Кармана тумани ҳокимининг ҚАРОРИ
КАРМАНА ТУМАНИНИНГ 2017 ЙИЛГИ МАҲАЛЛИЙ БЮДЖЕТ
ПАРАМЕТРЛАРИНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 99-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 27 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги ПҚ-2699-сонли қарори, (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2016 йил, 601-модда), Навоий вилояти ҳокимининг 2017 йил 10 январдаги “Навоий вилоятининг 2017 йилги маҳаллий бюджети параметрларини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қ-9-сонли қарори, халқ депутатлари Кармана туман Кенгашининг 2016 йил 29 декабрдаги “Кармана туманининг 2017 йилги маҳаллий бюджети параметрлари тўғрисида”ги 27/92-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6, 25-моддалари ҳамда вилоят молия бошқармасининг 2017 йил 11 январдаги 01-01-02-57-сонли хатига асосан
ҚАРОР ҚИЛАМАН:
1. Навоий вилояти ҳокимининг 2017 йил 10 январдаги “Навоий вилоятининг 2017 йилги маҳаллий бюджети параметрларини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қ-9-сонли қарори ҳамда халқ депутатлари Кармана туман Кенгашининг 2016 йил 29 декабрдаги “Кармана туманининг 2017 йилги маҳаллий бюджети параметрлари тўғрисида”ги 27/92-сонли қарорлари ижро учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар:
туманнинг 2017 йилги маҳаллий бюджети асосий параметрлари 1-иловага мувофиқ;
туман маҳаллий бюджетининг 2017 йил даромадлари ва харажатлари ҳажми 2-иловага мувофиқ;
умумдавлат солиқларидан маҳаллий бюджетга ажратмалар меъёри 3-иловага мувофиқ;
туман маҳаллий бюджетининг айланма касса маблағларининг йўл қўйиладиган энг кам миқдорлари 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Бюджетдан маблағ билан таъминланадиган барча ташкилот ва муассаса раҳбарлари бюджет параметрларига киритилмаган тадбирларни амалга оширганликлари, ортиқча харажатларга йўл қўйганликлари ҳамда асоссиз кредитор қарзларни вужудга келтирганликлари учун амалдаги қонунчиликка асосан жавобгардирлар.
4. Мазкур қарор “Кармана овози” газетасида расман эълон қилинсин ва туман ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.
5. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш туман ҳокимининг Иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари зиммасига юклатилсин.
6. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Туман ҳокими Ф. УМАРОВ.
2017 йил 12 январь № Қ-30