИНИ КУЗ-ҚИШ ДАВРИДА ИССИҚЛИК ЭНЕРГИЯСИ БИЛАН ТАЪМИНЛАШНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 22 июндаги “Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини  2017/2018 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3079-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида туманда бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.

Унга кўра, 2017/2018 йил­лар куз-қиш даврида туман ҳудудида иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар аниқ белгилаб берилган бўлиб, тумандаги кўп қаватли уй-жойлар ва ижтимоий соҳа объектларини 2017/2018 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлаш бўйича бир қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.

Туман аҳолисини ва ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш даврида иссиқлик энергияси билан таъминлашни янада такомиллаштириш юзасидан аҳолига кўрсатилаётган хизматлар, куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш мақсадида халқ депутатлари туман Кенгаши

ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. Туман аҳолисини ва ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш даврида иссиқлик энергияси билан таъминлашни янада такомиллаштириш юзасидан туман ҳокимининг саноатни ри­вожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Д. Эргашевнинг ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.

2. Туман ҳокимининг ўринбосари (Д.Эргашев)га туман Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими (М.Эгамов), манфаатдор ташкилотлар ва корхоналар билан биргаликда:

бир ҳафта муддатда куз-қиш даврида юзага келган муаммолар ва йўл қўйилган камчиликларни чуқур таҳлил қилган ҳолда коммунал хўжалиги тармоқларининг 2017/2018 йилларда барқарор ишлашини таъминлаш борасидаги тадбирларни ишлаб чиқиб, ижросини таъминлаш;

чекка ва табиий газ билан таъминлаш муаммоси бўлган аҳоли яшаш пунктларида истиқомат қиладиган оилалар кесимида кўмир ёқилғиси ва суюлтирилган газ билан таъминлаш тадбирларини ишлаб чиқиб, бу борадаги шартномаларни расмийлаштириш ишларини ташкил этиш;

ҳудудлардаги мавжуд кўп қаватли уйларнинг техник ҳолатини хатловдан ўтказиш ишларини ташкил этиш ва ўн кун муддатда ҳар бир уйни куз-қиш даврига тайёрлаш бўйича аниқ тадбирларни ишлаб чиқиш;

тумандаги корхона, ташкилот ва муассасалар томонидан куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш тадбирларининг ишлаб чиқилишини таъминлаш вазифалари топширилсин.

3. Туман ҳокимининг ўринбосарлари (Ж.Бобомуродов, Д.Эргашев) маиший хизмат кўрсатиш ва бошқа ишлаб чиқариш объектлари (иссиқхоналар ва бошқалар)ни ўрнатилган тартибда бошқа муқобил энергия воситалари (табиий газдан ташқари)га ўтказилишини таъминлаш ишларига ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатсинлар.

Бунда, 2017/2019 йилларда Кармана тумани ҳудудидаги иссиқхоналарни муқобил энергия тармоғига ўтказиш чораларини кўрсинлар.

4. Туман ҳокимининг ўринбосари (Д.Эргашев), “Карманатумангаз” филиали (А.Эрназаров) ижтимоий соҳа объектларини энергия тежовчи қозонлар ва бошқа замонавий жиҳозлар билан жиҳозланган иссиқхоналарга амалдаги тартиб асосида суюлтирилган газ ва кўмир етказиб бериш чораларини кўрсин.

5. Туман Халқ таълими бўлими (Ю.Туробов), касб-ҳунар коллежлари (Х.Шодиев, М.Норқулова, Ж.Савриев, Ғ.Эргашев, Т.Кенжаев) ва туман тиббиёт бирлашмаси (Б.Базаров)га:

10 кун муддатда ҳудудлардаги ижтимоий соҳа объектларининг иссиқлик тизимини барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида тегишли мутахассислар билан биргаликда қайта кўриб чиқилишини ташкил этиш;

ҳудудларга етказиб берилаётган кўмир маҳсулотларини белгиланган талаб ва нормалар асосида қабул қилиб олиш, сақлаш омборхоналарини мавсумга тайёр ҳолга келтириш ва уларни белгиланган тартибда сифатли сақланишини таъминлаш учун барча зарурий чораларни кўриш вазифалари топширилсин.

6. “Кармана овози” газетаси таҳри­рияти ДК (Р.Сабуров)га мазкур қарорнинг газетада чоп этилишини ва ҳокимликнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилишини таъминлаш топширилсин.

7. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш халқ депутатлари туман Кенгашининг Саноат, транспорт, қурилиш, коммунал хўжалиги масалалари ва аҳолига хизмат кўрсатиш доимий комиссияси (Ш.Носирова) ва туман ҳокимининг ўринбосари (Д.Эргашев) зиммаларига юклатилсин.

Кенгаш раиси              Ф. УМАРОВ

2017 йил 27 октябрь № 41/167