Халқ депутатлари Кармана тумани  Кенгаши ҚАРОРИ

ТУМАНДА 2017 ЙИЛДА АҲОЛИ БАНДЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ ҲУДУДИЙ

 ДАСТУРИНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонунининг 15-17-моддалари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 24 июндаги “Аҳолини иш билан таъминлаш дастурини тайёрлаш ва амалга ошириш тартибини тасдиқлаш ҳақида”ги 310-сонли қарори, халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгашининг 2016 йил 28 декабрдаги “Вилоятда 2017 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ҳудудий дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги 22/93-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунининг 6-моддасига асосланиб, халқ депутатлари туман Кенгаши

                     ҚАРОР   ҚИЛАДИ:

1. Туманда 2017 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ҳудудий дастури (кейинги ўринларда – ҳудудий дастур) 1-иловага,  Ҳудудий дастур ижроси ва назоратини амалга ошириш бўйича Ишчи комиссия таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ишчи комиссия аъзолари:

ҳар ойда ҳудудларга чиққан ҳолда Ҳудудий дастур ижросини ўргансин ва таҳлил натижаларини тегишли ташкилотлар иштирокида муҳокама этиб, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли чора-тадбирларни амалга оширсин;

Ҳудудий дастурга киритилган объектларнинг ўз вақтида ишга туширилиши, дастур параметрларининг тўлиқ ва сифатли бажарилиши устидан қатъий назорат ўрнатсин.

3. Туман ҳокими ўринбосари (Содиқов)га:

Ҳудудий дастур ижроси мониторингини юритишда инвестиция, тармоқлар, ҳудудларни, ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳамда бошқа мақсадли дастурлар ижросига алоҳида эътибор қаратиб, 2017 йилда ҳар бир ҳудудда яратилган янги иш ўринлари таҳлилий натижаларини туман ҳокимлигига тақдим этиб бориш;

хусусий тадбиркорлик, кичик бизнес ва хизматлар соҳасини ривожлантириш, уларга қулай шарт-шароитлар яратиб бериш ҳамда соҳада янги иш ўринлари яратиш мақсадида кичик бизнес субъектларининг ташкил этилиши ва фаолият кўрсатиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича мавжуд муаммоларни ҳал этиш;

ишламасдан турган корхоналар фаолиятини қайта тиклаш ҳисобига яратиладиган янги иш ўринларининг ҳисобини юритиш ҳамда назоратга олиш вазифаси топширилсин.

4. Тумандаги тижорат банклари раҳбарлари:

янги иш ўринлари яратишга йўналтирилган кредит ресурслари ҳажмларини, хусусан қишлоқ жойларида хизмат кўрсатиш, сервис объектларини ишга тушириш учун имтиёзли кредитлар ажратиш режа-жадвалини ишлаб чиқиб тасдиқлаш ва тасдиқланган режага мувофиқ кредит маблағларининг белгиланган муддатларда ажратилишини қатъий назоратга олиш ҳамда амалга оширилган ишлар юзасидан ҳар чорак якуни билан туман ҳокимлигига маълумот тақдим этиб бориш тавсия этилсин.

5. Туман давлат солиқ инспекцияси (Самадов):

туман ҳудудида норасмий тарзда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган фуқароларни аниқлаб, уларни қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибда расмийлаштирсин ва янгидан иш ўрни ташкил этиш иштиёқида бўлган фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватласин ҳамда амалга оширилган ишлар юзасидан ҳар чорак якуни билан туман ҳокимлигига маълумот тақдим этиб борсин.

6. Туман Бандликка кўмаклашиш маркази (Шарипова):

Ҳудудий дастурнинг ҳар ойлик тизимли мониторингини ҳудудлар ва тармоқлар кесимида амалга ошириш ҳамда ижроси ҳақида умумлашган маълумотларни туман ҳокимлигига ҳар ойда (ҳисобот ойи якуни билан кейинги ойнинг 10-санасига қадар) киритиб бориш топширилсин. 

7. Туман ҳокимлиги Ташкилий-назорат гуруҳи (Жумаев), туман Бандликка кўмаклашиш маркази (Шарипова) ташкилот ва корхоналар билан биргаликда:

халқ депутатлари туман Кенгаши йиғилишларида Ҳудудий дастур параметрларининг бажарилиши, манзилли дастурга киритилган объектларнинг ишга туширилиши ва белгиланган иш жойларининг яратилишини муҳокама этиб борилишини таъминлаш;

ҳудудларда манфаатдор ташкилотлар раҳбарлари киритилган ишчи гуруҳлари ташкил этилиб, улар зиммасига янги иш жойлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш чораларини кўриш, манзилли дастурга киритилган корхоналарнинг ташкил этилиши ва фаолият юритишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жумладан рўйхатдан ўтказиш, моддий-техника ресурсларидан ва муҳандислик коммуникация тармоқларидан фойдаланиш, дастлабки сармояни шакллантириш ва кредитлар олиш, солиққа тортиш, маҳсулотни сотиш каби муаммоларни аниқлаш ва жойида ҳал этиш чораларини кўриш топширилсин.

8. “Кармана овози” газетаси таҳририяти давлат корхонаси  (Р. Сабуров)га:

мазкур қарорни “Кармана овози” газетасида расман эълон қилинишини таъминлаш ва туман ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштириш вазифаси топширилсин. 

9. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш халқ депутатлари туман Кенгаши доимий комиссияси раислари ва туман ҳокимлиги Бандликка кўмаклашиш маркази директори М. Шарипова зиммаларига юклатилсин.

10. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Сессия раиси       Р. Эгамов

2016 йил 29 декабрь № 27/91