Эркин иқтисодийОлий Мажлис Қонунчилик палатаснинг 2019 йил 26 ноябрда бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида мамлакат иқтисодиётида муҳим аҳамиятга эга бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди. «Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам шулар жумласидан бўлиб, муҳокамалар жараёнида ҳужжат қизғин баҳс-мунозараларига сабаб бўлди. Депутатлар томонидан бир қатор конструктив таклифлар билдирилганидан сўнг қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.
Мазкур қонун лойиҳаси мамлакатимиз инвестициявий жозибадорлигига салбий таъсир кўрсатиб келаётган қатор масалаларни ҳал этиш мақсадида ишлаб чиқилган. Таъкидлаш лозим, 1996 йилда қабул қилинган «Эркин иқтисодий зоналар тўғрисида»ги қонун ва соҳага оид бошқа ҳужжатлар бугунги кун талабларига жавоб бермай қолди. Боз устига соҳага доир муносабатлар қонун ҳужжатлари билан етарли даражада қамраб олинмаган эди.


Яна бир муҳим жиҳат, ҳозиргача эркин иқтисодий зоналар фаолиятини тартибга солувчи 40 дан ортиқ қонуности ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, улар асосан «индивидуаль» характерга эга.
Қолаверса, соҳада қонуности ҳужжатларининг кўплиги ва айрим ҳолларда зарур масалаларнинг ҳал этилмай қолиш хавфининг юқорилиги инвестиция киритишда сармоядорларда салбий фикрларнинг шаклланишига сабаб бўлмоқда.
Шу боис, соҳага доир муносабатларни тўғридан-тўғри ишловчи қонун нормалари билан тартибга солиш, махсус иқтисодий зоналарнинг қонуний асосларини мустаҳкамлаш ва қонуности ҳужжатлари сонини камайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан «Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилди.
Айни пайтда биринчи ўқишда қабул қилинган қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш, сиёсий партиялар фракциялари вакиллари томонидан билдирилган таклиф ва тавсияларни чуқур таҳлил қилган ҳолда лойиҳани такомиллаштириш мақсадида Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси ҳузуридаги ишчи гуруҳ фаолият олиб бормоқда. Унинг таркибига депутатлар. мутахассислар ва экспертлар жалб қилинди. Ишчи гуруҳ йиғилишида махсус иқтисодий зона ташкил этиш, тугатиш, фаолият юритиш муддатини узайтириш тартибларини соддалаштириш бўйича ялпи мажлисда депутатлар томонидан билдирилган таклиф кўриб чиқилмоқда.
Шу билан бирга, қонун лойиҳасидаги махсус иқтисодий зоналарнинг турлари, махсус иқтисодий зона иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, улар ҳуқуқларининг кафолатлари билан боғлиқ нормаларни такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Маълумки, парламент қуйи палатасининг 26 ноябрь куни бўлиб ўтган мажлисида янги таҳрирдаги Солиқ кодекси ҳам биринчи ўқишда қабул қилинди. Шу муносабат билан ишчи гуруҳ томонидан қонун нормаларининг ўзаро мувофиқлигини таъминлаш мақсадида, Солиқ кодекси лойиҳаси устида иш олиб бораётган ишчи гуруҳ билан ҳамкорликда «Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг 36-моддасида қайд этилган махсус иқтисодий зона иштирокчилари (инвесторлар) учун солиқлар, божхона ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзларни қайта кўриб чиқиш режалаштирилган.

Беҳзод СУЛТОНОВ,
Саноат, қурилиш ва
савдо масалалари