Кармана тумани ҳокимининг ҚАРОРИ
ТУМАНДАГИ ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ВА МЕЛИОРАТИВ ТЕХНИКАНИ, ШУНИНГДЕК МАШИНА-ТРАКТОР ПАРКЛАРИ, УСТАХОНАЛАР ВА СЕРВИС ПУНКТЛАРИНИНГ АСБОБ-УСКУНАЛАРИНИ ТЕХНИК КЎРИКДАН ЎТКАЗИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 6 декабрдаги 345-сонли “Қишлоқ хўжалиги ва мелиоратив техникани, асбоб-ускуналарни ҳисобга олиш ва уларнинг техник ҳолатини назорат қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори (Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 йил, 50-сон, 559-модда, 2016 йил 17-сон, 176-модда) ва Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг 2013 йил 2 апрелдаги 58-сон буйруғи билан тасдиқланган “Қишлоқ хўжалиги ва мелиоратив техникани, шунингдек машина-трактор парклари, устахоналар ва сервис пунктларининг асбоб-ускуналарини техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низом (рўйхат рақами 2452, 25.04.2013 йил, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 йил, 17-сон, 229-модда) ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунининг 6-моддасига асосан
ҚАРОР ҚИЛАМАН:
1. Тумандаги қишлоқ хўжалиги ва мелиоратив техникани, шунингдек машина-трактор парклари, устахоналар ва сервис пунктларининг асбоб-ускуналарини техник кўрикдан ўтказиш иш режаси 1-иловага мувофиқ, техник кўрикдан ўтказиш бўйича туман комиссияси таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. “Давтехназорат” инспексиясининг қишлоқ хўжалиги техникаси бўйича давлат инспектори (Х. Атакулов)га:
техникага мулк ҳуқуқи асосида эга шахслар (мулкдор)га техникаларини техник кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги билдиришномани техник кўрик ўтказиш кунидан камида ўттиз кун олдин юбориш;
техник кўрикдан ўтмаган ёки техник кўрикка тақдим этмаган техникалар юзасидан ёзма кўрсатма бериш;
мулкдор кўрсатмада белгиланган муддатда техникани қайта техник кўрикдан ўтказмаган тақдирда ҳамда қишлоқ хўжалиги мелиоратив техника, асбоб-ускуналардан эҳтиётсизлик билан фойдаланиш, сақлаш, ҳисобдан чиқариш, таъмирлаш, техника хизматлари кўрсатиш ҳолатлари ҳақидаги маълумотларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли чораларни кўриш учун туман ҳокимлигига юбориш;
техник кўрикдан ўтказилганлиги учун йиғим ундирилишида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 6 декабрдаги “Қишлоқ хўжалиги ва мелиоратив техникани, асбоб-ускуналарни ҳисобга олиш ва уларнинг техник ҳолатини назорат қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 345-сон қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг 2013 йил 2 апрелдаги 58-сон буйруғи билан тасдиқланган “Қишлоқ хўжалиги ва мелиоратив техникани, шунингдек машина-трактор парклари, устахоналар ва сервис пунктларининг асбоб-ускуналарини техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низомда белгиланган миқдорларга қатъий риоя қилиш топширилсин.
3. Мазкур қарор “Кармана овози” газетасида расман эълон қилинсин ҳамда туман ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.
4. Ушбу қарор ижросини назорат қилишни ўз зиммамда қолдираман.
5. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Туман ҳокими Ф. УМАРОВ.
2017 йил 24 январь Қ-84