2018 йилда 345 нафар, 2019 йилда эса 491 нафар тумандошимиз ҳайвонлардан жароҳат олиб, тиббий ёрдамга мурожаат қилишган. Ўтган йили мурожаат қилганларнинг 60 нафари қаровсиз, дайди ҳайвонлардан, 431 нафари эса эгаси маълум бўлган ҳайвонлардан жароҳатланишган.
Туман ободонлаштириш бошқармаси таркибида “Ит овлаш гуруҳи” ташкил қилинган бўлиб, улар белгиланган режа асосида туманимиздаги маҳаллаларда қаровсиз ит-мушукларни йўқотиш ишлари билан шуғулланиб келмоқда.
Бироқ юқоридаги рақамлар ҳам тасдиқлаб турибдики, кўплаб фуқароларимиз ит сақлаш қоидаларини яхши билишмайди ва мавжуд талабларга риоя қилишмайди.
Яқинда туман фавқулодда вазиятлар бўлими, тиббиёт бирлашмаси, сантария эпидемиологик осойишталик маркази, ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими, туман ободончилик бошқармаси ҳамда тумандаги барча маҳалла фуқаро йиғинлари ходимлари иштирокида кўргазмали семинар машғулоти ўтказилди. Жараёнда иштирокчиларга қутуриш касаллигининг оқибатлари, хонадонда ҳайвон сақлаш тартиблари хусусида маълумотлар берилди.
Шу ўринда фуқароларимизга яна бир бор қуйидаги талабларни эслатиб ўтмоқчимиз:
- итни доимо боғланган ҳолда сақланг, кўчага олиб чиқилганда тумшуқ тасмасини тақинг, тунда кўчага чиқариб юборманг ва кўчада қаровсиз қолиши ҳамда ёввойи ҳайвонлар билан мулоқотда бўлишининг олдини олинг;
- фарзандларингизни қаровсиз қолган ва бегона итлар билан ўйнашига ҳамда уларни уйга олиб келишига йўл қўйманг; - итни ўз вақтида ҳудудий ветеринария бўлимларига олиб бориб, рўйхатдан ўтказинг, уни ҳар йили ветеринария кўригидан ўтказиб туриш ва қутуришга қарши эмлатишни унутманг. Ҳайвон тишлаганда ёки сўлаги тери ва шиллиқ қаватга тушганида жароҳатланган жойни шу заҳоти хўжалик совуни билан ювиб, зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш зарур. Жароҳат етказган ит ва бошқа уй ҳайвонларни ўлдирманг. Аксинча, уни алоҳида хонага вақтинча қамаб қўйиб, дарҳол бу ҳақида жойлардаги ветеринария врачига хабар бериш лозим.
Бир сўз билан айтганда, мени ит тишламайди, деган фикрдан йироқ бўлинг ва ҳайвон сақлашда эътиборни кучайтиринг. Кўза кунда эмас, кунида синишини унутманг.


Абдумажид ЭРДАНОВ,
Кармана туман санитария эпидемиологик
осойишталик маркази эпидемиологи.

Манба: "Karmana ovozi" газетаси
18.02.2020 йил